Журналистларни таъқиб қилиш халқаро миқёсда ёмон натижага олиб келиши мумкин
Журналистларни таъқиб қилиш халқаро миқёсда ёмон натижага олиб келиши мумкин
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, 24 март куни Тошкент шаҳар прокуратураси даромадни яширганликда ва солиқ тўламаганликда айблаб, “Немис тўлқини” радиостанцияси стрингери Наталя Бушуева устидан жиноий иш қўзғаган.
Бушуева беш йил мобайнида жами уч минг АҚШ доллари миқдорида солиқ тўламаганликда айбланмоқда.
27 март куни “Немис тўлқини”да аввалроқ ишлаган яна бир журналист Юрий Черногаев устидан ҳам айнан шундай жиноий иш қўзғатилган.
“Немис тўлқини” радиосининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими бошлиғининг ўринбосари Александр Варкентиннинг сўзларига кўра, Бушуевага қўйилган айбларнинг барчаси асоссиз. Чунки журналист солиқларни Германияга тўлайди. Икки карра солиқ тўламаслик учун Ўзбекистон билан Германия ўртасида келишим мавжуд.
NBCA сиёсий шарҳловчиларининг фикрича, “Немис тўлқини” журналистлари устидан жиноий очилиши Германия билан бўлган муносабатларда ўз акс таъсирини кўрсатиши мумкин.
Eurasian Transition Group немис нодавлат ташкилотининг раҳбари Михаэл Лаубшнинг NBCAга айтишича, “агар томонлар бу иш юзасидан ижобий натижаларга эриша олмасалар, бундан буён Германия Каримов билан юмшоқ муносабатда бўла олмайди”.
Россиянинг “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубновга кўра, “Бушуева устидан кетаётган иш Ғарб билан савдолашиш учун топилган баҳона бўлиши мумкин”.
2005 йилнинг 13 майида ҳукумат аскарлари мамлакат шарқидаги Андижон шаҳри аҳолисининг намойишини ўққа тутгандан сўнг Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкциялар эълон қилган эди.
Ҳукумат норозилик намойишининг асосий қатнашчилари террористик исломий гуруҳга алоқадор кишилар бўлган ва конституцион тузумга тажовуз қилган, дея даъво қилмоқда. Бошқа манбалардан олинган маълумотларга кўра, Андижон аҳолиси бир қанча маҳаллий тадбиркорлар устидан адолатли ҳукм чиқарилишини талаб қилиб намойишга чиққан. Намойишни аёвсиз бостириш натижасида юзлаб бегуноҳ кишилар қурбон бўлган.
Шарҳловчилар шу нарсага диққат қаратмоқдаларки, 28 март куни Астана шаҳрида Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари мавзусидаги стратегияси (бу стратегияни Германия назорат қилади) таҳлил қилинаётганда, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Тошкент ўз ички ишларига, хусусан, ҳуқуқни ҳимоя қилиш масаласида бировнинг аралашувига тоқат қилолмаслигини таъкидлаган.
“Мен бу оҳангда айтилган фикр Берлин учун ҳақорат бўлиб кўринади, деб ўйлайман. Агар Берлин Тошкент олдида ўзининг янги стратегиясини уқтириш мақсадида хушомад қилаверса, охир-оқибат бунинг натижаси ўзининг обрусига зарба бўлади. Бу нафақат Германия балки Европа Иттифоқининг ҳам ҳудуддаги манфаатларига зарба бўлади”, – дейди Дубнов.
(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади)