Ўзбекистон ўз тарихини “қонунийлаштирди”
Ўзбекистон ўз тарихини “қонунийлаштирди”
31 июль куни 12news.uz Интернет-портали Ўзбекистон Фанлар академиясининг тарих институти томонидан тадқиқот якунлангани, мазкур тадқиқот натижаси Ўзбекистон мустақил давлат сифатида қадим тамаддун тараққиёти базасидаги бронза даври охирларида (тақрибан 3 минг йил аввал) пайдо бўлгани ҳақидаги хулоса бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Ўзбек халқи тарихи ва давлатчилигининг янги концепцияси сўнгги пайтларда жамиятда авж олган баҳс-мунозараларга, тарихий воқеаларнинг турлича талқин қилинишига нуқта қўяди.
Шу йил январь ойидан бошлаб шарҳловчилар ўзбек тарихини қайта ёзилиши масаласини муҳокама қила бошладилар. Мунозара президент Ислом Каримовнинг фармони билан “энг янги тарихни тадқиқ қилиш ва ўқитиш самарадорлигини ошириш” билан шуғулланиши керак бўлган Энг янги тарих бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилганидан сўнг юзага келди. Танқидчилар расмийларнинг дарсликлардан Ўзбекистонни СССР билан боғлаб турувчи йилларни ўчириб ташлаш орқали совет ўтмишидан қутулиш йўлидан бораётгани ҳақида сўзлай бошлагандилар.
“Тарихга оид янги китобларда совет ҳокимиятига аёлларимиз учун паранжисини ташлаб, дунёвий кийим кийиш имкониятини берган “Ҳужум” ҳаракати [изоҳ – ўтган аср 20-йилларида совет аёлларининг ижтимоий тенглик учун тузилган ҳаракати] бўйича ҳам айб қўйилади”, - дейди норози оҳангда Тошкентдаги мактаблардан бирида ишлайдиган тарих ўқитувчиси.
Ўзбекистон Миллий университети замонавий тарих кафедрасининг исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган ўқитувчиси NBCAга ҳозирда ўқитувчилар олдига мамлакатнинг энг янги тарихи призмаси орқали ёшлар онгида тараққиётнинг ўзбек модели “универсаллиги”ни мустаҳкамлаш вазифаси қўйилганини айтди.
“Эндиликда биз сўнгги 20 йил ўзбек халқи тарихидаги энг яхши давр бўлгани ҳақида гапиришимиз лозим, - дейди ўқитувчи. – Воқеаларга нисбатан танқидий мулоҳаза билдириш мумкин эмас”.
Олимлар замонавий ўзбек историографиясида уч асосий йўналишни ажратиб кўрсатадилар. Биринчиси - бу Ўзбекистон собиқ Совет Иттифоқи таркибига кирган даврни танқид қилиш, рус ҳукмдорларини босқинчи сифатида талқин қилишдан иборат; мустақилликка эришилган 1991 йил эса “ўзбек халқининг коммунистлар ҳокимиятига қарши шиддатли кураш йили” деб аталмоқда.
Иккинчи тренд “замонавий ўзбек миллатининг отаси” деб аталаётган президент Каримов тимсолини қаҳрамон даражасига кўтариш билан боғлиқ, учинчи йўналиш эса, тарихчилар сўзларига кўра, амалдаги давлат раҳбарининг яхши кўрган сиймоси – ўрта аср фотиҳи Амир Темур тимсолини афсоналаштириш бўлиб ҳисобланади.
Катта ёшдаги айрим ўқитувчилар янги тарих Иккинчи жаҳон урушининг Ўзбекистонга таъсирини ўзгача талқин қилишидан норозилар.
“Масалан, ҳозир қамал [1942-1944 йиллардаги Ленинград қамали] пайтида совет олимлари, адабиётчилари, мусиқачиларининг кўпчилиги Тошкентга эвакуация қилингани ҳақида гапириш мумкин эмас, - дея қайд этади Миллий университет тарих факультетининг доценти бу ҳодиса маҳаллий маданият ривожланишига туртки берганини урғулар экан. – 1991 йилгача ёзилган тарих дарсликларида бу ўзбек халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган муҳим ҳиссаси, деб ҳисобланарди”.
Тошкентлик тарихчи ва ўқитувчи Обид Қурбонов энг янги тарих 1966 йилдаги даҳшатли зилзиладан кейин Тошкентни қайта тиклашда ёрдам берган собиқ Совет Иттифоқи республикалари ва одамларининг корпоратив жасоратини ўчириб ташлаганидан норози.
“Авваллари дарсларда биз омманинг хатти-ҳаракати билан шаҳар янги қиёфа касб этгани ҳақида батафсил сўзлаб берардик, - дея эслайди тарихчи. – Эски дарсликларда бу воқеага кўп эътибор қаратиларди. Ҳозир эса табиий офат ҳақида қисқача айтиб ўтиш билан чекланилаяпти”.
Бошқа ўқитувчилар эса тарихнинг замонавий талқинида 1989 йили Фарғона водийсида месхети туркларга қарши миллатчилик чиқишлари бўлгани, бу уларнинг Ўзбекистондан сиқиб чиқарилишига олиб келгани ҳақида эслатмалар ҳамда 1990 йилда Ўшда қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида юз берган этник зўравонлик баёни йўқлигини қайд этдилар.
“Биз ўқиган пайтларда бизга воқеаларни бошқача йўсинда тақдим қилишарди”, - деб эслайди жиззахлик 47 ёшли Барно. Унинг 15 яшар қизи бу йил коллежга ўқишга боради ва Барно унга Ўзбекистон тарихининг кўп жиҳатларини тушунтириб бера олмаётганини айтади.
“Масалан, Темур ўрта асрлардаги золим сифатида тасвирланарди, ҳозир эса у буюк ҳукмдор. Бироқ кўз ўнгимизда содир бўлганларни тушунтириб бериш бундан ҳам қийинроқ кечаяпти, ахир биз кўп нарсаларга ўзимиз гувоҳ бўлдик ва бу борада бошқача нуқтаи назарга эгамиз”.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.