Ўзбекистонда навбатдаги амнистия бошланди
Ўзбекистонда навбатдаги амнистия бошланди
Ўзбекистон расмийлари 28 август куни мамлакат Мустақиллик куни муносабати билан турмадагилар учун амнистия эълон қилди.
Олий Мажлис Сенати (парламент юқори палатаси) президент Ислом Каримов тақдим этган лойиҳага асосан уч ой давомида турмалардан аёлларни, балоғатга етмаган болаларни ва 60 ёшдан ошган эркакларнинг озод этилишини кўзда тутувчи қарор қабул қилди. Шунингдек, чет эл фуқаролари, ногиронлар ҳамда “жамоатчилик учун хавфли бўлмаган” жиноятлар учун оз муддатга қамалган маҳбуслар ҳам амнистияга мувофиқ қолган жазони ўташдан озод этиладилар.
Бироқ, NBCA шарҳловчилари амнистия олдинги йилларда сингари сиёсий сабабларга кўра озодликдан маҳрум этилганларни четлаб ўтишидан хавотирланмоқдалар. Негаки, улардан бирортаси ҳам амнистия шартларига мос келмайдилар.
“Яқиндагина қатағонга дуч келган [диссидент шоир] Юсуф Жума, [журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари] Солижон Абдураҳманов, Аъзам Турғунов, Дилмурод Саййид каби сиёсий муҳбуслар ушбу амнистияга назарий жиҳатдан ҳам туша олмайдилар, - дея афсусланади Берлинда истиқомат қилувчи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги эксперт Умида Ниёзова. – Ҳамкасбларимиз “ўта жиддий” жиноятлар учун узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар. Боз устига, улар биринчи марта қамалаётганлари йўқ”.
Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг қайд этишича, Ўзбекистон турмаларида турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган ўттизга яқин сиёсий маҳбуслар жазони ўтамоқдалар.
Расмийлар режим танқидчиларига нисбатан энг кўп қўяётган айбловлар – порахўрлик, наркотик моддаларини сақлаш ёки конституциявий тузумга тажовуз қилишдан иборат бўлиб, бу моддалар бўйича амнистия истиқболи йўқ ҳисобида.
“Уларнинг озод этилиши сиёсий масала бўлиб қолган”, - дея қайд этади Ниёзова. У ҳам 2007 йилда расмийлар томонидан ўзининг журналистик ва ҳуқуқ ҳимоя фаолияти учун суд томонидан озодликдан маҳрум этишга маҳкум бўлган, уч ярим ой турмада ўтирган ва кейинроқ амнистия бўйича озодликка чиқарилган эди.
Экспертларнинг қайд этишича, сиёсий маҳбусларга нисбатан бу каби қарорларнинг қабул қилиниши учун халқаро ташкилотларнинг кучларини сафарбар қилиши, давлатлар расмий баёнот беришлари, дунё ҳамжамиятининг авторитар режимларга босим қилишнинг турли механизмларини қўллаши зарур.
“Сиёсий маҳбуслар ҳокимиятни танқид этадилар, шунинг учун ҳам улар расмийлар ташаббуси билан авф этилишлари мумкин эмас”, - дейди комил ишонч билан муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.
Ҳозирча у режимга номақбул бўлиб панжара ортига ташланган сиёсий маҳбусларнинг муҳталам авф этилишига ҳеч қандай асос кўрмаяпти.
Сиёсий маҳбус, агар у ҳатто амнистияни мустасно этмайдиган Жиноят кодексининг моддаси билан маҳкум этилган бўлса ҳам, бу нарса чиндан амалга ошади дея умид қилишга асос кам.
Мамлакат шарқидаги Фарғона вилоятида фаолият юритаётган “Ўтюраклар клуби” ҳуқуқ ҳимоячилари клубининг раҳбари Мўътабар Тожибаева уч ярим йил турмада ўтириб чиққан ва халқаро ҳамжамиятнинг босими остида авф этилиб озодликка чиқарилган эди. У Ўзбекистондаги амнистияларнинг ҳаммасини декоратив дея ҳисоблаяпти.
Ўзининг қамоқда ортирган тажрибасига суяниб у бу мамлакатда амнистиялар қандай ўтказилиши ҳақида сўзлаб берди.
“Куч ишлатар тузилмалари томонидан тузилган амнистияга тушмаслиги лозим бўлган маҳбусларнинг рўйхати жазони ўташ муассасалари маъмуриятларига туширилади ва бунинг ортидан ўша маҳбусларга нисбатан террор бошланади. Уларнинг устидан икки-учтатадан “ички тартибни бузиш ҳоллари” юкланади. Бу эса мавжуд қонунга кўра, амнистия қоидаларига зид келади”, - деди у.
Бу нарса режим танқидчиларининг турмада узоқроқ ўтиришлари учун қилинади.
Тожибоева турмада ўтирган, 2005 йил декабрь ойида амнистия арафасида ўзи ҳам амнистияга тушмайдиган маҳбуслар қаторига ўтиб қолганини пайтларини эслади. Ўшанда унинг ишида ўн олтита янги моддаларга асосланган айбловлар пайдо бўлган эди.
“Мени 2005 йил 7 октябрь куни ҳибсга олдилар, декабрь ойида эса амнистия эълон қилинди. Расмийлар менга агар авф этиш тўғрисида ариза ёзсам дарҳол қўйиб юборишларини айтишди, аммо мен бунга кўнмадим. Бир ҳафта ўтиб менинг ишимда ўн олтита янги айбловчи моддалар пайдо бўлди. Улардан 3 таси амнистия эҳтимолини мутлақо истисно этар эди. Колонияда жазони ўтай бошлаганимда эса мен авф этиш учун ариза ёзмаганим учун 25-30 та “тартиб бузишлар”ни юклаб қўйдилар. Бу менга нисбатан амнистия қўлланмайди деган маънони англатар эди. Бироқ, Ғарб Ўзбекистонга кўп миллион долларли ёрдам берганидан сўнг мени авф этдилар ва озодликка чиқардилар.”
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)