Газнинг бензин ўрнини босиши муаммолар келтириб чиқаради

Газнинг бензин ўрнини босиши муаммолар келтириб чиқаради

Monday, 2 April, 2007
, газ экспорти кўламининг ортиши кутилаётганда ва ички эҳтиёжларга газ миқдори доимий етмай турган бир пайтда автотранспортларнинг оммавий равишда газ ёқилғисига ўткизилиши аҳоли учун тушунарсиз ҳол бўлади.



Март ойининг бошида ҳукумат автотранспортларни суюлтирилган газга ўткизиш бўйича умумий харажати 320 миллион АҚШ долларидан иборат бўлган беш йиллик дастур қабул қилди. Дастурга кўра 188 мингга яқин автомобил қайта таъмирдан ўтиши керак. Бу эса 2012 йилга бориб бутун республика автопаркларидаги автомобилларнинг 15 фоизини ташкил қилади.



“Ҳукуматнинг бундай хатти-ҳаракати кутилган ҳол бўлди. Бу Россиядаги ҳолатга ўхшайди. У ерда бизнес-тизимлар бу каби дастурларни ёқламоқдалар”, – дея ҳисоблайди таҳлилчи Музаффар Назаров.



“Бундай дастурнинг қабул қилиниши ўзбек амалдорлари ва Россия ишбилармонлари ўртасидаги ўтган йилги норасмий учрашув пайтидаёқ маълум бўлган эди. Бу ҳол ўзбек ёқилғи ва энергетика комплексида ўз аксини топди. Ушбу соҳада улар Россия сармояларига ишонаётган бўлишлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас”.



Юқоридаги каби ҳолат дастурдаги пунктлардан бирида таъкидланган. Унга кўра, ташқаридан 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ўзлаштирма жалб қилиниши кўзда тутилган.



Бироқ NBCAнинг таҳлилчилари эътиборни бошқа бир жиҳатга қаратмоқдалар: ўзбек ҳукумати шу йилдан бошлаб Россияга газ экспортини тахминан 50 фоизга орттиришни ўз зиммасига олган. Бу кўрсаткич йилига 9 миллиарддан 13 миллиард кубометргача бўлган миқдорни ташкил қилади. Уларнинг фикрича, дастурга кўра суюлтирилган табиий газнинг истеъмол миқдори жуда катта миқдорда ортиб кетади, шу билан бирга автомобилларнинг газга мослаштирилиши ҳам тушунарсиз бўлмоқда.



“Газ экспортининг талаб даражасидаги миқдори ниманинг ҳисобига амалга оширилади тушуниб бўлмайди – газ ишлаб чиқариш кўламини орттириш биланми, ёки ички истеъмол кўламини камайтириш ҳисобигами?” – дея савол қўяди NBCAнинг Ўзбекистон миллий нажот Қўмитасидаги ахборот берувчиси.



“Шунинг учун ҳам бу дастур аҳолига яқин келажакда газ таъминотида содир бўлиши мумкин бўлган узилишлар ҳақида тушунтириш олиб бориш учун “PR–акция” вазифасини ўтамоқда”, – дейди у.



Тошкентдаги халқаро ташкилотлардан бирининг иқтисодий масалалар бўйича ходими ҳам шунга ўхшаш фикр билдиради: “Ҳукумат бу билан газ таъминотидаги доимий узилишлардан жамоатчилик фикрини бошқа томонга қаратмоқчи ва газнинг асосий қисми автомобилларга газ қуйиш шаҳобчаларига кетмоқда, деган баҳона билан ўзини оқлашга ҳаракат қилмоқчи”.



Унинг сўзларига кўра, газ ёқилғисига мослаш учун автомобилларни қайта таъмирлаш кўпчилик ҳайдовчилар ҳамёнига малол келиши мумкин. Шу билан бирга шундоқ ҳам ҳудудларда газ таъминотидаги узилишлар қиш мавсумида бўлгани каби норозилик намойишларининг вужудга келишига туртки бўлиши мумкин.



(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади)



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists