Ўзбекистонда «2000 дан зиёд сиёсий маҳбус бор»

Ўзбекистонда «2000 дан зиёд сиёсий маҳбус бор»

Nadezhda Ataeva, head of the Human Rights Association in Central Asia. (Photo courtesy of N. Ataeva)
Nadezhda Ataeva, head of the Human Rights Association in Central Asia. (Photo courtesy of N. Ataeva)

22 ноябрь куни етакчи халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти бўлган Хьюман райтс вотч Марказий Осиёга ой охирида ташриф билан келаётган Европа Иттифоқининг юқори лавозимли расмийси Кэтрин Эштонни минтақа мамлакатларидан ўз фаолияти туфайли ноқонуний қамалган ва маҳаллий қамоқхоналарда азоб чекаётган фаолларни озод этишни талаб қилишга чақирди.

HRW чақириғига қўшилган Францияда фаолият юритувчи «Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева NBCAга берган интервьюсида Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбуслар аҳволи ҳақида сўзлаб берди.

NBCA: Сиздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қанча сиёсий маҳбус бор, энг узоқ жазо муддатини ўтаётганлар кимлар?

Надежда Атаева: Сиёсий маҳбуслар сони ҳақидаги маълумот ёпиқ маълумотдир. Ҳукумат муассасаси бўлган Жазони ўташ бош бошқармаси МХХнинг махсус бўлими томонидан назорат қилинади… Ҳуқуқ фаолларида 2000 дан зиёд сиёсий маҳбус ҳақида маълумотлар бор.

Жазо муҳлатига муддат қўшиб берилган маҳбуслар статистикада қайд этилмаган. Сиёсий ёки диний мотивлар билан таъқиб қилинаётганларни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-3-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси Президентини матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳақорат қилганлик ёки унга туҳмат қилганлик”), 159-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилганлик”) ёки 244-2-моддаси (“Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузганлик, раҳбарлик қилганлик ва улар фаолиятида иштирок этганлик”) бўйича судлашади ва 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишади.

NBCA: Яқинда таниқли сиёсий маҳбус, соғлиғи шу кунда ёмон бўлиб турган ва қамоқ муддати шу ойда тугаган [изоҳ - 1994 йили 12 йилга қамалган] Мурод Жўраевга навбатдаги айблов қўйилгани маълум бўлди…

Атаева: Ҳа, шу йилнинг 13 ноябрь куни унинг тўртинчи қамоқ муддати тугади, бироқ уни яна озодликка чиқармадилар. 10 октябрдан 22 октябргача у интизомий қонунбузарлик учун Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри яқинида жойлашган УЯ 64/45 қамоқхонаси жазо изоляторида бўлган.

Мурод Жўраевнинг адвокатлари 18 йилдан буён бу жиноий иш материалини ололмаяптилар. Афтидан, бу у ерда Жўраевнинг айби исботланмагани билан боғлиқ бўлса керак.

1995 йили Мурод Жўраевнинг жазо муддатини уч йилга қисқартирган эдилар. 2003 йили, яъни 9 йилдан кейин у озодликка чиқиши лозим эди, бироқ у бўйсунмаганлик учун яна 3 йиллик жазо муддати олган… 2006 йили Мурод Жўраевни сабзини яхши артмагани ва пахтали камзулни иссиқлик манбаига яқин осиб қўйгани учун яна 3 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилганлар. Бу ҳукмни чиқарган шахсларни ҳодиса ҳаво ҳарорати +45° даражага етган ёз мавсумида содир бўлгани ҳам ҳижолатга солмаган.

NBCA: Сиёсий маҳбусларнинг оилалари қандай кун кечираяпти?

Атаева: Улар системали дискриминацияга дучор қилинаяпти. Сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг болаларини уларнинг отаси «халқ душмани» бўлгани учун ишга қабул қилмаяптилар… Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси («конституциявий тузумга тажовуз қилганлик») билан судланганларнинг қариндошлари нақадар қийналаётганига оид мисоллар кўп. Уларнинг фарзандлари омма таъна-дашноми остида кун кечирмоқда.

Собиқ сиёсий маҳбуса Гулбаҳор Тўраеванинг тақдири ҳам мисол қилиб келтиришга лойиқ. Кўплаб халқаро ташкилотлар саъй-ҳаракати билан уни озод қилишга эришилганди, бироқ ўтган йиллар ичида МХХнинг яширин буйруғига кўра тўрт боланинг (улардан уч нафари кичик ёшдаги болалардир) онаси бўлган бу аёлни ҳеч қаерга ишга олмаяптилар. Баёнотларидан бирида Тўраева қўшнилар у билан гаплашишга қўрқаётганини, бу нарса унинг болаларига ҳам дахлдорлигини ёзади. Унинг Андижон фожеаси содир бўлган дастлабки кунларда ўқотар қуролдан олган жароҳати туфайли ҳалок бўлган 500 га яқин одамнинг жасадини кўргани ҳақида журналистларга очиқ айтганини кечира олишмаган.

NBCA: Нима учун Ўзбекистон расмийлари билан учрашувлар чоғида сиёсий маҳбусларни озод қилиш чақириқлари борган сари камроқ янграяпти?

Атаева: 2009 йилдан кейин Европа Иттифоқининг Ўзбекистон расмийлари билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсий мулоқоти расмиятчилик учунгина олиб борилаяпти. Бу ўта оғриқли мавзудир. Шунинг учун ҳам Европа Иттифоқи ва АҚШ Давлат департаменти сиёсий маҳбуслар рўйхатига Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Мурод Жўраев, «Эрк» газетаси муҳаррири Муҳаммад Бекжон ва ёзувчи Мамадали Маҳмудовлар киритилмаган. Уларнинг номлари тилга олиниши Ислом Каримовни ўта ғазаблантиради ва бу дипломатлар учун ноқулай мавзуга айланган.

Ҳар йили Ўзбекистон расмийлари Европа Иттифоқи ва АҚШ олқишлари остида 2-3 сиёсий маҳбусни озод қилаяпти, аммо ундан анча кўп диссидентни қамоққа тиқмоқда.

Ўзбекистон янги қонунлар қабул қилинаётгани ҳақида баралла ҳисоботлар бераяпти, жимжимадор миллий дастурларни тақдим қилаяпти, бироқ мажбуриятларни бажариш бўйича натижа кўринмаяпти.

АҚШ Давлат департаментининг сўнгги ҳисоботига Ўзбекистонда 27 нафар сиёсий маҳбус борлиги келтирилган, ваҳоланки, ҳуқуқ фаоллари 2000 дан зиёд сиёсий маҳбус борлиги ҳақида персонал маълумотга эга. Бироқ бу ҳам реал миқдордан йўқ деганда уч баробар камдир.

Европа Иттифоқи ва АҚШ ўз хулосаларида Тошкент бажариши лозим бўлган мажбуриятлар натижасига эмас, балки Ўзбекистон ҳукумати томонидан тақдим этилган қандайдир ижобий ўзгаришлар ҳақидаги жимжимадор режаларга таянишда давом этаркан, реал ўзгаришларни кутиш гўллик бўлади.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

Uzbekistan
Human rights
Frontline Updates
Support local journalists