Ўзбекистон: Расмийларнинг турар-жой борасидаги ғоялари бўйича пессимистик кайфиятлар

Ўзбекистон: Расмийларнинг турар-жой борасидаги ғоялари бўйича пессимистик кайфиятлар

Friday, 14 August, 2009
, бу эса ўз навбатида мамлакатга қайтаётган меҳнат муҳожирларини ва кундан-кунга сони кўпaяётган маҳаллий ёшларни турар-жой билан таъминлаш истаги билан боғлиққа ўхшаяпти.



Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2009 йил 3 август куни қишлоқ аҳолиси яшаш шароитини “тубдан” яхшилаш мақсадида “Қишлоқ жойларида турар-жой уйларини қуриш кўламини кенгайтириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида” қарорини имзолади.



Турар-жой бинолари қурилишига бир юз етмиш миллион АҚШ доллари сарфланиши режаланган.



Уйлар, ижтимоий йўналишдаги объектлар ва инфратузилмаларнинг типовой лойиҳалари “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Қурилиш ишларини ҳам ўша компаниянинг ўзи амалга оширади.



NBCA шарҳловчиларининг айтишича, Россия ва Қозоғистон иқтисодиётини жароҳатлаган жаҳон молиявий кризис ҳукуматни қишлоқларда турар-жой биноларини қуришга мажбур қилиб қўйди. Кўп сонли ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ушбу икки қўшни мамлакатда ишлаяптилар ва баъзи маълумотларга кўра, уларнинг сони икки миллиондан тўрт миллионгача боради.



“Россия ва Қозоғистондаги кризис важидан аксарияти қишлоқ жойларидан чиққан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ёппасига ватанларига қайта бошладилар”, - дейди тошкентлик иқтисодчи Равшан Назаров.



Кўплаб ўзбекистонликлар ватанига қайтиб бўлдилар. Муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг ҳисоб-китоби бўйича, меҳнат муҳожирларининг умумий миқдоридан “беш-етти фоизи” мамлакатга қайтиб бўлган.



Бундан ташқари, Марказий Осиё минтақасининг 27 миллиондан зиёд одамлар яшайдиган аҳолиси энг зич бўлган Ўзбекистонда аҳолининг жадал суратлар билан ўсаётгани қайд этилган. Боз устига, қишлоқ жойларида аҳолининг анча кўпайгани кузатилмоқда.



NBCA шарҳловчиларининг тахмин қилишича, расмийлар бундай шароитда турар-жойга ички талабни оширишни истар эдилар, аммо бу ниятни амалга ошириш ҳозирча қийин.



Бошқа таҳлилчилар ҳам бир неча сабабларга кўра, расмийлар таклиф этаётган турар-жой дастурининг катта самара беришига ишонмаяптилар.



Биринчидан, қурилиш материалларига нарх-наво баландлиги важидан “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси қурган уйлар кредитга сотилган тақдирда ҳам жуда қиммат бўлади, шунинг учун ҳам давлат таклиф этаётган уйларга талабнинг катта бўлишини кутмаса ҳам бўлаверади.



Иккинчидан, агар қандайдир қишлоқлик одам уйни бир йўла сотиб олиш учун банкдан кредит олишни истаган тақдирда ҳам бу нарсани ипотека тизими ишламаётгани важидан амалга ошириб бўлмайди. Ипотека тизими ишламаслигининг сабаби –такомиллашмаган кредит тизими, банклар капитализацияси даражаси ва аҳолининг тўлов қобилияти пастлигида бўлиб қолмоқда.



Мисол учун, банкдан 10 йил муддатга ўртча йиллик 15 фоиз устама билан 20 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олинса [бу пулга Тошкент четида бир хонали квартира сотиб олишингиз мумкин, холос], қарздор одам ҳар ойига 322 доллардан тўлашига тўғри келади.



Минимал иш ҳақи 33,645 сўмга тенг бўлган (расмий курс бўйича 23 АҚШ долларига яқин) мамлакат аҳолисининг бугунги даражадаги даромади учун бундай бадалларни тўлаш оғир келади.



Мамлакатдаги ягона Ипотека-банкнинг кредит учун активлари йўқ, барқарор бўлмаган иқтисодиёт ҳамда юқори даражали инфляция қабатида мумомалага қимматли қоғоз ва заколат ҳужжатларини чиқаришдан натижа кутмаса ҳам бўлаверади.



“Қишлоқ аҳолиси ушбу дастурга ишониб ўтирмайди ҳам”, - дея хулоса қилади Ўзбекистон бўйича NBCA иқтисодий шарҳловчиси.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)







Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists