Қозоғистон расмийлари ўзбекистонлик қочоқни экстрадиция қилишдан бош тортдилар
Қозоғистон расмийлари ўзбекистонлик қочоқни экстрадиция қилишдан бош тортдилар
БМТнинг Қозоғистонда жойлашган Қочоқлар иши бўйича олий комиссари бошқармасининг матбуот котиби Геля Рерих 26 сентябрь куни Ўзбекистон ҳуқуқтартибот идоралари томонидан 1999чи ва 2004чи йилларда пойтахт Тошкент ва Бухоро шаҳрида террорчилик актларини уюштарганлик бўйича айбловларга асосан қидирилаётган Ўзбекистон фуқароси Ҳасан Темиров Ўзбекистон расмийларига берилмаслигини маълум қилди.
“Бизнинг ташкилотимиз 2008 йил 12 сентябрь куни Ҳасан Темировни қочоқ дея тан олган. Биз Қозоғистон ратификация қилган Қочоқлар мақоми ҳақидаги конвенция тамойилларига мувофиқ қочоқ дея тан олинган кимса унга хавфхатар таҳдид солаётган мамлакатга чиқарилиши мумкин эмаслиги ҳақида Қозоғистон ҳукуматини хабардор қилганмиз”, деди БМТнинг Қочоқлар иши бўйича олий комиссари бошқармасининг вакили.
Шу йилнинг май ойида Темиров номашруъ ҳолатда Қозоғистонга келган ва июль ойида Қозоғистон ҳуқуқтартибот идоралари томонидан паспорт тартибини бузгани учун ҳибсга олинган эди. Ўшанда уни ОлмаОта шаҳар Миллий хавфсизлик қўмитаси департаментининг тергов ҳибсхонасига қамаган эдилар. Шундан кейин Қозоғистон расмийлари бу ҳақда расмий Тошкентни хабардор қилдилар.
Темиров тўрт йил давомида махсус хизматлар таъқибидан қочиб Тошкент вилоятида яшириниб юрган ва кўчага ҳам чиқмай уйлардан бирининг ертўласидя яшаб келган эди. Ўзбекистон расмийлари уни халқаро қидирувга берган эдилар.
Ўзбекистон бош прокуратураси шу йилнинг ёзида Қозоғистон расмийларига Темировни экстрадиция қилиш тўғрисида талабнома жўнатди. Аммо маҳаллий полициячилар уч ой давомида ўзларининг текширувларини олиб борганлари учун экстрадиция жараёни чўзилиб кетди.
Темировни 27 сентябрь куни тергов ҳибсхонасидан озод қилдилар ва Қозоғистон бош прокуратураси қочоқ экстрадиция қилинмаслиги ҳақида Ўзбекистон ҳукуматини ва БМТнинг Қочоқлар иши бўйича олий комиссари бошқармасини хабардор қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Хелсинки қўмитасинининг Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари Нинель Фокинага кўра, бош прокуратура “жуда синчковлик” билан ўтказган текширувлардан кейин шундай қарор чиқарган.
“Ўйлашимча, Ўзбекистон ҳар ҳолда ўзбекистонлик қочоқ Ҳасан Темировни айблови бўйича етарли материал тақдим эта олмаган”, дея NBCA га маълум қилди Фокина.
NBCA нинг бошқа шарҳловчилари олдинроқ мустақил оммавий ахборот воситалари қочоқларни Ўзбекистон расмийларига “норасмий” равишда бериб келганини эслатмоқдалар.
Улар 2005 йилда Чимкентда ўзбекистонлик махсус хизмат ходимлари томонидан қочоқларнинг ўғирланишига ишора қилмоқдалар. Ўшандан кейин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти ҳудудида тўққизта қочоқнинг қўлга олингани ҳақида маълум қилганди.
2005 йилнинг ноябрида андижонлик қочоқ Руҳиддин Фаҳриддинов (дастлабки тергов ўтказилмаган ҳолда) Қозоғистонда қўлга олиниб экстрадиция қилинган эди. Уни ўзбекистонлик расмийлар диний терроризм ва экстремизмда айблаган эдилар. 2007 йилнинг ноябрида эса ОлмаОтада яна бир бошқа қочоқ, Хуршид Шамсиддинов изсиз ғойиб бўлган.
“Қозоғистон ва Ўзбекистон махсус хизматлари ўртасида қоғозда ёзилмаган келишувлар мавжуд бўлиб, уларга кўра расмий Астана овоза қилмай қулай фурсатдан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон фуқаросини ватанига қайтариб юбориши мумкин”, дейди ишонч билан Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларининг ташаббус гуруҳининг раҳбари Сурат Икромов.
Бошқа экспертларга кўра, айни пайтда Қозоғистонда ўзбекистонлик қочоқлар учун қулай фурсат пайдо бўлган. Улар бу ҳолатни Қозоғистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотида 2010 йилда раислик қилиш билан боғламоқдалар.
“Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг Мадридда [2007 йилда Қозоғистоннинг раислиги ҳақидаги масала тасдиқдан ўтаётган пайтда] Қозоғистон ташқи ишлар вазири Марат Тажин мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида ислоҳотлар ўтказилиши борасида баралла овоз ила ваъда қилган эди”, дейди NBCA нинг Қозоғистондаги кузатувчиси.
Экспертга кўра, нуфузли Европа ташкилотидаги масъул лавозим Қозоғистон расмийларидан халқаро мажбуриятларнинг барчасига риоя қилишларини талаб қилади. Бу эса ўз навбатида Қозоғистон ҳудудида бошпана излаётган ўзбекистонлик қочоқларга нисбатан муносабатларнинг ижобий тарафга ўзгаришига олиб келади.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)