Ўзбекистон: судлар экстрадиция қилинган қочқинлар устидан ҳукм чиқара бошладилар

Ўзбекистон: судлар экстрадиция қилинган қочқинлар устидан ҳукм чиқара бошладилар

Август ойи охирида Қозоғистондан экстрадиция қилинган икки нафар ўзбекистонлик “Жиҳодчилар” диний гуруҳига алоқадорликда айбланиб, турли муддатдаги қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.

Аввалроқ бу гуруҳ вакиллари таниқли дин арбобларига суиқасд қилиш ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятида содир этилган қатор отишмаларда айблангандилар.

Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи Файзуллахон Акбаров беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, сурхондарёлик Аҳмад Болтаев эса ўн беш йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд маҳкамаларининг ёпиқ тарзда ўтаётгани ва процессуал меъёрларнинг бузилаётгани ҳуқуқ фаоллари ҳамда судланганлар қариндошларини ташвишлантирмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, бу ҳолат чиқарилган ҳукмларнинг адолатлилигини шубҳа остига қўяди.

“Ҳукм эълон қилингач, судья менда апелляцияга бериш ҳуқуқи йўқлигини айтди, - дейди судланганлардан бирининг онаси бўлмиш Раҳима Акбарова. – Менга ҳаттоки суд ҳукми билан танишишга ҳам имкон беришгани йўқ”.

Расмий манбалар ушбу суд маҳкамалари ҳақида маълумот бермаяптилар, бироқ “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти маълумотларига кўра, айни пайтда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Қозоғистон томонидан топширилган яна ўнта қочқин устидан суд маҳкамаси кетмоқда. Уларнинг ҳам кўпчилиги “Жиҳодчилар” диний радикал оқимига алоқадорликда айбланмоқда.

2011 йилнинг июнь ойида Қозоғистон расмийлари қочқинлик мақомини олишга уринган ва бир йил давомида Олмаотадаги икки тергов ҳибсхонасида сақлаб келинган йигирма саккиз кишини ватани бўлмиш Ўзбекистонга экстрадиция қилганди. (Бу ҳақда “Қозоғистон йигирма саккизта қочқинни Ўзбекистонга бериб юборди” дея номланган мақолада ўқинг.)

Аввалроқ, 2010 йили бу гуруҳ “Мигрант” рейди чоғида Қозоғистон полицияси томонидан қўлга олинганди.

Қўлга олинганларнинг барчаси террорчилик хуружларига алоқадорлик, конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ва таъқиқланган диний ташкилотларда иштирок этганлик каби оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, ўзбек расмийлари томонидан халқаро қидирувга берилганди.

Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари расмий Остонани бошпана қидирган шахслар таъқиб ва қийноқларга дучор қилинадиган мамлакатга бериб юборишни таъқиқлайдиган халқаро мажбуриятларга қарамай, уларни ватанларига мажбуран бериб юборгани учун танқид қилгандилар.

БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон қийноқлар мунтазам равишда қўлланадиган мамлакат ҳисобланади.

Жамиятдаги сиёсий ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш жараёнларини ўрганиб борувчи Тошкентдаги Экспертлик ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов ўз хавотирлари ўринли бўлиб чиққанини айтади.

“Бизда экстрадициядан сўнг иқрорномалар олиш мақсадида қочқинларга нисбатан қийноқлар ва руҳий босим қўлланилгани ҳақида маълумотлар бор”, - дея қайд этади Исмоилов.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.


Frontline Updates
Support local journalists