ШҲТ банг моддалари трафигига қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик қилиши зарур
ШҲТ банг моддалари трафигига қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик қилиши зарур
16 август куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Бишкек саммитида Россия президенти Владимир Путин Афғонистон ҳудуди атрофида ШҲТ доирасида “аксилнаркотик хавфсизлиги минтақаси”ни шакллантириш зарурлиги тўғрисида билдирди.
Афғонистон ШҲТга аъзо бўлиб ҳисобланмайди, аммо яқинда бу мамлакат Россия, Хитой, Тожикистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон тўла ҳуқуқли аъзо бўлган клубга қўшилиш истагини билдирди. Эрон, Мўғулистон, Ҳиндистон ва Покистон ташкилотда кузатувчи мақомига эгалар, аммо улар ҳам [ташкилотга] тўла ҳуқуқли аъзо бўлишни истар эдилар.
Россия президентининг таклифига кўра, ШҲТ мамлакатлари аксилнаркотик тузилмаларининг раҳбарлари бу соҳада системали ишни тизиб чиқиш бўйича кенг кўламдаги таҳлил ва таклифларни тақдим этишлари лозим.
Бишкек саммити чоғида Афғонистон президенти Ҳомид Қарзай ташаббусни қўллаб-қувватлади ва наркобизнесга қарши курашишни ШҲТнинг устивор йўналишларидан бирига айлантиришни таклиф қилди.
Экспертлар ШҲТни Афғонистондаги аксилнаркотик курашига жалб қилишнинг имкони бўлмаса керак, чунки бунинг учун АҚШ билан тиғиз ҳамкорлик қилиш ҳамда Афғонистондаги коррупцияни қисқартириш талаб этилади, деб ҳисоблайдилар.
Қозоғистондаги Ижтимоий муаммоларни таҳлил қилиш маркази директорининг ўринбосари Қанат Берентаев ШҲТ ҳарбий контингентга ва дала қўмондонлари билан алоқаларга эга бўлган АҚШ билан ҳамкорлик қилиши зарурлигини айтади.
Бироқ Берентаев ШҲТ АҚШ тарафдорлари томонидан НАТОга қарши посанги ўлароқ яратилган тузилма сифатида қабул қилинаётган, ШҲТ лидерлари бўлмиш Хитой ва Россия лидерлари эса ташкилотни АҚШ таъсиридан ҳоли ташкилот сифатида кўрсатаётган ҳозирги босқичда [Қўшма Штатлар] билан ҳамкорлик қилишнинг имкони борлигига шубҳа қилади.
Қирғизистондаги Тараққиёт дастурларини дастаклаш жамғармаси директори Валентин Богатирев ҳам ШҲТ Европа мамлакатлари ва АҚШ билан наркотрафикка қарши курашишда ҳамкорликни жонлаштириши керак, дея тахмин қилади.
“Трафикка қарши курашиш кўп жиҳатдан ШҲТнинг АҚШ билан биргаликда иш олиб боришида муҳим унсур бўлади. Фақат АҚШ билан эмас, балки Европа билан ҳам, чунки Афғонистон наркотикларининг асосий истеъмолчиси АҚШ эмас, Европа мамлакатлари ва Россия бўлиб ҳисобланади”, - деди Богатирев.
Қирғизистондаги Ижтимоий сиёсат институтининг президенти Муратбек Иманалиев ШҲТ аксилнаркотик минтақасини шакллантиришда АҚШнинг иштироки билан бир қаторда ташкилотга аъзо мамлакатлар қисқа муддатли давр мобайнида лойиҳани техник жиҳатдан амалга ошириш механизмини ишлаб чиқишлар зарурлигини айтади.
“Ўйланган мўлжал яхши, аммо уни қандай қилиб амалга ошириш керак – энг асосий савол шу, - дея қайд этади Иманалиев. – Мен бу борада Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг мулоҳазаларини эслайман, аммо ўшандан буён ҳеч қандай иш қилинмади”.
Бироқ Қозоғистондаги “Тенг Тенгга” гиёҳвандликка қарши кураш бўйича миллий ассоциацияси президенти Сағинғали Елкеев Афғонистондан келаётган наркотрафикнинг асосий қисми ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатларда мавжуд бўлган коррупция шароитида аксилнаркотик минтақасини барпо қилиш кам самарали бўлади, деб ҳисоблайди.
“Коррупция ривожланган жойда, наркобизнес учун ҳеч қанақа тўсиқлар бўлмаган ерда ҳеч қанақа минтақалар ёрдам беролмайди, - дея хулосалайди Елкеев. – Шундай экан, аввал давлат машинасининг коррупцияга чалинганлик даражасини имкон қадар пасайтириш лозим, ана шундагина самарадорлик ҳақида гапирса бўлади”.
(NBCA минтақадан шарҳловчиларнинг кенг доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)