Ўзбекистон: Журналист ғойиб бўлганидан кейинги хавотирлар
Сергей Наумов махфий хизмат томонидан ушлаб кетилган бўлиши мумкин, дея тахмин қилади етакчи ҳуқуқ фаоли.
Ўзбекистон: Журналист ғойиб бўлганидан кейинги хавотирлар
Сергей Наумов махфий хизмат томонидан ушлаб кетилган бўлиши мумкин, дея тахмин қилади етакчи ҳуқуқ фаоли.
Журналист Сергей Наумов Ўзбекистондаги полиция маҳкамасидан нари бедарак йўқолганидан олти кун ўтган бир кезда унинг хавфсизлиги юзасидан жиддий хавотир мавжуд, чунки бу йўсинда йўқолган маҳбуслар, одатда, аёвсиз муносабатга дучор қилинадилар.
Инсон ҳуқуқлари ва экология масалалари бўйича мақолалар ёзиб келган Наумов 21 сентябрь куни мамлакат шимолий-ғарбида жойлашган Урганч шаҳридаги ўз уйида ҳибсга олинганди. Аввал у милиция бўлимига, сўнг эса судга олиб келинган ва судда унга кўчада гўё аёл кишига тегажоқлик қилган учун 12 кунлик ҳибс шаклида жазо тайин қилинган. Судда у ўзига қўйилган айбловларни кескин рад қилган. Унга адвокат берилмаган.
Ҳукм чиққач, журналист вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилиши керак эди, чунки у жиноят содир қилгани учун эмас, балки маъмурий қонунбузарлик учун судланганди. Аммо полиция, прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари адвокатлар ва бошқаларга Наумов ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтиб келганлар.
“Бизнинг рўйхатда бунақа одам йўқ”, - деди 25 сентябрь куни телефон орқали IWPRга Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси вакили.
Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциациясининг раҳбари Надежда Атаева журналистнинг ғойиб бўлиш ҳодисаси юзасидан жиддий шуғулланмоқда. IWPR ундан Ўзбекистонда ҳибсга олинганлар дараксиз йўқолган пайтда улар нималарга рўбарў келиши мумкинлиги ҳақида сўради.
Суд қарорига кўра, Наумов 21 сентябрдан эътиборан ҳибсда 12 кун сақланиши лозим. Аммо Урганчдаги полиция, прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати бир неча кундан бери кўпчиликка ўзларининг рўйхатида бундай киши йўқлигини айтмоқда, ваҳоланки, орадан 5 кун ўтди, бу орада рўйхатлар янгиланди. Бу нимадан дарак беради? Сизнингча, у қаерда бўлиши мумкин?
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳбуснинг сақланиш жойини сир сақлаётган бўлса, демак, улар ундан ўзи ва ҳамкасбларига қарши кўрсатма олишга уринаётган бўлишлари мумкин.
Улар кишини ўзи билан нималар содир бўлаётганини тушунмай қолиши ва ўзини яхши ҳимоя қила олмай учун унинг қадр-қимматини таҳқирлайдиган шароитда сақлашади. Асоссиз тутиб кетишлар қурбонларининг айтиб беришларича, уларни бир неча кунга уйқудан маҳрум қилишади, озиқ-овқат, иссиқ сув ва ичимлик суви, ҳожатхонага кириш ва бошқа нарсалардан чеклашади.
Бизга маълум бўлишича, дастлабки уч кун давомида Наумов Хоразм вилояти Урганч шаҳри Ички ишлар бошқармаси вақтинчалик сақлаш изоляторида бўлган. У ерда маъмурий қонунбузарлик содир этган уйсизларни сақланади. Аммо ўша кунлари унинг адвокатига ҳимояси остидаги инсон билан учрашишга йўл беришмади ва унинг вақтинчалик сақлаш изоляторида эканини ҳам тасдиқлашгани йўқ. Ҳозир унинг қаерда экани эса номаълум.
Мен Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари уни ўзларини қизиқтирган барча саволлар бўйича сўроқ қилиш фурсатидан фойдаланишмоқда, деб ўйлайман.
Уларнинг сўроқ қилиш усуллари эса ҳар хил. Қамоқда 4 йил сақланган ва 2009 йили озодликка чиққан [мухолифатдаги “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясининг раиси] Санжар Умаровга психотроп моддаларни қўллашган. [Ўн йилга қамалган таниқли ҳуқуқ фаоли] Аъзам Турғуновнинг устидан қайноқ сув қуйишган. Уларнинг иккаласи ҳам тиббий ёрдамдан маҳрум қилинган. Бунақа мисоллар кўп.
Сизнинг асосий хавотирингиз нимада?
Сергей Наумов қийноқларга тенглаштирилган шароитда сақланаётган бўлиш эҳтимоли катта.
Бундан ташқари, аниқ биламизки, унинг буйраги касал ва кўзи яхши кўрмайди. Унга вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги ёки бунинг рад этилиши унинг соғлиғига жиддий зарар етказиши мумкин.
Ҳибсда сақлашнинг ижтимоий-маиший шароитлари ҳам мақбул эмас. Деярли ҳамма камераларда яшаш учун белгиланган ҳудуд овқатланиш столи ва унитаздан ажратилмаган, душни аҳён-аҳёнда қабул қилиш мумкин, у ҳам бўлса ҳамма ерда эмас, кўп камералар яхши шамоллатилмайди ёки умуман шамоллатилмайди, маҳбусларни сайр қилдиришмайди – буларнинг барчаси одатий ҳолга айланган.
Боз устига, Ўзбекистонда силга чалинган ва соғлом маҳбусларни бир хонада сақлаш амалиёти одатдаги ҳол бўлиб қолган, ҳалигача ҳибсхона ва қамоқхоналарда бир марта ишлатиладиган шприцлар етишмайди. Фуқароларни бундай шароитда сақлаш ғайриинсоний ҳисобланади ва инсон қадрини ерга уради.
Ўзбекистонда ҳибсхонада ёмон шароитда сақланганлик учун товон пули тўланмайди, шунинг учун бундай шароитдан режим танқидчиларининг адабини бериб қўйиш учун кенг фойдаланадиган бўлишди.
Сиз ҳибсга олиш ва тутиб туриш қонуннинг бир қанча моддаларини бузганлигини айтаяпсиз. Сиз қандай қонунбузарликлар бўлгани ва улар нима учун муҳимлигини айтиб бера оласизми?
Сергей – ўқимишли инсон, мен аминманки, у ўз ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, қариндошлари ва яқинларини ўзи сақланаётган жой ҳақида хабардор қилишга уринган, аммо уни бу ҳуқуқдан маҳрум қилишган.
Бундан ташқари, агар Наумов ва “жабрланган” аёл [Дилором] Матёқубова соат 16:00 да кўчада тўқнаш келганини ҳисобга олсак, аризаси бўйича текширув бир соатдан камроқ вақт ичида ўтказилган, соат 18:00 да эса ҳуқуқ-тартибот идоралари Наумовнинг уйига келиб, уни олиб кетишган. Сергей Наумов бундай вақт оралиғида ўзбек тилида ўзига қарши очилган иш билан танишиб чиқишга улгурганми? Айтиш керакки, Сергей ўзбек тилидаги ҳуқуқий терминологияни тушунмайди. Воқеа содир бўлган жойни ўрганиш объектив тарзда ўтказилганмикин? Менимча, йўқ. Наумовга ўз ҳимояси учун ҳаракат қилишига имкон беришдимикин? Бундай бўлиши эҳтимолдан жуда узоқ. Сергей Наумовнинг тутиб кетилган пайтидан бошлаб адвокати бўлганми? Йўқ!
Ҳатто суд қароридан ҳам кўриниб турибдики, судда томонлар тенглиги принципи бузилган. Суд жараёни адвокатсиз ва ўзбек тилида олиб борилган. Наумовнинг таржимони бўлган, аммо у давлат томонидан берилган. Давлат таржимони ўз мажбуриятларини виждонан бажарганини ким ишонч билан айта олади?
Суд воқеа гувоҳларининг фикрига таянмоқда, аммо суд қарорида уларнинг исмлари ва кўрсатмалар мазмуни келтирилмаган. Биздаги маълумотларга кўра, Сергей Наумовнинг икки аёл қўшниси унинг фойдасига ариза ёзиб беришган, аммо суд бу ҳақда лом-мим демаган; улар суд мажлисида иштирок этишмаган.
Даставвал Сергейни “жабрланган” Матёқубованинг бўйнидан тилла занжирни юлиб олганликда айблашга уринишган. Ўғрилик бўйича версия ўтмагач эса, “жабрланган” аёл Сергей Наумовни гўё жамоат жойида кўкрагидан ушлаганликда ва жамоат тартибини бузган ҳолда, уни ҳақорат қилганликда айблаган. Сергей Наумовни билган ҳар бир киши унинг ўқимишли ва эс-ҳуши жойида бўлган одам эканини ва аёл кишига ҳатто овоз кўтариб гапирмаслигини ҳам тасдиқлаши мумкин.
Аминманки, Сергей Наумов аввал-бошданоқ ўзига нисбатан айблов уйдирилаётганини тушунган. Устига устак, бу воқеалардан бир неча кун аввал уни, агар “ўз ишларини” тўхтатмаса, яъни долзарб ижтимоий муаммоларга қизиқиш билдиришни бас қилмаса, ёмон бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантиришган.
Унга кўп йиллардан буён ҳибс билан таҳдид қилишади. Махсус хизмат ходимлари унга: “Россиянгга жўна”, дейишади. У эса Хоразмда туғилган, Ўзбекистонда яшашни истайди, мамлакатдаги вазият юзасидан ўз фикрига эга ва буни яширмайди. Оқибати эса бундоқ бўлиб турибди.
Наумов билан боғлиқ воқеа соат 16да содир бўлган. Соат 18 га келиб эса милицияга шикоят аризаси келиб тушган, уни ички ишлар бўлимига олиб кетишган, суд унинг ҳибсга олиниши ҳақида қарор чиқарган. Бу анча тезкорлик билан амалга оширилган иш, айниқса унинг шанба оқшомида содир бўлаётганини ҳисобга олсак. Бу нимадан далолат беради?
Бу журналистни иҳоталаш мақсадида қилинган аввалдан режалаштирилган провокация эканидан далолат беради.
Сиёсий сабаблар туфайли таъқиб қилинаётган барча фаолларни ҳибсга олиш ва ўғирлаб кетиш ҳолатлари, одатда, жума куни соат 17 дан кейин ёки байрам арафасида амалга оширилади. Дам олиш ва байрам кунлари халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ва демократик мамлакатлар элчихоналари ишламайди. Сўроқ қилувчилар бу вақтдан ёлғон кўрсатмалар олиш учун фойдаланишади.
Суд Сергей Наумовни Ўзбекистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича айбдор, деб топди. Бу моддага кўра, кишига ё жарима солинади, ёки у 15 суткага қамоққа олинади. Сергейни 12 кунга озодликдан маҳрум қилишди.
Бу муддат ичида унга нисбатан жиддийроқ айблов билдириш учун ундан ўзига қарши кўрсатма олишга ҳаракат қилишади шекилли.
Шуниси аниқки, расмийлар Сергей Наумовнинг мамлакатда қолишини исташмаяпти.
Ташкилотингиз Наумов ишидаги иштироки нимадан иборат?
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ташкилотимизнинг миссияси жамоатчилик ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларини давлат ўз фуқароларининг конституциявий ҳуқуқларини ўзи ратификация қилган Хельсинки шартномаларига нечоғли риоя қилган ҳолда ҳимоя қилаётганидан хабардор қилишдан иборат.
Сергей Наумовнинг иши БМТнинг асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи эътиборига лойиқ, чунки 21 сентябрдан эътиборан унинг қаерда сақланаётгани маълум эмас. Унинг ёнига адвокатни киритишмаяпти, бу фактни судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича БМТнинг махсус ҳисоботчисига етказиш муҳим.
Наумовнинг қаерда тутиб турилгани номаълум, бироқ Ўзбекистонда маҳбусларни мунтазам равишда қийноққа солаётганлари ва деярли қийноққа тенглаштирилган шароитларда сақлаётганлари маълум. Шунинг учун биз қийноқлар ва бошқа аёвсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини ерга урувчи муносабатлар масаласи бўйича махсус ҳисоботчига ҳам мурожаат қилдик. Сергейни кўп йиллардан буён ўз фикрини очиқ ифодалагани ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мониторингда иштирок этгани учун таъқиб қилиб келишади, шунинг учун биз БМТнинг фикр эркинлигини рағбатлантириш ва уни ҳимоя қилиш масаласи бўйича махсус ҳисоботчиси ҳамда БМТ Бош котибининг ҳуқуқ ҳимоячилари вазияти масаласи бўйича махсус вакилига маълумот юбордик.
Улардан ҳар бирининг мандати Сергей Наумов ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши масаласида хавотир изҳор қилиб, Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиш ва Ўзбекистонга унинг мажбуриятларини эслатиш имконини беради.
Биз жамоатчилик ва халқаро кузатувчиларни Сергей Наумов иши ва умуман Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан хабардор қилишда давом этамиз. Бу муҳим, чунки бунақа вазиятда жамоатчилик қўллови ҳатто диктаторлик режимига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Сергей Наумовни қўллаб-қувватлаш орқали биз ҳақсизликка қарши туриб, адолатни ҳимоя қиламиз.
Интервьюни IWPRнинг Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича Бишкекдаги катта муҳаррири Инга Сикорская ўтказди.