Ўзбек расмийлари журналистларнинг очлик тадбирини сезмаганга олмоқда
Икки журналист аёл президент эътиборини Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги цензура ва порахўрлик муаммосига қаратиш учун очлик эълон қилдилар.
Ўзбек расмийлари журналистларнинг очлик тадбирини сезмаганга олмоқда
Икки журналист аёл президент эътиборини Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги цензура ва порахўрлик муаммосига қаратиш учун очлик эълон қилдилар.
“Ёшлар” давлат телеканалининг собиқ мухбирлари Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларнинг раҳбарият билан давом этаётган зиддияти журналист аёлларни 27 июнь - Ўзбекистонда медиажабҳа ходимларининг касбий байрамлари нишонлаган куни муддатсиз очлик эълон қилишга мажбур қилди.
Бироқ Ислом Каримов билан учрашувни талаб қилиб, президент маъмурияти биноси олдида норозилик акцияси бошланганларини эълон қилган журналист аёллар ҳибсга олиниб, милиция бўлимига олиб келингандилар, сўнг эса уларнинг ҳар бири рухсат этилмаган митинг ўтказганлик ва жамоат тартибини бузганлик учун 1500 АҚШ долларига тенг миқдорда жаримага тортилгандилар.
Икки ўзбек журналистининг давлат телеканали раҳбарияти билан зиддияти 2010 йилнинг 23 август куни Омонова ва Эшонқулова Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида иштирок этиб, у ерда “Ёшлар” телеканалида авж олган цензура ҳолатлари ва порахўрлик фактлари ҳақида айтиб берганларидан сўнг бошланганди. (Бу ҳақда “Ўзбекистон: телемухбирлар цензурага қарши чиқмоқдалар” («Узбекистан: телерепортеры замахнулись на цензуру») дея номланган мақолада ўқинг).
Журналист аёллар 2010 йилнинг декабрь ойи бошларида телеканал раҳбарияти истеъфосини талаб қилиб ўтказган пикетларидан сўнг ишдан бўшатилгандилар. Норозилик билдираётганларнинг сўзларига кўра, ўша пайтдан бошлаб улар махфий хизматларнинг босими ва дўқ-пўписасига дучор бўла бошлаганлар, Тошкентдаги пропискаларидан маҳрум қилинганлар. Муддатсиз очлик тадбири бу мухбирлар жаҳд қилган энг сўнгги чорадир.
“Расмийлар бизни кўриб-кўрмаганга олаяптилар, - деди Саодат Омонова. - Аммо бизнинг ортга чекиниш ниятимиз йўқ, бу борада бизнинг қароримиз қатъий”.
Ушбу мақолани ёзилаётган пайтгача ўзбек давлат тузилмалари журналистларнинг акциясига нисбатан ҳеч қандай муносабат билдирганлари йўқ. Бироқ, очлик эълон қилганларнинг айтишича, уларнинг электрон почталари ва уяли телефонларига ҳақоратомуз хат-хабарлар, яқин орада содир бўладиган ўлим тўғрисидаги дўқ-пўписалар кела бошлаган, улар уйларига чақираётган шифокорлар ўрнига эса махфий хизмат ходимлари келмоқдалар.
“Биз ўзимизда лоҳаслик сезиб, шифокорларни чақирганимизда уйимизга кўринишидан МХХ ходими бўлган бир эркак келди ва тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига бизга касбимизни ўзгартиришни ёки Европага ёки Россияга чиқиб кетишни таклиф қилди, - дейди Малоҳат Эшонқулова. - У бизга Тошкентда ҳар куни минглаб одам ўлаётгани ва бизнинг ўлимимизни ҳеч ким сезмай қолишини айтди”.
Эртаси куни тез тиббий ёрдам чақирилган пайтда келган махфий хизматнинг бошқа ходими эса очлик эълон қилган аёлларни шифокорларни “кунига икки маротабадан ортиқ чақирмаслик” ҳақида огоҳлантирган. У аёлларда психоз бошланаётганини ва улар шифокорларга қайта мурожаат қилган тақдирда журналистларни руҳий касаллар шифохонасига олиб кетишларини қайд этган.
“Ёнимизда икки соатдан зиёд ўтирган шифокорнамо бу кимса бизга ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатгани йўқ, аммо биз руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилишимиз мумкинлигини айтиб, пўписа қилди, кетаётганда эса бизга “ситуацион психоз” ташхиси ёзилган бланкни ташлаб кетди”, - дейди Омонова.
Омонова ва Эшонқуловалар аввал ишлаган “Ёшлар” телеканалининг ходимаси Муҳайё Қалқонова журналист аёлларнинг норозилик акциясини “уларнинг шахсий муаммоси” дея атади.
“Бу мавзуда гапириш мен учун малол келади, мен бу ҳақда гапиришни истамайман”, - дея қайд этди Қалқонова.
Вазифаси журналистларни бирлаштириш ва уларга ёрдам беришдан иборат бўлган Ўзбекистон журналистлар уюшмасида қувғиндаги ҳамкасбларининг очлик тадбирига изоҳ беришдан бош тортишди.
“Ёшлар” телеканалининг телешарҳловчиси собиқ ҳамкасбларининг цензура ва порахўрликка чек қўйиш интилишларини “бутунлай” қўллаб-қувватлашини, аммо ишдан ҳайдалишдан хавфсирагани учун бу ҳақда ошкора гапиролмаслигини айтди.
Францияда яшаётган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева журналист аёлларнинг бундай хатти-ҳаракати расмийларни саросимага солиб қўйган, шунинг учун улар бунга мутлақо муносабат билдиролмаяптилар, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистонда барча оммавий ахборот воситалари расмийлар томонидан назорат қилинади, журналистлар эса махфий хизматларнинг қаттиқ назорати остида ишлайдилар ва тотал цензура шароитида улар муаммолар ҳақида ошкора гапирмасликка ҳаракат қиладилар, чунки бу уларни ҳибсга олинишига ёки қамоққа тиқилишига сабаб бўлиши мумкин.
“Улар [расмийлар] бундай қатъият ва жасоратни кутмаган эдилар”, - дейди Тожибоева.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.