Ўзбекистон: ишсизликка қарши қулай чоралар

Ўзбекистон: ишсизликка қарши қулай чоралар

Август ойи охирида Давлат статистика ва аҳоли бандлиги қўмитаси қарийб 29 миллион аҳолиси бор Ўзбекистонда ишсизлик даражаси пасайгани ва иқтисодий фаол аҳолининг 4,8 фоизини ташкил қилганини, биринчи ярим йиллик давомида ярим миллиондан зиёд янги иш жойи ташкил қилингани, уларнинг деярли 70 фоизи қишлоқ жойларига тўғри келишини маълум қилди.

Ваҳоланки, мамлакатдаги ишсизлик бундананча баланд. Масалан, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ишлик даражаси кўрсаткичи ҳудудига қараб 20 фоиздан 30 фоизгачани ташкил қилиши мумкин.

Расмийлар томонидан 2007 йили қабул қилган “Бандликни ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича органлар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатда йилига ярим миллиондан ошиқроқ иш ўрни яратилиши лозим. 2012 йилда 950 минг кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

“Ўзбекистонда ишсизлик жуда долзарб муаммо бўлиб, ишга яроқли ҳар уч кишининг бири ишсиздир, - дейди АҚШда яшаётган сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. – Вилоятларда эса ишга яроқли ҳар икки кишининг бири доимий иш жойига эга эмас”.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотларига кўра, ўзбекистонлик фуқароларнинг икки миллиондан беш миллионгачаси мамлакат хорижига, асосан Россия ва Қозоғистонга, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореяга иш излаб кетган. Шунга қарамай, расмийлар меҳнат муҳожирлиги мавжудлигини инкор қилмоқдалар.  

Мамлакатда ишсизлик даражаси юқорилигига, Йўлдошев фикрича, интеграциялашмаган иқтисодиётнинг ёпиқлиги, инфляциянинг ошиб бораётгани ва бошқа ижтимоий-иқтисодий омиллар сабаб бўлиб ҳисобланади.

Бироқ системали ислоҳотлар ўтказиш ўрнига расмийлар кўпроқ ижобий ҳисобот статистикасини таъминловчи қишлоқ хўжалик секторида сунъий равишда яратилаётган иш ўринлари, мавсумий бандлик  ҳисобидан ишсизликни “қисқартириш” бўйича қулай услубни топиб олганлар.

“Фермерларнинг барчасини иш ўринлари яратишга мажбур қилмоқдалар, - дейди мамлакат шимолий-ғарбидан бўлган медиашарҳловчи. – Уларга буйруқ беришади, улар эса бажаришади. Масалан, Хоразм вилоятидаги 60 минг иш ўрнидан 90 фоизи деҳқон хўжаликларида ташкил қилинган”.

Бундай тажриба Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳамда Фарғона водийси каби керагидан ортиқ меҳнат ресурслари бўлган аграр ҳудудларда кенг тарқалган.

Кўпинча расмийлар фермерлардан қишлоқда ишсиз юрган кишиларни иш билан таъминлаш ва уларга маош тўлашни талаб қиладилар. Ишга одатда пул топиш учун хорижга кетолмаганларни ёллайдилар. Улар фермерлик хўжаликларига суғориш мавсумида сув тақсимланишини назорат қилиш ва йиғим-терим мавсумида ҳосилни йиғиб олиш учун жалб қилинадилар.

Бироқ солиқ идоралари ва ижтимоий жамғармага барча тўловлар ҳужжат асосида тўланган, дея расмийлаштирилиши, бу эса кейинчалик бандлик бўйича статистика ҳужжатларида акс этиши учун деҳқонлар “ўлик жонлар”ни ишга олишга мажбур қилинганига оид ҳолатлар ҳам кам эмас.

Қишлоқ жойлардаги кузатувчилар ўлик жонлар миқдори фермер хўжаликларида мажбурий равишда яратилаётган иш ўринларининг ярмидан кўпини ташкил қилиши мумкинлигини қайд этадилар.

“Мени ойига 80 минг сўм ойлик билан [$ 40 дан камроқ] уч кишини ишга олишга мажбур қилдилар, - дейди Хоразм вилоятининг Хива туманидан бўлган ва исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган фермер. – Бироқ мендаги янги иш ўринлари қоғозда, холос. Одамлар гўё мендан пул олаётгандек, аслида эса улар Россияда ишлашади”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.


 

Economy
Frontline Updates
Support local journalists