Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Нодавлат ташкилотларининг сони кескин тарзда қисқармоқда

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Нодавлат ташкилотларининг сони кескин тарзда қисқармоқда

Tuesday, 8 July, 2008
NBCA шарҳловчиларига кўра, Ўзбекистонда нодавлат ташкилотларини тугатиш жараёни бундан кейин ҳам давом этади.



26 июнь куни “Ўзбекистон Фуқаролик Жамияти” электрон ахборот бюллетени республикада бир қатор нодавлат ташкилотларининг ёпилгани ҳақида хабар берди. Бу ташкилотлар қаторидан Психиатр ва наркологлар ассоциацияси, Қиличбозлар федерацияси, “Семурғ” Халқаро хайрия жамғармаси, Айкибудо федерацияси, “Child Vision” Ижтимоий ночор болаларга кўмак бериш маркази, Халқаро ижодий ташкилот, шунингдек, бир қатор турар-жой эгаларининг ширкатлари ҳам ўрин олган.

Мазкур тизимлар ёпилишининг расмий сабаблари маълум қилинмаган.



Бир неча кун ўтиб Ўзбекистондаги молия-иқтисодий ширкатларида бухгалтерия ҳисоботи лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланиб келган Америка Қўшма Штатлари Прагма (Pragma) ташкилотининг вакиллари ҳам ташкилотнинг тугатилаётгани ҳақида маълум қилдилар.



Ўзбекистон қонунчилигига кўра, республика адлия вазирлиги ўз вақтида тақдим этилмаган сифатсиз хисобот, ташкилот низомига мос келмаган фаолият ва санитар меъёрлари талабларининг бузилиши учун нодавлат ташкилоти фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкин.



Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда иқтисодиёт, маданият, гуманитар ва ижтимоий соҳаларда фаолият кўрсатаётган беш мингдан зиёд нодавлат ва нотижорат ташкилотлари мавжуд. Бу ташкилотларнинг бир қисми чет эллик донорлар томонидан молиялаштирилади, бошқалари эса Ўзбекистон Нодавлат ва Нотижорат Ташкилотлари Миллий Ассоциацияси (Ўз ННТМА) томонидан ажратилган грантлар ҳисобига фаолият юритадилар.



Республикада Нодавлат ташкилотларининг ёпилиш жараёни 2005 йил май ойидаги Андижон воқеаларидан сўнг фаоллашиб қолди.



Экспертлар сўнгги пайтларда мамлакатда фуқаролик жамиятига расмийларнинг босими кучайиб бораётганига кўрсатмоқдалар.



“Кўринишидан, 2007 йил президентлик сайловлари ҳамда Европа Иттифоқининг Андижон бўйича санкцияларни бекор қилганидан кейин , расмийларнинг кўзлари очилиб қолганга ўхшайди. Улар ҳуқуқ ҳимоячиларига ва фуқаролик фаолларига қарши синалган услублар билан курашни яна қайта бошладилар”, - дея тахмин қилади Ўзбекистон бўйича NBCA шарҳловчиларидан бири.



Бошқа шарҳловчиларнинг қайд этишларича, нодавлат ташкилотларининг аксарияти ўзларидан қўрқиб қолганларидан фаолиятларини тугатмоқдалар. Негаки, давлат уларнинг тимсолида ўзига нисбатан ғоявий таҳдид нишоналарини кўрмоқда.



“Таҳдид дея масалан, Pragma ёки Child Vision каби баъзи бир нодавлат ташкилотларининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштирилишини айтиш мумкин”, - дейди Самарқанддаги ҳуқуқ ҳимоя қилиш марказининг раиси.



Аммо, уларнинг баъзилари маълум вақт ўтганидан кейин янги, бошқа ном остида Нодавлат ва нотижорат ташкилотини очишга рухсат олиш учунгина ихтиёрий равишда ўз ташкилотларини ёпмоқдалар, дея қўшиб қўйди у. Унга кўра, кўпинча аъзолиги “ихтиёий-мажбурий характерга эга бўлган” ва Ўз ННТМА қошида рўйхатдан ўтган ташкилотларда шундай амалиёт қўлланиб келинади.



АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳвол ҳақидаги 2007 йил ҳисоботида мамлакат ҳукумати маҳаллий нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг аксариятини ўзининг назорати остидаги Ассоциацияда рўйхатдан ўтишга мажбур қилаётгани қайд этилганди. Ушбу Ассоциация тузилмаси таркибига кирувчи нодавлат ташкилотларининг фаолиятини молиялаштириш ва назорат қилишни ўзига вазифа қилиб олган.



Нодавлат ва нотижорат ташкилотлари амалдаги қонунчиликка кўра нодавлат ташкилоти дея белгиланиши ҳамда уларга расмийлар томонидан молиявий кўмак бериш мумкин эмаслигига қарамай, шундай аҳвол давом этиб келмоқда.



ННТ Миллий Ассоциациясининг юқори мартабали ходими NBCA янгиликлар хизматига ўз номини ошкор этмаслик шарти билан Ассоцияациянинг нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича мавжуд бўлган коррупциявий схемаси ҳақида сўзлаб берди.



“Лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган маблағларни, шу жумладан, бошқа лойиҳаларга ўтказиш йўли билан талон-тарож қилинади, - дейди у. – Шу пайтнинг ўзида, баъзи бир Ўз ННТ Миллий ассоциациянинг раҳбар ходимлари нодавлат ташкилотининг ёпилиши муносабати билан шу ташкилотнинг қарзидан кечиш учун пора эвазига ишни судга оширмасликка рози бўладилар”.



Кейинчалик мазкур тугатилган нодавлат ташкилоти бошқа ном остида қайтадан фаолият юритиши мумкин бўлади.



Экспертлар нодавлат ташкилотлари фаолиятидаги тартибсизликлар, яъни бу ташкилотларнинг бир қисми ҳақиқатдан ҳам расмийлардан мустақил, бошқалари эса молиявий жиҳатдан уларга қарамлиги келгусида ҳар қандай нодавлат ташкилотини “ими-жимида” тугатиш мумкин бўлиб қолишига олиб келишидан хавотир олмоқдалар.



“Давлат томонидан ўта фаол нодавлат ташкилотлари ишидан қониқмаслигидан келиб чиқиб, бир неча ой ичида яна бир неча етакчи нодавлат ташкилотлари албатта ёпилиши мумкин, деб ишонч билан айтса бўлаверади”, - дейди тошкенлик ҳуқуқ ҳимоячиси.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).





Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists