Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи бир йил камроқ ўтирадиган бўлди
Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи бир йил камроқ ўтирадиган бўлди
3 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди рўйхатга олинмаган Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг аъзоси Фарҳодхон Мухторов иши бўйича аппеляция шикоятини кўриб чиқди. Суд аввал чиқарилган ҳукмни юмшатиб, ҳуқуқ ҳимоячини тўрт йилга озодликдан маҳрум этди.
Икки ой бурун, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани суди қирқ бир ёшли ҳуқуқ ҳимоячини фирибгарлик ва уюшган гуруҳ манфаати йўлида пора беришда айбдор деб топди ва беш йилга озодликдан маҳрум этган эди.
Фарҳодхон Мухторов 2009 йил 17 июль куни ҳибсга олинган эди. Бундан олдин у ўзига тегишли иккита квартирасини сотмоқчи бўлиб, ҳаридорлардан пулнинг бир қисмини заколат сифатида олиб қолган эди.
Ҳуқуқ ҳимоячига қарши жиноий иш тошкентлик Шоира Содиқбаеванинг шикояти асосида қўзғатилди. У ўзининг даъво аризасида уч йил олдин Мухторовга судда жамоатчи ҳимоячи бўлиб иштирок этиши учун тўрт минг доллар миқдорда пора берганини ёзган эди.
Унга кўра, Мухторов бу пулларни судьяга бериши керак бўлган.
2009 йилнинг баҳоригача кўплаб суд мажлисларида ижтимоий адвокат сифатида ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиларининг қийноққа ва пахта теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши пикетларда иштирок этган Мухторов тергов ва судда расмийлар томонидан унга нисбатан “буюртма иш” бажарилаяпти дея ўз айбига иқрор бўлмаган. (Ўқинг: Мухторов озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячилари сафини тўлдирди.)
Хьюман Райтс Вотч халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти 2009 йил 20 ноябрь куни ҳуқуқ ҳимоячининг ишини адолатли тарзда қайта кўрилишини талаб қилди.
Иш қайта кўрилаётганида, даъвогар томонидан гувоҳ бўлиб судда иштирок этаётган Раъно Азимова ва айбланувчининг ўзи “жиноят ишида далил сифатида тақдим этилган ҳужжат қалбакилаштирилган... бироқ [биринчи инстанция] суди буни ҳисобга олмаган” дея билдирдилар.
“Даъвогар Содиқбаева Мухторовга пулни пора сифатида бермаганини тан олди, шунинг учун ҳам пора тўғрисидаги айблов моддаси исботланмай қолди”, - дейди Ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг вакили Олег Сарапулов.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)