Ўзбекистон: Пахта териш режаси қўшиб ёзишлар эвазига бажарилди

Ўзбекистон: Пахта териш режаси қўшиб ёзишлар эвазига бажарилди

Friday, 12 February, 2010
.



NBCA манбаларининг маълум қилишича, пахта тайёрлов пунктлари хом ашё қабул қилишни 20 ноябрь куни тамомладилар. Деҳқонлар давлат буюртмасини ўтган ой охирида бажарганлари ҳамда давлат хирмонига уч миллион тўрт юз минг тоннадан зиёд оқ олтин топширилгани ҳақидаги расмийларнинг хабарига қарамай, пахта терим кампанияси норасмий равишда чўзилган эди.



Фермерларнинг айтишларича, расмийлар уларни эълон қилинган миқдордаги пахта териб олингунича ишлашга мажбур қилганлар, бироқ ноябрь ойининг охирги кунлари далаларда терадиган ҳеч вақо қолмади.



“Пахта теринглар деб буюришади, аммо далада ҳеч нарса қолгани йўқ, - дейди фарғоналик пахтакор NBCA билан суҳбат чоғида. – Фермер пахтани қаердан топади, мутасаддиларни бу нарса қизиқтирмайди. Улар терадиган пахта топа олмасанг, уни сотиб ол деяптилар. Пахтани тайёрлов пунктларида сотишади. Бир тонна пахтанинг нархи 200-230 минг сўм (153 долларга яқин)”.



Деҳқонларга гўёки, тайёрлов пунктига топшириш учун сотиб олишга таклиф этилаётган пахта олдинроқ ўша пунктга бошқа фермерлар томонидан топширилган ва уларнинг режа ҳисобига киритилган.



Пахта терим кампанияси даврида ҳар бир ўзбекистонлик фермер давлатга бир гектардан икки ярим минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда пахта топшириши лозим. Бироқ шунча миқдордаги пахтани топширилганда, давлат буюртмаси бажарилишини қайд этувчи ҳужжатларда мазкур деҳқон режанинг бор-йўғи ярмини бажаргани кўрсатилади.



Пахтакорларга кўра, топширилган ҳар бир тонна хом ашёдан пахтанинг толаси ажратиб олиш бўйича қайта ишлов жараёнида чиқиндига чиқиб кетиш эвазига икки юз килога яқини ҳисобдан чиқарилади.



Яна бошқа сабаб важидан деҳқонлар уч юз килограмм пахтани йўқотадилар. “Пахта тайёрлов пунктлари раҳбарлари фирибгарлик қилишга ўтиб оладилар, - дея сўзлаб берди фермерлардан бири. – Агар деҳқон бир тонна пахта топширса, [унинг номига] 500 килограмм ёзадилар. Бир қисми улюкка [чиқинди] чиқарилади, қолганини эса пахта пунктлари сотадилар ва бошқа деҳқонларнинг номига ёзадилар”.



Шунинг сабабдан кўплаб ўзбек фермерлари режани бажара олмай давлатдан қарздор бўлиб қоладилар. Қўшиб ёзишлар, ҳисобот ҳужжатларида бўрттирилган ҳажмдаги терилган пахта ҳақидаги қайд этишлар Ўзбекистонда анчадан бери қўлланиб келинаётган амалиёт саналади.



Мисол учун, шарҳловчилар 2007 йилда марказий Жиззах вилоятининг пахта тайёрлов пунктлари чинакамига терилган хом ашёсига ўттиз минг тоннадан зиёд пахтани қўшиб ёзганини эсга олдилар. Аслида эса, бунча хом ашё териб топширилмаган эди.



2005 йилда мамлакатда катта жанжал кўтарилган эди. Прокуратура маълумотига кўра, ўшанда Жиззах вилояти туманларидан бирида 540 та фермерлик хўжаликлари пахтани қўшиб ёзишда айбланган эдилар.



“Қўшиб ёзишлар – кўпчилик фермерларнинг бошига тушадиган бало бўлиб қолди, - дейди жиззахлик пахтакор. – Аввалига бизга режани бажар деб буйруқ беришади, кейин бу режа қоғозда бажарилади, ортидан эса текширувлар бошланади. Пировардида, фермер пахтани қўшиб ёзгани аниқланади. бунинг ортидан эса, ҳар йили бир неча фермер қамалади”.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда ҳар йили ўртача уч ярим миллион тонна пахта териб давлатга топширилади.



Муҳожирликдаги таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошевнинг тахмин қилишича, чинакамига териб олинган пахта икки ярим миллион тоннадан бир оз ошади, холос.



Ўз ҳисоб-китобларини у шундай изоҳлаяпти: шунча миқдордаги пахтанинг ўзбек навларидан бир миллион тонна ёки сал кўпроқ пахта толаси ажратиб олиш мумкин. Дунёда пахта экспорти бўйича иккинчи ўринни эаллаётган Ўзбекистон ташқи бозорга айнан шунча миқдорда пахта толаси етказиб беради.



“Қўшиб ёзишлар аввал ҳам бўлган ва деҳқонлар токи давлат буюртмаси бўйича пахта етиштириб қайта ишловчиларнинг ўзларига бевосита эмас, балки воситачи бўлган пахта пунктларига топширар эканлар, бу иллатнинг илдизи кесилмайди. Пахта қабул қилувчилари давлатдан 3,5 миллион тонна пахта сотиб олишга пул олиб, коррупция схемасини тузадилар ва шу пулларни ўзлаштиришга киришадилар”, - дейди Йўлдошев.



Сиёсатшуноснинг айтишича, давлат режаланган миқдордаги пахтани сотиб олиш учун маблағ ажратади. Пахта тайёрлов пунктлари эса шунча пул сарфланганини кўрсатмоқчи бўладилар. Аслида эса, эълон қилинганидан анча кам пахта терилади, мавжуд бўлмаган ҳажмлар ҳисоботда пули тўланган қилиб кўрсатилади, бунинг пуллари эса ушбу кампания ташкилотчиларининг чўнтагида қолади.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)





Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists