Ўзбекистон КХШТ ва МДҲнинг норасмий саммитларида иштирок этади
Ўзбекистон КХШТ ва МДҲнинг норасмий саммитларида иштирок этади
19-20 декабрь кунлари Москвада бўлиб ўтадиган икки анжуманда президент Ислом Каримовнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Гарчи Ўзбекистон ҳарбий-сиёсий блок бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) каби Кремль томонидан назорат қилинадиган постсовет интеграцион бирлашмаларига аъзо бўлиб ҳисобланса-да, Тошкент бу тузилмалар фаолиятини самарасиз ҳисоблаб, уларни тез-тез танқид қилиб туради ва айрим коллектив ҳужжатларни имзолашдан бош тортиб келади.
Масалан, 1999 йили самарасизлиги туфайли Ўзбекистон ўзининг КХШТга аъзолигини тўхтатган, буни шартнома “мамлакатнинг ҳарбий-сиёсий манфаатларига мос келмаётгани” билан изоҳлаганди, ваҳоланки, орадан етти йил ўтгач, у мазкур блокка яна қайтди.
NBCA шарҳловчилари бу гал Каримов Тошкентнинг ўзига хос позициясини эълон қилишини тахмин қилаяптилар.
Шу йил декабрь ойи бошида Конституция куни муносабати билан нутқ сўзлаган президент интеграция масаласига тўхталаркан, давлатлараро бирлашмаларга “эҳтиёт бўлиб” ёндошиш лозимлигини, чунки улар вақт ўтиши билан сиёсийлашиб кетаётганини ҳамда бошқа хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликка “салбий” таъсир этаётганини қайд этганди.
“Сўнгги пайтларда Москванинг Қирғизистон жанубидаги чегараларимиз яқинида КХШТ байроғи остида ҳарбий база ташкил қилиш ғояси Тошкент учун ғашга тегувчи омилга айланди, - дейди ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи. – Бу жуда асабга тегаяпти, чунки Каримов ҳозир Ғарб билан ҳарбий ҳамкорлик қилишни кўзлаяпти”.
Суҳбатдош бу қўшни Афғонистондаги коалиция қўшинлари учун юк элтиш Шимолий йўли ўтган Ўзбекистоннинг геосиёсий роли ошиб бориши қабатида айниқса долзарб масалага айланганини қўшимча қилди.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.