Ўзбекистон: Расмийлар аҳолининг ҳуқуқий маданияти борасида қайғурмоқдалар

Ўзбекистон: Расмийлар аҳолининг ҳуқуқий маданияти борасида қайғурмоқдалар

Monday, 25 May, 2009
, дея ҳисоблайдилар NBCA шарҳловчилари.



29 апрель куни Gov.uz давлат портали Ўбекистонда “ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар” олиб борилиши ҳақида хабар берди. Хабарда айтилишича, расмийларнинг диққат-эътибори қонунларни такомиллаштиришга ва аҳолига ҳуқуқий имкониятлар ҳақида тушунтириш ишларининг олиб боришга қаратилган.



Нашрнинг хабар беришича, Ўзбекистон Олий Мажлисининг (парламент) қонунчилик (қуйи) палатаси мутахассислар, олий ўқув муассасалари ўқитувчилари, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари, ҳуқуқшунос-ташвиқотчиларнинг “одамлар орасида ҳуқуқий маданият қандай шаклланаётгани, билим ва тажрибалари қандай такомиллашиб бораётгани” тўғрисидаги маърузаларини тинглаган.



Расмийлар 1997 йилда Ҳуқуқий маданиятни кўтариш миллий дастурини қабул қилган пайтларидаёқ бу ҳақда билдиришга бошлагандилар. Ўшанда улар Юристлар билимини ошириш бўйича марказни таъсис қилдилар, мактаб ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий онг ва қонунга эҳтиром туйғуларини шакллантириш бўйича махсус ўқув дастурларини жорий қила бошладилар.



Ўзбекистонда ҳуқуқий мавзуларга бағишланган турли анжуман ва конференциялар тез-тез ўтказиб турилади, инсон ҳуқуқларининг бузилишлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқбузарликларга оид аризалари бўйича кўрилган чоралар ҳақида маълумотлар чоп этилади.



Мисол учун, яқинда Ички ишлар вазирлигининг Инсон ҳуқуқлари ва юридик таъминот бўйича бошқармаси 2009 йилнинг биринчи чорагида милиционерлар томонидан содир этилган турли қонунбузарликлар тўғрисида ариза билан мурожаат қилган фуқаролардан саккиз юздан зиёд ариза келиб тушганини маълум қилди.



Аммо ҳозирча бундай фактлар ҳуқуқ ҳимоячиларнинг ишончини қозона олгани йўқ.



“Инсон ҳуқуқлари риоя қилиниши учун ҳақиқатдан ҳам кураш бошланиб кетди дея ишонишлик соддалик бўларди”, - дейди Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциациясининг президенти Надежда Атаева.



Атаева ўзининг фикрларини қуйидагича изоҳламоқда. Ўзбекистон ҳамон, илгаригидек инсон ҳуқуқларининг бузиш амалиёти кенг тус олган давлат бўлиб қолмоқда. Бу мамлакатда ўзгача фикрлаш таъқиб остига олинган, сўз эркинлиги йўқ, турмаларда ўтирган маҳбусларга нисбатан мунтазам қийноқлар қўлланиб келинади.



АҚШ давлат департаменти 2008 йилда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича ўзининг навбатдаги ҳисоботида Ўзбекистонни собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги энг авторитар давлат сифатида тан олган эди.



NBCA томонидан сўралган шарҳловчилар ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳибсга олинаётган ўзбек жамиятига ҳос мавжуд хусусият одамларнинг ўз ҳуқуқлари борасида яхши хабардор бўлишларига мажбур қилаётганини қайд этмоқдалар. Негаки, уларнинг ҳар бири исталган пайтда махсус хизматлари томонидан ишончдан чиққан фуқаро сифатида гумон остига олиниши мумкин.



Аммо бу билимларга эга бўлишлик билан уларни амалда қўллаш осон бўлади деб бўлмайди.



Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раиси Сурат Икрамовга кўра, унинг олдига кўплаб маҳаллий аҳоли вакиллари келадилар ва ўз ҳуқуқлари бузилиши муносабати билан олдин мурожаат қилган идораларнинг ҳеч қандай чора кўрмаётгани борасида шикоят қиладилар.



“Одамлар президент, бош вазир номига, прокуратурага, ички ишлар вазирига шикоят аризаларини ёзадилар ва юзаки жавоб оладилар, - дейди Икрамов, - кейин бўлса улар омбудсменга мурожаат қиладилар. Омбудсмен эса ўз навбатида бу шикоятларни аризачилар арз қилаётган идораларнинг ўзига юборади. Бунга ақл бовар қилмайди”.



Бундай шароитда шарҳловчиларга кўра, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш тўғрисида баёнот билан чиқишларни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди. Негаки, расмийлар биринчи навбатда ижроя идораларининг ходимлари шундай маданиятга эга бўлишига эътиборларини қаратишлари ҳамда қонун ижроси амалиётини жорий этишлари лозим.



“Расмийлар эришган ютуқлари ҳақида овоза қиладилару, аммо бунга бирорта факт йўқ”, - дея қўшиб қўйди ҳуқуқ ҳимоячи.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists