Ўзбекистон: расмийлар касбий-техник таълим ташвишини қилмоқдалар
Ўзбекистон: расмийлар касбий-техник таълим ташвишини қилмоқдалар
Яқинда чиқарилган “Малакали педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини шундай кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “жиддий камчилик ва нуқсонлар” мавжуд бўлган ўрта-махсус таълимнинг самара бермаётганини эътироф этди.
Бу мавжуд анъанавий ўқитиш услублари билан бир қаторда академик лицей ва коллежлар профессионал кадрлар билан яхши таъминланмагани билан ҳам боғлиқдир.
Қарорда таклиф қилинаётган биринчи галдаги чора-тадбирлардан бири янги ўқув йилигача якунланиши лозим бўлган педагоглар аттестацияси, шунингдек, ўқитиш жараёнига замонавий педагогик ахборот-коммуникацион технологияларни жорий қилиш ва ўқитувчиларни ўқитиш учун доимий фаолият кўрсатувчи семинарлар ташкил этиш бўлади.
Ўзбекистоннинг ўрта-махсус таълим тизими советча касбий-техник тайёргарликнинг ёмон моделини ўзида акс эттирган бўлиб, у ерда, Тошкентдаги ўрта мактаблардан бирининг илмий бўлим мудири сўзларига кўра, таълим “ҳаддан зиёд сифатсиз”дир ва талабалар мутахассислик бўйича билим-малакага эга бўлолмайдилар.
“Коллежларга нисбатан муносабат қачонлардир касб-ҳунар билим юртларига бўлган муносабат кабидир, у ёққа ҳар доим ишчиларга оид мутахассисликларни эгаллаш учун иккичиларни юборишган, - дейди илмий бўлим мудири, - фақат ҳозирда бунинг учун пора ҳам бериш керак, бироқ бундан бирор наф йўқ”.
Ушбу мақола учун сўралган шарҳловчилар таълим соҳасининг бу жабҳасини зудлик билан ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақидаги мулоҳазага қўшиладилар, бироқ улар биринчи навбатда ўрта-махсус таълим масканлари фаолиятини шаффофлаштириш ва у ерда коррупция даражасини пасайтиришга эътибор қаратишни тавсия қиладилар.
Тошкент вилоят халқ таълими бошқармаси ходимаси сўзларига кўра, кенг тарқалган коррупция схемалари туфайли бу ерда пора эвазига тегишли дипломсиз ҳам ўқитувчи бўлиб олиш мумкин.
Малакасиз ўқитувчи талаба зеҳнига сифатли билимни жойлаб қўёлмайди, ҳар йили маҳаллий коллеж ва лицейларни битириб кетаётган 450 мингга яқин битирувчи тайёргарлик даражасининг пастлиги ҳам шунга боғлиқдир, дея давом этади у. Бу битирувчиларнинг бир қисми меҳнат бозорини тўлдиради, маҳаллий ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, бу биржалардаги кишиларнинг 60 фоизини ёшлар ташкил қилади.
Масалан, 2011 йилда Ўзбекистон Ҳисоб палатаси қатор ўқув юртларида сохта ва тасдиқланмаган хорижий дипломлар билан ишлаётган 222 нафар ўқитувчини аниқлаган.
Хоразмдаги хизмат кўрсатишга оид коллежда ишловчи 25 йиллик стажга эга бўлган ўқитувчи бу ҳудуддаги ўрта-махсус билим юртларида ишлайдиган ўқитувчиларнинг ярмини “билим даражаси паст бўлган кечаги битирувчилар” ташкил қилишидан нолиди.
“Уларнинг ўзлари “пора-ўқишга кириш-пора-сессия-пора-имтиҳон” схемаси бўйича ўқиганлар”, - дейди у ўқиш жараёнида яхши баҳо олиш учун норасмий тўловлар жуда кенг тарқалганини қайд этаркан. Суҳбатдош битирувчиларга дипломлар мутахассислик бўйича ишга жойлашганлари ҳақида маълумотнома тақдим этганларидан кейингина берилишини, бундай маълумотномалар ҳам кўпинча пора эвазига олинишини қўшимча қилди. “Бу маълумотномалар ҳақиқийми ёки йўқми – буниси ҳеч кимни қизиқтирмайди”, - дея хулосалайди у.
Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилотининг 2011 йилдаги ҳисоботига мувофиқ, Ўзбекистонда коррупция даражаси аввалгидек юқорилигича қолмоқда. Мазкур ҳисоботда Ўзбекистон дунёнинг 183 давлат орасида Афғонистон, Туркманистон ва Судан қаторида 177-ўринни эгаллаб турибди.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.