Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилмоқдалар
Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилмоқдалар
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 17 февраль куни Тошкентга ташриф билан келган Америка Қўшма Штатлари Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Дэвид Петреус билан Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг истиқболларини муҳокама қилиб олди.
Ушбу музокаралар маҳаллий оммавий ахборот воситаларида жуда оз ёритилди. Улар фақат томонларнинг «фикр алмашганларини» маълум қилдилар, холос. Аммо минтақавий ва Россиядаги оммавий ахборот воситалари Вашингтон Тошкентни ҳарбий базаларини жойлаштириш учун муқобил майдонча сифатида кўриб чиқаётганини тахмин қилдилар.
Тахминлар аввалига НАТОнинг Қирғизистон ҳудудидаги ҳарбий ҳаво базасини чиқариб юбориш тўғрисидаги баёнотлар ва ундан сўнг 19 февраль куни Қирғизистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги «Манас» аэропорти ҳудудида «Ганси» ҳаво базасини жойлаштириш тўғрисидаги шартноманинг денонсация қилиниши қабатида янгради. Ушбу ҳаво базаси Афғонистонда халқаро коалиция кучлари томонидан ҳарбий операцияларни қўллаш учун 2001 йил декабрь ойида дислокация қилинганди.
Қирғизистон парламенти томонидан ушбу шартноманинг денонсация қилиниши, юридик жиҳатдан ҳарбий базани мамлакатдан чиқариб юборилишини англатади.
Баъзи кузатувчилар ҳарбий база энди Ўзбекистонга кўчирилиши мумкинлиги тўғрисида тахмин қила бошладилар. Америка Қўшма Штатларининг бу мамлакат билан олдин ҳам ҳарбий ҳамкорлик тажрибаси бор бўлган. АҚШ 2001 йилдан 2005 йилгача мамлакатнинг жануби-шарқида жойлашган Қарши шаҳри ёнидаги «Хонобод» ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланган эди.
Америка Қўшма Штатлари 2005 йилда ҳукумат қўшинлари томонидан Андижондаги тинч намойиш иштирокчиларини ўққа тутганлари ва оқибатда юзлаб одамлар ҳалок бўлганини танқид қилганидан кейин Ўзбекистон расмийларининг талабига мувофиқ ҳарбий контингент мамлакатдан чиқариб юборилган эди.
Айни пайтда фақат Германиянинг ҳарбий ҳаво кучларигина Афғонистондаги халқаро оперция доирасида мамлакатнинг жанубида жойлашган Термиз шаҳридаги бошқа ҳарбий аэродромдан оралиқ база сифатида фойдаланишда давом этмоқда.
NBCA экспертларининг кўрсатишича, Ўзбекистон расмийлари Ғарб билан ҳарбий соҳада тўла кўламли ҳамкорликни қайта тиклашга уринмоқдалар.
Биринчи навбатда бу интилиш ҳарбий объектларни ижарага беришдан иқтисодий фойда олиш истаги билан боғлиқ. Мисол учун, Ўзбекистон чет эллик ҳарбийларни 2001 йилда Қарши-Хонобод аэродромида дислокацияси учун йилига икки миллион доллардан олиб келган эди. Ҳозир бу нарх юз баробарига ортиб кетиши мумкин.
«Ижара тўлов пули Ўзбекистоннинг касалланган иқтисодиёти учун жуда ҳам зарур. Каримов Ғарб ҳарбий аэродромлар ва бошқа инфратузилмалардан фойдаланиш тўғрисидаги таклифларни беришини кутиб турибди», - дея қайд этади муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати дунё ҳамжамиятининг кўз олдида изоляция йиллари давомида бузилган обрўсини тиклаб олмоқчи.
Бу нарса ўтган йили ҳам сезилган эди. Ўшанда Каримов НАТОнинг Бухарест шаҳридаги апрель ойида бўлиб ўтган саммитига бориб келган ва Афғонистондаги аҳволни тартибга солиш бўйича ташаббус билан чиққанди.
Аммо бошқа экспертлар 2005 йилда америкаликларнинг Қарши-Хонобод ҳарбий базасидан ҳайдалишидан сўнг чет эллик ҳарбийларнинг аввалги мақомда мамлакатга қайтиш эҳтимоли йўқ даражада дея тахмин қилишмоқда.
«Каримов ишончни йўқотган ҳамкор саналади, аввалига мамлакатга киритади, кейин бўлса ҳайдаб чиқаради», - дея қайд этади Ўзбекистон бўйича таҳлилчилардан бири.
Тошкентлик шарҳловчининг ўйлашича, генерал Петреуснинг ташрифи ҳарбий соҳа бўйича ҳамкорликни қайта тиклаш борасида Каримовнинг кайфиятини «ўрганиб чиқиш» мақсадида амалга оширилган, холос.
Аммо мамлакат ҳудудида жозибадор ҳарбий объектларнинг мавжудлиги, АҚШ ва Ғарбга нисбатан хайрихоҳлик кайфиятининг ҳукмронлигини эътиборга олган ҳолда Тошкент Ғарб ҳарбийларининг диққат эътиборидан қуруқ қолмайди дея умид қилишга асос бўлади.
«Кўринишдан, Ўзбекистон энг яқин кунлар ичида Термездаги ҳарбий базадаги ҳарбий контингентнинг кенгайтирилишига ижозат бериши эҳтимоли мавжуд, - дея давом этади шарҳловчи. – Айниқса бу ноҳарбий ва гуманитар юкларнинг транзити учун долзарб масала саналади».
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)