Ўзбекистонда аёлларни мажбуран бичиш амалиёти

Ўзбекистонда аёлларни мажбуран бичиш амалиёти

22 ноябрь куни Тошкентда она ва бола соғлиғини яхшилаш бўйича дастурнинг иккинчи босқичи бошлангани ҳақида эълон қилинди. Бу ташаббус Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФ ва Европа Кенгаши томонидан амалга оширилмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг вакиллари ЮНИСЕФ ва ЕК экспертларига расмийлар эътиборини аёлларни бичиш бўйича махфий, мажбурий амалиёти муаммосига қаратишни маслаҳат бермоқдалар.

Ўзбекистон ғарбдаги Навоий шаҳридан бўлган 28 ёшли Зулхумор иккинчи фарзандини кесер жарроҳлиги ёрдамида дунёга келтирганидан кейин унинг бачадони олиб ташлангани, бу ҳақда эса у бир неча ой ўтгачгина билганини таъкидлайди.

“Икки болани туққан аёллар бошқа туғмасликлари учун уларнинг қувур йўлларини тикиб ташлаш ёки бачадонини олиб ташлаш ҳақида махфий буйруқ мавжуд. Дугоналарим худди мен каби ана шу тиббий амалиётларнинг қурбонларига айландилар, бу Навоий ва бошқа шаҳарларда кенг тарқалган амалиётдир”, - деди Зулхумор.

Тошкентлик адвокат Лайло Ҳамидова кўпчилик аёллар ноқонуний бичилганлари ҳақида хабар топишгач, шифокорларни жазолашмоқчи бўлишларини, аммо судлар бундай даъволарни кўриб чиқмаслигини айтади.

“Мажбурий бичиш йўли билан аёлнинг соғлиғига зиён етказилгани фактини ҳужжатлар асосида исботлаб бериш ниҳоятда қийин, боз устига, шифокорлар туғилишни қисқартириш бўйича қандайдир тасдиқланмаган дастурни баҳона қиладилар”, - деди Ҳамидова.

Тошкентдаги 6-сонли туғруқхона шифокори сўзларига кўра, ҳар йили шифокорларга туғилишни камайтириш бўйича “давлат буюртмаси” берилади.

“Моҳиятан, бу рус рулеткасидир; агар шифокор қувурларингизни тикиб ташлаш керак, деган қарорга келса, у буни амалга оширади, сизга раҳми келиб кетса эса, бу ишни қилмайди”, - деди у.

Кўп шифокорлар Президент Ислом Каримовнинг 2009 йил 13 апрелида чиққан “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори далил қилиб кўрсатмоқдалар. Мазкур қарорда аёлларни контрацепция мақсадида ихтиёрий бичиш имконияти ҳақида ҳам қайд этилган.

“Гап бошқа туғишни истамайдиган аёлнинг ихтиёрий розилиги ҳақида кетмоқда, аммо биз бошқа амалиётни кўраяпмиз, аёлларни огоҳлантиришсиз бундай имкониятдан маҳрум қилишаяпти”, - деди туғруқхона шифокори.

Тошкентдаги оналик ва болалик масалалари билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотининг исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган вакили ҳатто пойтахтдаги аёлларнинг кўпчилиги саводсиз экани ва улар контрацепциянинг оддий йўлларини ҳам билмасликларини айтади.

“Бизнинг жамиятда бу мавзуларни муҳокама қилишга таъқиқ мавжуд, - деди у. - Саводсиз аёллар назоратсиз туғиб ётишибди, расмийлар эса аҳоли маърифатини ошириш ўрнига жўнгина йўл тутмоқдалар – туғилишни мажбуран қисқартирмоқдалар”.

2008 йили Ўзбекистон расмийлари Европа Кенгаши билан ҳамкорликда 3 йилга мўлжалланган “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш хизматларини такомилтириш” дастурини ишлаб чиққан. Лойиҳада асосий эътибор перинатал марказлар, туғруқхоналар ва доялик тизимига қаратилганди.

“Лойиҳа доирасида 17 мингдан зиёд тиббиёт ходими махсус ташкил этилган 17 та ўқув марказида ўз малака ва билимларини оширдилар. Мутахассисларнинг оширилган малака ва билимлари чақалоқ ва ёш болаларни барча босқичларда, ҳомиладорлик ва боланинг туғилганидан кейинги пайтда парвариш қилишга қаратилган комплекс хизматлар пакетини жорий қилишга қаратилгандир”, – деб ёзади лойиҳанинг биринчи босқичи ҳақида Gazeta.uz.

Бироқ кўп мутахассислар оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳақиқий аҳвол ўта аянчли эканини, Европа Кенгаши вакиллари эса ё чалғитилгани, ёки улар кўзлаган дастурни амалга ошириш бўйича ҳукумат ёндошувини атайлаб эътиборга олмаётганларини таъкидлайдилар.

Минтақанинг бошқа мамлакатларига нисбатан Ўзбекистонда аҳолининг ўсиш суръати юқори бўлиб қолаётганига қарамай, мамлакатда туғилиш қисқариши кузатилмоқда, кузатувчилар сўзларига кўра, бунга аёлларни мажбуран бичиш дастури ҳам хизмат қилаяпти.

Шунингдек, мамлакатда гўдаклар ўлими кўрсаткичи ҳам юқорилигича қолмоқда ва у 1000 чақалоққа 21,2 коэффициентини ташкил қилмоқда.

Жойлардаги мутахассислар дастурнинг биринчи босқичи якунланганига қарамай, мамлакатда аёлларни мажбуран бичиш амалиёти давом этаётганини, туғруқхоналарда тиббий хизмат кўрсатиш сифати эса пастлигича қолаётганини айтишмоқда.

“Аёлларга ҳаёт” дея номланган нодавлат ташкилотининг фаоли она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича дастур муваффақиятли дея эътироф этилганини эшитиб, ҳайратда қолганини айтади.

“Туғруқхоналардаги доя ва гинекологларда соҳа бўйича билим йўқлиги туфайли жуда кўп ёш бола нобуд бўлаяпти, гўдаклар ўлимига асосий сабаблар орасида нафас олиш органлари касалликлари ҳам бор. Ёқимсиз статистикани тузатиш учун расмийлар ўлган болалар сони ҳақидаги ҳақиқий маълумотни яширмоқдалар”, - деди фаол.

Шунингдек, мутахассислар мамлакатнинг қишлоқ жойларида ҳам гўдаклар ҳамда оналар ўлими юқорилигини қайд этишмоқда, уларга кўра, қишлоқ жойларда тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти анча паст.

“Қишлоқларда бирорта ҳам гинеколог шифокор бўлмаган поликлиникалар бор. Кўпчилик аёллар ҳомиладорлик пайтида умуман кўрикдан ўтмайдилар, натижада турли нуқсонлар билан туғилаётган болалар сони ошиб бормоқда”, - дейди “Оналарга ҳаёт” нодавлат ташкилотининг фаоли.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

Uzbekistan
Women
Frontline Updates
Support local journalists