Ўзбекистон: Тақиқловчи чоралар соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазиятнинг яхшиланишига олиб келмайди

Ўзбекистон: Тақиқловчи чоралар соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазиятнинг яхшиланишига олиб келмайди

Monday, 26 April, 2010

Таркибига бир қатор мустақил таҳлилчилар кирган ҳамда Тошкентда жойлашган Эксперт ишчи гуруҳи  март ойининг охирида берган маълумотига кўра, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Соғлиқни сақлаш тизимидаги раҳбарлар: вилоят ҳокимлиги вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят даволаш-профилактика муассасалари бош врачлари ва туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг хорижий давлатларда бўлиб ўтадиган халқаро форумлар, конференциялар, съездлар,семинарлар, тажриба алмашишлар ва турли машғулотларда қатнашиши қатъий тартиб асосида олиб борилиши тўғрисида" фармойишини чиқарган.

Ўзбекистондан ташқарига чиқишни истаган медицина ходимлари сафар бошланишидан кам деганда 10-15 кун илгари бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири номига тегишли ариза ёзишлари ҳамда қандай мақсадда сафарга  чиқаётганини кўрсатишлари керак. Агар дўхтур сафар давомида бирор илмий анжуманда маъруза қилишни режалаётган бўлса, у ўз маърузасидан вазирликка кўчирма нусхаларини топшириши лозим.

Аризани батафсил ўрганиб чиққан вазирлик раҳбарияти медицина ходимининг сафарга чиқиш-чиқмаслигига рухсат бериш борасида қарор қабул қилади.

Бундан ташқари, медицина ходими хориждан қайтиб келганидан сўнг сафар натижаси бўйича якуний ёзма ҳисобот топшириши лозим.

Мақола ёзилган пайтда расмий идоралар бу янгиликни ҳеч қанақасига шарҳлаб берганлари йўқ, бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг номи ошкор бўлишни истамаган вакили Озодлик радиоси (RFE/RL) ўзбек тили хизматига берган интервьюда айтишича, хорижий сафарлар устидан назоратнинг кучайтирилишига олиб келган сабаблардан бири - сўнгги пайтларда тиббиёт ходимлари “Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган халқаро ташкилотлар ҳисобига сафарга чиқмоқдалар ҳамда республикадаги соғлиқни сақлаш соҳасида юзага келган аҳвол ҳақида маълумот бериб келмоқдалар”.

Тошкентдаги шарҳловчининг таъкидлашича, сўнгги пайтда Марказий Осиё ва чет эл оммавий ахборот воситаларида дори-дармонлар етишмовчилигини бошидан кечираётган Ўзбекистон онкология хизматининг муаммоларини акс этувчи ҳамда мамлакатда оғир касалларни даволаш учун донорлик қони етишмаслиги ҳамда сил ва анемия дардлари билан оғриган беморлар сонининг ўсаётгани каби соғлиқни сақлаш мавзусига оид кўплаб материалларнинг пайдо бўлиши расмийларнинг қаттиқ жиғига тегиб қўйган.

“Хорижий матбуотда чиқадиган барча материаллар батафсил мониторинг қилинади. Бу каби ахборотни фақат врачлар етказиб бераётганлари аён”, - деди у.

“Нима бўпти, - дея аччиқланади Ўзбекистон бўйича медиашарҳловчи. – Агар расмийлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги чинакам аҳволни яширадиган бўлсалар, бундан ким манфаатдор бўлади? Агар улар очиқ гапирганларида, шифокорларга руҳий босим ўтказмай ҳамда қўлларини боғламай бу муаммоларнинг ўзини ҳал қилса бўлар эди”.

Медиашарҳловчи соғлиқни сақлашнинг кўплаб тармоқлари бўйича аниқ ахборот ва очиқ статистик маълумотларнинг етишмовчилигига ишора қилмоқда. Маҳаллий матбуотда объектив материаллар йўқ, газета-журналлар фақат позитив нуқтаи назарни ифода этувчи мақолаларни чоп этиб келади, холос. Ҳолбуки, соғлиқни сақлаш тизимида муаммолар мавжудлиги очиқ-ойдин.

Бошқа шарҳловчиларнинг тахмин қилишича, медицина ходимларининг ҳаракатлари устидан назоратни кучайтириш чоралари юқори малакали докторларнинг миграциясини тўхтатиш ниятида амалга оширилмоқда. Муҳандислар, ўқитувчилар, илмий ходимлар каби шифокорлар ҳам бошқа кўп талаб қилинаётган мутахассислар билан кўп миқдорда бошқа мамлакатларга ишлагани ва яшагани чиқиб кетаяптилар.

“Чет элга чиқиб кетаётган кўплаб врачлар ватанга қайтишни ўйламаяптилар, кўпчилик хорижга, чиқиб кетишга интилмоқда, улар Африкага ва ҳатто барқарор бўлмаган мамлакатларга ҳам боришга тайёр. Уларнинг қўлларида ўша мамлакатларга таклифномалари бор”, - деди Тошкентдаги бохабар суҳбатдошимиз.

Шарҳловчиларга кўра, юқори даражадаги ишсизлик ва ойлик иш ҳақининг озлиги маҳаллий докторларнинг муҳожиротга чиқиб кетишга интилишларига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, давлатга қарашли касалхонада ишлайдиган врачнинг ойлик иш ҳақи 90 АҚШ долларига тенг, медицина ҳамшираси эса ойига 70 долларга яқин иш ҳақи олади. Бундан ташқари, ҳукуматнинг хусусий медицина амалиётини тақиқлашга уриниши важидан шифокорлар ўзларига бошқа мамлакатлардан иш қидиришига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида яшайдиган 32 ёшли врач Афғонистонга ишчи виза расмийлаштириш учун ҳужжат топшириш ниятида юрибди. У кўпроқ пул ишлаб олиш истаги ҳақида гапирмоқда.

“Эр-хотин иккиси ҳам врач бўлиб ишлайдиган танишларим бор. Улар Афғонистонга ишлагани бир неча марта бориб келишган. Улар менга врач бўлиб ишлаган одам у ерда яхши пул топиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб бердилар”, - дейди у. Фтизиатр “ҳар қандай йўл билан” бўлса-да, чет элга пул ишлагани чиқиб кетиш ниятини яширмаяпти.

Яқинда Америка Қўшма Штатларида медицина конференциясида иштирок этиб келган тажрибали иммунолог врач ҳам муҳожирликка чиқиб кетишни орзу қилмоқда. У океан ортида медицина амалиёти билан шуғулланишга қарор қилганини яширмаяпти.

“Менга Америкада [медицина амалиёти билан] шуғулланишни бошлашга таклиф этишганида, аввалига мен буни жиддий қабул қилмадим, - дейди иммунолог. – Аммо АҚШда [истиқомат қилаётган] бир неча ўзбекистонлик врачлар билан суҳбатлашганимда, тажрибам ва кўникмаларим билан анча нарсага эришишим мумкинлигини англадим. Иш ҳақи ҳам тузук экан”.

Доктор ҳар қандай чекловчи чоралар унинг йўлига тўсиқ бўла олмаслигини айтмоқда. Жуда бўлмаса, дейди у, барча рухсат берувчи ҳужжатларни сотиб олса бўлади.

“Мен керакли ишларни ҳаммасини қилиб, барибир кетаман”, - деди у суҳбат ниҳоясида.

 

Ушбу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштириб келинаётган “Марказий Осий янгиликлар маълумотномаси” лойиҳа доирасида тайёрланган.

Uzbekistan
Health
Frontline Updates
Support local journalists