Ўзбекистон: уй-жой ва бозорлар бузилишидан норозилик

Ўзбекистон: уй-жой ва бозорлар бузилишидан норозилик

Йил бошидан буён ўзбек расмийлари сентябрь ойида бўлиб ўтадиган мамлакат мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб йирик шаҳарларнинг ташқи кўринишини яхшилаш кампаниясини олиб бормоқдалар.

23 июнь куни Самарқанд вилояти Ургут туманидаги марказий “Рисолат” бозорининг бузилиши одамларни куч билан ҳайдашга уринган полиция билан қарийб икки мингга яқин сотувчи ўртасида тўқнашувни келтириб чиқарди. Можаро савдогарлар ва полиция ходимларининг оммавий муштлашиши билан тугади, натижада бир неча киши тан жароҳати олди.

Одамларнинг айтишларича, бозор бузилиши огоҳлантиришсиз, куч қўллаш орқали бошланган, сотувчилар изоҳ сўраб мурожаат қилган ҳокимият вакили эса уларга “булдозер босиб кетмагунича” бозорни тезроқ тарк этишни ва туман марказидан етти километр узоқликда жойлашган янги жойга кўчишни тавсия қилган.

Бироқ янги бозорда одамларга янги жой сотиб олишни тавсия қилишмоқда, бунинг учун эса сотувчиларда пул йўқ. “[Эски бозорни] биз билан бирга текислаб ташлайверишсин”, - дейди ўз жойини ҳимоя қилиб гуруч бозорида икки кеча тунаган Ҳодиса исмли тадбиркор аёл.

Эски бозорлар, уйлар ва бошқа хусусий биноларни бузиш мамлакат Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 4 декабридаги “Шаҳарлар, шаҳарчалар бош режаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартибини, қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ равишда олиб борилмоқда.

Жорий йил февраль ойидан бошлаб Тошкентдаги Паркент, Олой, Фарҳод, Миробод бозорлари, Геология музейи йўқ қилинди, Сув спорти саройи ва “Фотон” электрон маиший техника жиҳозлари заводи бузилиш арафасида. Бу жойларда замонавий офислар, боғлар ва автотранспортлар учун тўхташ жойлари қурилиши режалаштирилмоқда.

Бозорлар бузилиши қаторида хусусий уйларнинг ҳам бузиб ташланиши одамларнинг кучли норозилигига сабаб бўлмоқда. Уйсиз қолаётган одамлар қариндошлари ёки яқинлари уйларига кўчишга ёки ижарага уй олишга мажбур бўлмоқдалар, буни эса уларнинг чўнтаги кўтармайди. (Бу ҳақда “Ўзбекистон: пойтахт реконструкцияси одамларни уйсиз қолдирмоқда” (Узбекистан: реконструкция столицы оставляет людей без жильядея номланган мақолада ўқинг.) 

Ўзбекистондаги шарҳловчилар шаҳарлар реконструкцияси жамиятда норозилик кайфиятини келтириб чиқариши мумкинлигини қайд этадилар.

“Расмийлар буни жуда қўпол равишда амалга оширмоқдалар, одамларнинг уйлари бузилиши ҳақида уйни бузишга келган пайтда хабардор қилмоқдалар, тадбиркорларни эса ҳарбий усуллар билан жазоламоқдалар”, - дея таъкидлайди Тошкентдаги медиа таҳлилчи.

Самарқанднинг Ургут туманида истиқомат қилувчи аёл тадбиркорларнинг чиқишлари ва расмийларнинг уларга нисбатан норозилик билдиришларидан чўчиган. У бу ҳодисалар янада кучли ғалаёнлар келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотирда: “Мен кўпгина сотувчиларни танийман, улар қатъий қарор қабул қилганлар, улар бошқа мамлакатларда бўлгани каби ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қиламиз, дейишаяпти”.

Самарқанддаги ҳуқуқ муҳофазаси ташаббуслари марказининг раҳбари Комил Ашуров бундай ҳолат “анчадан буён кузатилмагани”, расмийлар ҳаракатидан норозилик сезилаётгани ва одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини борган сари кўпроқ талаб қилаётганини қайд этади.

“Умумий таранглик сезилаяпти”, - дейди Ашуров.

Бироқ бошқа шарҳловчилар норозиликларни бостириш учун ҳукуматда етарлича куч-имконият борлигини айтишмоқда.

“Ҳукуматда жазо воситалари бор, ҳозирча улар қўрқитиш ва жисмоний куч қўллаш орқали бу каби стихияли чиқишларни бостира олаяптилар”, - дейди Тошкентдаги Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Тадбиркорларнинг полиция билан бўлган бу каби тўқнашуви 2004 йили аҳоли зич яшайдиган Фарғона водийсидаги Қўқон шаҳрида ҳам кузатилган эди. Ўшанда маҳаллий бозорнинг беш мингга яқин сотувчиси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ўртасида кескин тўқнашув содир бўлганди. Тўқнашувга турмуш шароитини яхшилаш ва солиқларни камайтириш талаб қилингани сабаб бўлганди, шундан сўнг савдогарларнинг товарларини ноқонуний равишда тортиб олиш ҳоллари кузатилганди.

Ўша пайтда расмийлар одамларнинг баъзи талабларини бажаришни ваъда қилиб, уларни тинчлантиришга муваффақ бўлгандилар, бироқ акция ташкилотчилари қамоққа олиниб, ўша ерда шавқатсиз жазолангандилар.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

 

Uzbekistan
Protests
Frontline Updates
Support local journalists