Ўзбекистон иқтисодиёти эркин иқтисодий зонага умид қилмоқда

Ўзбекистон иқтисодиёти эркин иқтисодий зонага умид қилмоқда

Thursday, 18 December, 2008
(ЭИЗ) яратиш ҳисобига миллий иқтисодиётнинг ривожланишига туртки беришга уринмоқдалар. Аммо либерал шароитларнинг йўқлиги важидан бу ниятни амалга ошириш қийин бўлади, дея тахмин қиладилар NBCA шарҳловчилари.



Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2008 йил 2 декабрь куни «Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида»ги фармонига имзо чекди. Фармонга кўра, мамлакат шимоли-ғарбида, «Навоий» халқаро аэропорти атрофидан ўрин оладиган эркин иқтисодий зона ва унинг инфратузилмаси қурилишининг лойиҳаси 2009 йил 1 мартгача тайёр бўлиши керак.



Расмийлар ЭИЗ «жаҳон стандартларига жавоб берадиган ва жаҳон бозорларида талаб қилинадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этишга» ёрдам беради дея умид қилмоқдалар.



Ҳукумат алоҳида божхона, валюта ва солиқ режимларини киритишни, чет эллик фуқароларнинг ЭИЗ ҳудудига кириш, ҳудудда бўлиш ва чиқиб кетишнинг, шунингдек, улар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар олишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этишни ваъда қилмоқда.



Эркин иқтисодий-индустриал зонани бунёд этиш учун жойнинг танланиши ҳам Навоий вилоятининг ўрнашган ери ва унинг ривожланиши истиқболли режалари билан изоҳланади. Вилоятда йирик табиий газ захиралари, қимматбаҳо металл ва уран конлари, ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун етарли даражада хом ашё захиралари мавжуд.



Бу ерда кўп миқдорда саноат корхоналари ва юқори малакали ишчи кучлари тўпланган.



Навоий вилояти орқали Тошкент-Ашхобод ва Тошкент-Учқудуқ темир йўллари ҳамда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ва Афғонистон билан боғланган халқаро транспорт коридорлари ўтган. Ушбу транспорт коридорлари орқали Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига, шунингдек, Россия, Болтиқбўйи ва Эрон портларига чиқиш мумкин.



NBCAнинг маҳаллий шарҳловчилари ушбу омилларнинг барчаси айни пайтда стагнация ҳолига тушиб қолган Ўзбекистон иқтисодиётининг кўтарилишига ёрдам беради дея умид қилмоқдалар.



Тошкентлик иқтисодчи Виктор Ивонинга кўра, ЭИЗ яратиш ғояси Ўзбекистон ҳукумати доирасида ўтган асрнинг 90-чи йилларида туғилган ва ниҳоят ҳозирда ҳаётга татбиқ этиладиган бўлаяпти. Аммо бунинг учун замонавий технологиялар ва ишлаб чиқариш воситалари керак.



«Саноат корхоналирини модернизация қилмай ҳамда ресурс потенциалидан фаол тарзда фойдаланмай туриб мамлакат товар маҳсулотларини сотиш бозорларга эгалик қилиш учун рақобатли курашда ҳатто минтақадаги қўшниларга ҳам мағлуб бўлиши мумкин. ЭИЗ эса мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини жонлантириши мумкин», - деди у.



NBCA томонидан қўшни Қозоғистонда сўралган экспертлар инвесторларнинг Навоий эркин иқтисодий зонасига маблағ ётқизишга тайёрлигига ишора қилмоқдалар. Негаки, бу ердаги мавжуд ресурслар инвесторларни ўзига жалб қилмоқда.



Аммо Ўзбекистон ичидаги бошқа шарҳловчилар мамлакатда қатъий тартиб асосида бошқарилаётган иқтисодиётга, коррупциянинг юқори даражада авж олганига ҳамда либерал банк тизимининг йўқлигига ишора қилмоқдалар. Ушбу омилларнинг бари эркин иқтосодий зонанинг нормал фаолият юритишига тўғаноқ бўлиши мумкин.



Таҳлилчилар президент Каримовнинг молия секторини ва тадбиркорлик муҳитини либераллаштириш ниятлари намойишкорлик характерга эга бўлганини ва амалда муваффақиятсизликка учраганини эслатишмоқда.



Мисол учун, 2007 йил охирида расмийлар банк тизимини либераллаштирганлари ҳақида эълон қилдилар ва одамларни депозит очишга ундадилар. Улар шу йўл билан банк капиталини тўлдиришга уриндилар.



Ҳукумат 2008 йил февраль ойида «Ўзбекистон фуқароларининг пул жўнатмалари келиб тушадиган банк ҳисоб рақамлари очилмайди ва текширилмайди» дея эълон қилдилар. Аммо тадбиркорлар давлатнинг тўла назорати остида фаолият юритаётган банклар махсус хизмат ходимларининг талабига биноан банк ҳисоб рақами тўғрисидаги исталган маҳфий маълумотни очиб беришлари мумкинлигини маълум қилдилар.



Экспертлар ўз ишини очмоқчи бўлган ўзбекистонлик тадбиркорлар йўлида ғов бўлаётган тўсиқлар мавжудлигини эслатмоқдалар. Улар бюрократик ва коррупциявий тўсиқларни кечиб ўтишларига тўғри келади. Янги иш очмоқчи бўлган тадбиркор камида етти-саккизта давлат идораларидан турли справкаларни тўплаши, бунинг учун эса пора беришига тўғри келади.



«Ўйлашимча, инвесторларнинг ҳам ўзбекона воқеаликка дуч келишларига тўғри келади», - дейди Фарғоналик тдбиркорлардан бири.



Шунинг учун ҳам эркин иқтисодий-индустриал зонанинг фаол ривожланишига умидлар жуда оз.



«Эркин иқтисодий зона нормал ҳолатда фаолият юритиши учун расмийлар инвесторлар учун иложи борича либерал шароитлар яратиб беришлари лозим. Аммо ҳозирги шароитда улар буни эплай олармикинлар?» – дея иккиланади тошкентлик шарҳловчи.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)
Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists