Жанубий Корея президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Жанубий Корея президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

23 август куни Жанубий Корея президенти Ли Мён Бакнинг Ўзбекистонга икки кунлик ташрифи бошланади. Ташриф чоғида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва унинг жанубий кореялик ҳамкасби “Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ва халқаро характерга эга бўлган долзарб муаммоларни муҳокама қилади”, дея хабар қилади UzDaily агентлиги.

NBCA экспертлари музокараларда асосий эътибор мамлакат шимолий-шарқидаги Сургил кони базасидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиш лойиҳасини илгари силжитишга ҳамда Жанубий Корея ширкатлари томонидан табиий газ заҳираларини ўзлаштиришга қаратилишини тахмин қилмоқдалар.

Мазкур кон уч йил муқаддам очилган бўлиб, ҳозирда у Ўзбекнефтегаз Миллий холдинг компанияси томонидан қазилмоқда. Ундаги табиий газ заҳираси, Ўзбекистон томони маълумотларига кўра, тақрибан 120 миллиард куб метрни ташкил қилади.

2010 йилнинг февраль ойида президент Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларидан зиёдроқ бўлган йирик газ-кимё мажмуаси барпо қилиш ҳақида инвестицион шартнома имзоланганди.

Газ-кимё мажмуаси 2014 йилларга келиб лойиҳада кўрсатилган қувват билан ишлай бошлаганда углеводородларнинг бир қисмидан кимё саноатида кенг қўлланиладиган ҳамда Россия ва Эронга экспорт қилинадиган полипропилен ва полиэтилен қайта ишланиши кўзда тутилмоқда.

Тошкентлик сиёсатшунос Қаҳрамон Алиев Ўзбекистон-Корея иқтисодий алоқалари барқарор эканини қайд этаркан, бу алоқалар янада ривожланишини тахмин қилади.

Тошкент Корея сармояларини иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига ҳам, масалан, транспорт инфратузилмасига ҳам жалб қилишдан жуда манфаатдор. 2009 йилда Сеул Ўзбекистон жанубий-ғарбида жойлашган Навоий шаҳридаги аэропортни модернизация қилиш ва техник жиҳозлаш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратганди.

Афғонистондаги коалиция кучларига НАТО ноҳарбий юкларини транспортировка қилиш учун юк тушириб-ортиш пункти сифатида фойдаланилаётган бу аэродром кейинчалик Жанубий Корея томонига ижарага берилган.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

 

Uzbekistan
Diplomacy
Frontline Updates
Support local journalists