Ўзбекистонда иссиқ сув нархи яна кўтарилди

Ўзбекистонда иссиқ сув нархи яна кўтарилди

Monday, 6 April, 2009
.



Тошкент шаҳар иссиқлик манбаи корхонаси 2009 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон пойтахтида иссиқ сув ва уйларни иситишга нархни саккиз фоизга кўтараётганини маълум қилди.



Бундан кейин ҳар ой иссиқлик манбаи корхонасига тўланадиган тўлов миқдори ҳар квадрат метр учун 20 центни ташкил этади, бир куб метр иссиқ сув учун аҳоли 1,72 доллардан тўлайди.



Бунгача тарифлар ўтган йили октябрь ойида кўтарилган эди ва одамлар сув, иссиқлик ва бошқа коммунал тўловлар учун нарх бундай кейин ҳам кўтарилиб боришидан ташвишланмоқдалар.



Бир хоналик квартирада истиқомат қиладиган уч кишидан иборат тошкентлик оила ҳар ой иситиш корхонасига ва иссиқ сувга ойлик даромадининг деярли 25 фоизини сарфлашга мажбур.



“Бу ҳаддан зиёд кўп”, - дейди 30 ёшли тошкенлик Феруза исмли аёл. У ҳар ой 80 минг сўмга (60 долларга яқин) яқин маош олади ва сув ва иситиш учун 20 минг сўм сарфлайди.



Ўзбекистонда иситиш мавсуми деярли олти ойгача чўзилади; аҳолига оғир бўлмасин дея тўловларни йил бўйи бир текис тақсимлаб қўйилган, лекин шунга қарамай, давлат олдида қарздор бўлиб қолаётган одамларнинг сони камаймаяпти.



“Худонинг берган куни назоратчилар уйма-уй юриб иссиқ сув учун қарзларни тўлаб қўйишни сўрайдилар, акс ҳолда узиб қўямиз дея таҳдид қиладилар ҳам, - дейди 35 ёшли тошкентлик Анвар деган йигит. – Деярли ҳар бир тошкентликнинг иссиқ сувдан қарзи бор”.



Аммо одамларнинг тўлов қобилияти паст. Шунинг учун ҳам, тарифларнинг кўтарилиши ортидан қарздорлар сони ҳам ошиб боради, дея қўшиб қўйди мамлакат пойтахтидаги NBCA-нинг бошқа суҳбатдоши.



Ўзбекистонда минимал иш ҳақи миқдори 25040 сўмни (18 доллардан сал кўпроқ), минимал пенсия эса 49600 сўмни (37 долларга яқин) ташкил этади.



NBCA шарҳловчилари расмийларнинг ўтган йили кузда қабул қилган инқирозга қарши дастурида энергия воситаларига ва сувга тарифларнинг 8 фоизгача кўтарилиши кўзда тутилган бўлса-да, аҳоли даромадларининг индексацияси борасида ҳеч қандай сўз айтилган эмаслигини эслатмоқдалар.



Расмийлар коммунал хизматлар учун тарифларнинг мунтазам кўтарилиб бораётгани шароитида аҳолини ижтимоий қўллаш бўйича зудлик билан амалга ошириладиган бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқаришлари лозим.





Шарҳловчиларга кўра, иситиш ва иссиқ сувга тарифларнинг кўтарилиши бошқа хизмат турларига ҳам нархларнинг кўтарилишига туртки бўлади ва оқибатда инфляциянинг ўсишига ҳамда аҳоли норозилигининг келиб чиқишига олиб келади.



Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил давомида инфляция даражаси етти фоиздан ошмаяпти. Аммо Халқаро валюта фондининг 2006 йилда ўтказган тадқиқоти натижаларига кўра, мисол учун, Ўзбекистонда инфляция 19.5 фоизни ташкил этган.



“Оммавий ишсизлик ва молиявий инқироз шароитида инфляциявий кутишлар жамиятда норозилик кайфиятларининг ўсишига ва ижтимоий зиддиятларга олиб келиши мумкин”, - дея ҳисоблайди тошкентлик иқтисодчи Комрон Алиев.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)







Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists