Ўзбекистон: Медведев ва Каримов маслаҳатни бир жойга қўяди
Ўзбекистон: Медведев ва Каримов маслаҳатни бир жойга қўяди
14 июнь куни Россия раҳбари Ўзбекистонга хизмат сафари билан ташриф буюради, дея маълум қилди REGNUM ахборот агентлиги. Дмитрий Медведев Тошкентга эртаси куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига кетиш олдидан йўл-йўлакай кириб ўтади.
Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг юқори даражадаги музокаралари сўнгги бор 2010 йилнинг апрель ойида, президент Ислом Каримовнинг Москвага амалий ташрифи чоғида бўлиб ўтганди.
Россия президентининг бўлажак ташрифи кун тартибига оид тафсилотлар ошкор қилинмаяпти, аммо NBCentralAsia таҳлилчилари томонлар кўп йўналишлар бўйича позицияларини мувофиқлаштиришдан манфаатдор эканликлари ҳақида гапирмоқдалар.
Бу Ўзбекистон билан умумий чегарага эга бўлган Афғонистондан коалиция қўшинларининг яқин келажакда олиб чиқиб кетилиши ҳамда шу сабабли ўзгараётган геосиёсий вазият билан боғлиқ минтақавий хавфсизлик масалаларига дохилдир. Россия-Ўзбекистон мулоқотининг бошқа бир мавзуси, шарҳловчилар фикрича, нефть-газ соҳаси ва кон қазиш ишларидаги ҳамкорликнинг иқтисодий жиҳатлари бўлади. Маълумки, бу соҳада Ўзбекистонда Россиянинг Лукойл компанияси фаол иш олиб боради ва асосий сармоядор бўлиб ҳисобланади.
Томонлар хориждаги ўзбек мухолифатчи гуруҳларининг фаоллашгани ва бу ҳақда турли тахминларни билдираётган россиялик сиёсатчиларнинг муносабати билан боғлиқ равишда Ўзбекистонда юзага келган ички сиёсий масалаларни ҳам эътибордан соқит қилмайдилар. (Бу ҳақда “Ўзбекистон: хориждаги мухолифатнинг таъсис қурултойи” дея номланган мақолада ўқинг.)
“Россия сиёсий доиралари, оммавий ахборот воситаларида бу масаланинг кўпиртириб муҳокама қилинишига Ўзбекистон томони норозилик шаклида муносабат билдирди, бу борада ҳатто президентларимиз ўртасида телефон орқали тўғридан-тўғри суҳбат ҳам бўлиб ўтди, - дейди Толипов. – Учрашув бу муаммони муҳокама қилиш учун ҳам яхши баҳона бўлади”.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.