Ўзбекистон: ғалла мустақиллигини таъминлаш қийин бўлади

Ўзбекистон: ғалла мустақиллигини таъминлаш қийин бўлади

Monday, 28 July, 2008
, озиқ-овқатга ишлатилувчи буғдой импортига қарамликдан қутулиб бўлмайди, дея қайд этадилар шарҳловчилар.



Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 16 июль куни мамлакат ғаллакорларига табрик мактубини юборди. Унда Каримов деҳқонларни эришган муваффақиятлари учун мақтади ва деярли 6,2 миллион тонналик улкан буғдой ҳосили йиғиштириб олинганини қайд этди.



Каримовга кўра, буғдойнинг ўта юқори ҳосилдорлиги важидан мамлакат ғаллакорлари бундай муваффақиятларга эриша олдилар. Мамлакатнинг турли вилоятларида ғалла ҳосилдорлиги ҳар гектар ердан 48-65 центнергача етди.



Ҳосилдорлик рекорди ўтган йили кузатилганди. Ўшанда бу йилгига қараганда 50 минг тонна кўпроқ буғдой ҳосили йиғиштириб олинганди.



Лекин NBCA бу борада суриштирув ўтказганида аксарият экспертлар Ўзбекистон расмийлари келтираётган ушбу юқори кўрсаткичли маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа қилмоқдалар. Улар бутун Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар сингари Ўзбекистон ҳам бу йил сув тақчиллигидан азият чеккан ҳамда буғдой етиштириш соҳасида бу каби муваффақиятларга эришиши даргумон деб айтишмоқда.



Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, аҳоли сони йигирма етти миллионга етган мамлакатнинг озиқ-овқатга ишлатиладиган буғдойдаги эҳтиёжи тахминан беш миллион тоннани ташкил этади.



Мустақил экспертларнинг баҳо беришларича, мамлакат ҳар йили Қозоғистондан икки ярим миллион тоннагача юқори сифатли буғдойни импорт қилади.



Бир неча кун илгари мустақил Узметроном Интернет сайти мамлакатга Қозоғистондан ун импорти суратининг ўсаётганини маълум қилганди. Айни пайтда қўшни мамлакатдан кунига 15-20 минг тоннагача ун келтирилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати июль ойининг ўрталарида Россия билан Астрахан вилоятидан ун етказиб бериш тўғрисидаги битимни имзолади.



NBCA шарҳловчиларига кўра, бу ишларнинг ҳаммаси мамлакат нон таъминотидаги қийинчиликларга тайёргарлик кўраётганига далил бўлмоқда.



“Ўзбекистон ун ва дон маҳсулотларидаги ички эҳтиёжларини қоплашга қодир эмас”, - дея қайд этади ушбу муаммо бўйича ўзининг шахсий тадқиқотларини ўтказаётган Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирининг профессори, иқтисод фанлари доктори.



Тошкентлик бошқа NBCA шарҳловчиси ҳам ҳудди шундай фикрда. У мамлакатда асосан чорва озуқасига ярайдиган буғдой етиштирилишини эслатади. Унга кўра, бундай буғдойдан олинган ун сифатли нон ёпишга ярамайди.



Ўзбекистоннинг суғориладиган майдонларида етиштирилаётган буғдой ўзининг юқори ҳосилдорлигига қарамай, сифати пастлиги билан ажралиб туради. Бундай буғдой унига четдан келтирилган унни қўшиб, аралаштириб “ижтимоий нон” ёпилади. Бу нонлар анъанавий ўзбекона об-нонларга нисбатан арзонроқ сотилади.



Сифатли, озиқ-овқат маҳсулотларига яроқли буғдой етиштириш аграр секторнинг буғдойдан кўра рентабллироқ саналувчи пахта монокультурасига қаратилгани важидан қийинлашган. Пахта экспорти мамлакат бюджетига валюта тушумининг 70 фоизини таъминлайди. Мамлакатда энг кўп экин майдонлари айнан пахта етиштириш учун ажратилган.



Қишлоқ хўжалигининг суғориладиган майдонларини сув билан таъминлашдаги қийинчиликлар бошқа яна бир жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.



Бугунги кунда Ўзбекистон сув ресурсларининг ўта тақчиллигини бошдан кечирмоқда. Боз устига, суғориш учун сувнинг аксарият қисми ғўза экилган майдонларга сарфланмоқда. Мамлакат суғориш тизимини таъминловчи Амударё ва Сирдарёнинг йиллик оқими миқдорининг 90 фоизи қўшни давлатлар ҳудудида – Қирғизистон ва Тожикистонда шаклланади.



“Сув ресурслари етишмаслиги важидан мамлакатда дон экинлари учун ажратилган экин майдонларини кўпайтириб бўлмайди, шунинг учун ҳам яқин ўн йил давомида Ўзбекистон нафақат озиқ-овқат қарамлигига, балки ундан-да қўрқинчлироқ бўлган очарчилик балосига йўлиқиши мумкин”, - дейди тошкентлик NBCA шарҳловчиси.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists