Ўзбекистон: Ўзбекистонликларнинг ҳақиқий даромадлари унчалик катта эмас
Ўзбекистон: Ўзбекистонликларнинг ҳақиқий даромадлари унчалик катта эмас
Октябрь ойида нашр этилган “Инсон тараққиёти тўғрисида ҳисобот - 2009” аҳолиси 27 миллиондан ошган Ўзбекистонда етмиш етти фоиз одамлар қашшоқлик даражасига тушиб қолганини кўрсатмоқда. Уларнинг кунлик даромадлари икки доллардан ошмайди, аҳолининг саккиз ярим фоизи эса ўта қашшоқлик даражасига тушиб қолган.
“Ўтган йил давомида катта таназзулга юз тутиш содир бўлди. Бироқ, бу йил давлат статистикаси маълумотларига таяниб, бюджет ташкилотларидан мояна оладиган одамларнинг реал даромадлари сезиларли даражада кўтарилгани ҳақида гапирса бўлади”, - дейди БМТ Ривожланиш Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида координатор вазифасини бажарувчи Елена Данилова.
Расмийлар 2009 йил август ойида пенсия ва иш ҳақи миқдорини кўтарган эдилар.
Айни пайтда қарилик бўйича пенсия миқдори $45 долларга тенг, минимал иш ҳақи эса $22,5 доллардан ошиқроқ. Ўзбекистонлик ишчи хизматчининг ўртача иш ҳақи эса тахминан 210 долларга етади.
NBCA экспертларининг кузатувларига кўра, ўзбекистонликларнинг аксарияти бюджет тўловларининг кечиктириб берилиши ва нақд пул етишмовчилиги важидан муҳтожликни бошидан кечирмоқдалар.
Даромадлар миллий валютанинг қадрсизланиши ҳамда инфляциянинг юқори даражаси ҳисобига пасайган.
NBCA томонидан ўтган ёз мавсумида ўтказилган сўровлар бюджет ташкилотларида иш ҳақини пластик карталар орқали беришга ўтказилиши аҳолининг энг заиф табақаларида даромаднинг пасайишига олиб келганини кўрсатди. Бунинг сабаби – пластик карталардаги пулни нақд қилишда мавжуд қийинчиликлар бўлиб қолди. (Ўқинг: “Ўзбекистон: Пенсияларнинг ошиши ёши улуғ ўзбекистонликларни унчалик қувонтиргани йўқ”, 2009 йил 31 июль).
Бир неча ой ўтиб ҳам аҳвол ўзгаргани йўқ. Балки, олдингисидан ҳам бадтар бўлди. Негаки, пахта терими мавсумида расмийлар пенсия, нафақа ва иш ҳақини беришни олдингига қараганда кўпроқ кечиктирдилар.
“Пулларимизни пластик карталарга ўтказа бошладилар, банк ходимлари эса бу ҳолатни давлат барча маблағларини пахта теримчиларига иш ҳақи тўлаш учун йўналтираётгани билан изоҳладилар, - дейди муҳожирликка чиқиб кетган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. – Ойлик бергани пул етмаяпти”.
Номи ошкор бўлишини истамаган Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ходимасининг айтиб беришича, ходимларнинг иш ҳақи оширилиши билан бир вақтнинг ўзида уларга тўланадиган баъзи ижтимоий тўловлар – йўл кира ва тушлик учун бериладиган пуллар бекор қилинди.
“Шундай қилиб, аксарият давлат муассасаларидаги ходимлар учун номинал даромад илгариги даражада қолди”, - дейди у.
Кузатувчиларнинг қайд этишича, коммунал ва бошқа хизматларга тўловлар учун пенсия, нафақа ва иш ҳақидан мажбурий пул ушлаб қолишлар ўзбекистонликларнинг 2009 йилги даромадларига салбий таъсир кўрсатган. (Ўқинг: “Ўзбекистон: Одамлар мажбурий тўловлардан аччиқланмоқдалар”, 2009 йил 20 май ва “Ўзбекистон: Одамлар пул йўқлигидан ташвишланмоқдалар” 2009 йил 29 апрель).
Тошкентлик мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг ҳисоб-китобига кўра, сўнгги бир неча йил давомида аҳолининг реал даромадлари 30-40 фоизга пасайган.
Иқтисодчига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмалари “80 фоизга яқин” кескин пасайиши ҳамда мева ва сабзавот маҳсулотларини чет элга олиб чиқишга ҳукумат томонидан чекловларнинг киритилиши даромадлар пасайишининг асосий омили бўлиб қолди.
“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти учун давлат чегараларининг ёпилиши ортидан жуда кўп одамлар даромаддан маҳрум бўлдилар, - дейди Шосалимов. - Аҳолининг каттагина қисми томорқаларида ёки фермер хўжаликларида етиштирган маҳсулотлардан даромад олиб келган эди”.
NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).