Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг энергетик экспансияси Ўзбекистон иқтисодий чегараларини «қўпориб» ташлаши мумкин
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг энергетик экспансияси Ўзбекистон иқтисодий чегараларини «қўпориб» ташлаши мумкин
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлари Ҳукумат раислари кенгашининг 30 октябрь куни Астанада бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Қозоғистон бош вазири Карим Масимов «Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитойни ўзаро боғлаб турган қувурларнинг мавжуд тизими ягона энергетик майдонни яратиш учун жиддий пойдевор бўлиб қолиши мумкин», дея билдирди.
«Шанхай ҳамкорлик ташкилотида энергетик ҳамжамиятни яратиш учун барча ташкил этувчи унсурлар мавжуд. Уларнинг доирасида энергия ресурсларини ишлаб чиқарувчилари, транспортчилар ва истеъмолчиларнинг манфаатларини муносиб равишда мувофиқлаштириш мумкин», - дея қайд этиб ўтди Қозоғистон бош вазири.
Ягона энергетик бозорнинг яратилиши углеводородларни қазиб чиқариш, уларни транспорт қилиш, хом ашёни сотиш ҳамда умумий энергетик банк ва биржаларни ташкил этишни тартибга солувчи ўзаро таъминловчи механизмларни жорий этишни кўзда тутади.
Расмий Астананинг мазкур ғояси Россия ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган Марказий Осиё давлатларининг иқтисодиётини изидан чиқаришга таҳдид солувчи жаҳон молиявий инқирозини енгиб ўтиш учун ўзаро ҳаракатларни бирлаштириш бўйича таклифларнинг муҳокамаси қабатида янгради.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг бош вазирлари саммит натижаларига кўра коммюнике қабул қилдилар. Унда «ўзаро савдо ва инвестициялар учун барқарор ва олдиндан башорат қилса бўладиган шароитлар яратиш, бозор механизмларини мустаҳкамлаш, энергия самарадорлигини кўтариш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш соҳасида ҳамкорликни жамлаш» борасидаги фикрлар қайд этилган.
Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Хитой Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар саналади. Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Мўғулистон бу ташкилотда кузатувчи сифатида иштирок этадилар.
ШҲТ мамлакатлари дунё нефть захираларининг 20 фоизи ва газ захираларининг 30 фоизидан кўра ошиқроқ бўлган салоҳиятга эгалар.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия умумий транспорт коридорлари билан боғланганлар. Бу мамлакатлар ҳудудида 1967 йилда қурилган ва йилига 50 милллиард куб метр табиий газ ўтказиш қувватига эга бўлган «Ўрта Осиё - Марказ» газ қувури ётқизилган. Бу газ қувури орқали Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда қазиб чиқарилган табиий газ транспорт қилинади.
Бу мамлакатлар 2007 йилда Каспий бўйи газ қувурининг қурилиши ва газ транспорт қувватларини кенгайтириш борасида келишиб олдилар. Бу эса табиий газ экспортининг ўсишига ва амалдаги эскиб қолган транспорт тизимига тушаётган оғирликни енгиллатишга имконият беради. Бундан ташқари, ҳозирга келиб узунлиги 7 минг километр бўлган Туркманистон-Хитой газ қувурининг қурилиши бошланиб бўлди. Бу магистралнинг газ қувурларини Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудларида ётқизиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон ҳар йили 60 миллиард куб метрга яқин табиий газ қазиб чиқаради. Унинг 77 фоизи ички эҳтиёжлар учун сарфланади, қолгани эса ШҲТ мамлакатларига Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинади.
Шу чоққача расмий Тошкент қўшни мамлакатларга иқтисодий таъсир ўтказиш учун углеводородларнинг экспортчиси ва транзитчиси мақомидан ричаг сифатида фойдаланиб келган эди.
Мисол учун, Ўзбекистон расмийлари ўзларининг йирик углеводород конларига эга бўлмаган қўшни Қирғизистон ва Тожикистон республикаларига газ етказиб беришни тез-тез тўхтатиб турадилар ва шу йўл билан транс¬чегаравий муаммоларни ҳал қилишга интиладилар.
Аммо умумий энергетик макон яратилиши билан Ўзбекистон ўз амбицияларидан воз кечишига тўғри келади.
«Энергия воситаларини Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ягона энергетик макони ичида қайта тақсимланиши Ўзбекистонни қўшни мамлакатлар олдидаги афзалликларидан маҳрум этиши мумкин», - дея тахмин қилади тошкентлик шарҳловчи.
Аммо, углеводородларнинг транспорт қилиш бўйича ягона тизимига боғланганлик, ШҲТ бўйича йирик ҳамкорлар томонидан инвестицияларига қарамлик Ислом Каримовнинг позициясига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. У ягона энергетик макон шартларини қабул қилишга мажбур бўлади.
Таҳлилчилар Ўзбекистон молиявий ва банк тизимининг ташқи дунёдан ажраган ҳолда қолиши мамлакатни жиддий таназзулга олиб келган дея қайд этмоқдалар. Бу эса иқтисодиётнинг аҳволига қатъий тарзда таъсир этади. Мамлакатда маблағ етишмаслиги фалокатли даражага етиб қолган, йирик чет эллик инвесторлар эса ўз сармояларини ҳатто энергетик лойиҳаларга ҳам ётқизишга хавфсирамоқдалар.
Экспертларнинг баҳо беришларича, Ўзбекистондаги мавжуд бўлган ва аниқланган табиий газ захиралари 2015 йилгача ҳар йили 10 миллард куб метр даражасида экспорт қилишга етарли бўлиши керак.
Экспортни қўллаш ва уни кўпайтириш мақсадида ҳукумат газни кўмирга алмаштириш бўйича давлат дастурини йўлга қўйди. Бу дастурга кўра, 2013 йилга келиб ички электр энергетикасида табиий газ салмоғини 1820 фоизгача қисқартиришни таъминлаши лозим. Аммо бу ўйлаб топилган лойиҳани амалга ошириш ҳозирча қийин кечмоқда.
«Ҳозир Ўзбекистон расмийлари ўзларининг ШҲТ бўйича асосий ҳамкорлари Россия ва Хитойдан инвестицияларни жалб этишга жуда қизиқиб қолганлар»,- дея қайд этади NBCA экспертларидан бири.
Муҳожирликка чиқиб кетган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев агар Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ягона энергетик маконига кирса қандай фойда кўриши мумкинлиги ҳақида сўз юритмоқда.
У мамлакатга инвесторлар оқимининг кўтарилиши, углеводородлар транзити кенгайиши, инфратузилмалар модернизацияси эҳтимоли мавжудлигига ишорат қилмоқда. Тошпўлатовга кўра, бу Ўзбекистонга салмоқли иқтисодий фойда келтиради ва шу йўл билан мамлакат ички бозорини савдо соҳасидаги ҳамкорликка очиб беришга имконият яратади.
«Мамлакатлар орасидаги вақтнинг соатдаги фарқини ҳисобга олган ҳолда, ШҲТ га аъзо давлатларнинг электр-энергетика тизимларининг бирлашуви уларга истиқболи катта бўлган иқтисодий фойдаларни кўзлашга ҳамда муҳтож бўлган шерикларига бўшаб қолган энергия ресурсларини тўхтатмай етказиб беришга имконият беради», - дея таъкидлайди Йўлдошев.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)