Ўзбекистонлик фермерлар судга тортилишдан хавфсирамоқдалар

Ўзбекистонлик фермерлар судга тортилишдан хавфсирамоқдалар

IWPR

Institute for War & Peace Reporting
Friday, 24 October, 2008
, дея қайд этадилар маҳаллий кузатувчилар.



Октябрь ойининг бошидан бошлаб ўзбекистонлик фермерлар маҳаллий ҳокимият идораларидан ва Адлия вазирлиги вилоят бўлимларидан огоҳлантирувчи мактублар ола бошладилар. Бу мактубларда фермерлар давлатга пахта топшириш режасини бажармаган тақдирда, жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги ҳақида гапирилмоқда.



Фермерлар маҳаллий ҳокимликлардан почта орқали олган расмий мактубларда 21 октябргача давлатга етарли миқдорда пахта топширилмай қолса ҳамда “2008 йилда пахта хом ашёси етиштириш тўғрисида”ги шартнома бажарилмай қолса, фермерлар “қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиладилар”, деб айтилмоқда.



Бундай огоҳлантириш мактубларини олгандан кейин фермерлар орасида ваҳима бошланди.



“Мени жиноий жавобгарликкка тортишлари мумкинлиги ҳақидаги мактубни ўқиб қўрқиб кетдим”, ­ дейди мамлакатнинг ғарбий қисмида жойлашган Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида фаолият кўрсатаётган фермер ҳаяжонланган ҳолда. ­ “Ахир мен билан [фермерлардан етиштирилган пахта хом ашёсини қабул қилиб олувчи] пахтани қайта ишлаш заводи ўртасида тузилган шартномада бу ҳақда ҳеч нарса айтилмаган эди­да”.



Фермернинг айтишича, 2006 йилда Бухоро пахтани қайта ишлаш заводининг раҳбарлари деярли юз кишидан иборат бўлган деҳқонларга нисбатан даъво аризаси билан чиққанлар ва ўшанда суд уларни давлат буюртмасини бажармаганлари учун турли миқдорда жаримага тортган эди. Ҳудди шунга ўхшаш аҳвол ўтган йили Фарғона вилоятида ҳам кузатилган эди. Ўшанда 279 нафар фермер суд қора курсисига ўтқазилган эди.



“Нимани исташса ўша нарсани қилаверишсин!” ­ дея ҳайқиради бошқа пахтакор. ­ “Менимча, улар бизни қўрқитиш учун бу огоҳлантириш мактубларини юборганлар. Энди, агар ҳосилнинг чўғи кам бўлса, мен қандай қилиб пахта топшириш режасини бажара оламан?”



Деҳқонларнинг айтишларича, бу йил сув тақчиллиги важидан паст сифатли кам миқдордаги пахта ҳосили етиштирилган. Шунинг учун ҳам белгиланган режани бажаришнинг имконияти йўқ. Шунга қарамай, давлат ноқулай омилларни эътиборга олмаган ҳолда пахта топширишнинг олдинги йиллардаги меъёрини ўрнатди. Бу меъёрга кўра, бир гектар ердан ўртача 25­30 центнердан пахта хом ашёси етиштириш кўзда тутилади. Амалда эса кўзда тутилган ҳосилнинг 70­80 фоизини олиш мумкин, холос.



NBCA экспертларининг қайд этишича, бу каби ўйлаб­охирига етказилмаган аграр сиёсат қишлоқ хўжалигидаги “гипертрофиялашган [ҳаддан зиёд мукамаллашиб кетган] муносабатлар” ва “давлат капитализмини шўролардан қолган услуб ёрдамида” қуриш бўйича уринишларнинг омадсизликка учрагани оқибати бўлиб қолмоқда.



Мамлакат аграр секторида бозор муносабатларнинг йўқлиги ва ерга хусусий эгалик қилиш учун қонуний асосларнинг шаклланмагани ҳамда қонунчиликнинг мукамалликдан йироқлиги туфайли маҳаллий деҳқонлар давлат буюртмасига “қулларча қарам” бўлиб қолганлар. Улар “Тадбиркорлик тўғрисида” ва “Фермерлик тўғрисида” каби қонунларнининг амал қилаётганига қарамай, етиштирган ҳосилни ўз билганларича, мустақил равишда тасарруф қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар.



Ҳуқуқшунослар қонунчиликдаги мавжуд тартибсизликларга, юридик интизомга риоя қилинмаслигига, қонун ости актларининг маҳаллий мутасаддилар томонидан ўзларига қулай бўлган ҳолда талқин қилинишига ва уларнинг қонун каби кучга эга бўлиб қолаётганига ишора қилмоқдалар. Санаб ўтилган ушбу муаммолар фермерларни давлатга пахта сотиш бўйича давлат буюртмасини бажармаганлари учун жиноий жавобгарликка тортишлари тўғрисидаги огоҳлантириш хатларига ўхшаш “репрессив циркулярлар”нинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда, дейдилар улар.



Мисол учун, қонунга кўра, фермерлар етиштириш учун маҳсулот танлашда ва унга нарх­наво белгилашда эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқига эгалар. Аммо қонун шу ернинг ўзида, ҳукуматнинг ердан узоқ муддат давомида фойдаланиш ҳақидаги шартномаларни тузиш тартибини белгилаш тўғрисидаги қарори билан бузилмоқда. Бу қарорга кўра, фермернинг ҳосилдорликни пасайишга йўл қўйишига ҳақи йўқ экан.



“Аслида, қонунга кўра, фермер хўжалиги тўла мустақил равишда фаолият юритувчи хусусий корхона саналади. Аммо амалда эса, фермерлар давлат олдида давлат буюртмасини бажариш бўйича жавобгар бўлиб қолмоқдалар. Бу эса мутлақо ақлга сиғмайдиган ҳолат”, ­ дея қайд этади Бухорода истиқомат қилувчи ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев.



Ўзбекистон адлия идоралари вакилларидан бирининг айтишига кўра, пахта топшириш режасини бажармаган фермерни ерни ижарага олиш “ҳуқуқидан маҳрум этиш” мумкин. Ҳолбуки, уларга бу ҳуқуқ 50 йил муддатга берилган эди.



Аммо кўпчилик фермерларнинг айтишларича, бу ҳолда ҳам ижарага олинган ерларни давлатга қайтариш осон иш бўлиб қолмайди.



“Агар деҳқон ерни қайтаришни хоҳлаб қолса, маҳаллий ҳокимият вакиллари ўз билганларича ундан бошқа ижарачини топишни талаб қилмоқдалар. Бунақа одамни эса топиш осон эмас, ахир келгуси йилда ҳам суғориш мавсумида сув билан ҳудди шундай муаммолар қайтариладиган бўлса, давлатга пахта топшириш режасини бажариб бўлмаслигини ҳамма яхши тушунади”, ­ дейди ғазабланган пахтакорлардан бири.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)
Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists