Ўзбекистон: СПИДга қарши курашчини қамаб қўйдилар
Ўзбекистон: СПИДга қарши курашчини қамаб қўйдилар
ОИТВ/ОИТС (одам иммун танқислиги вируси/ортирилган иммун танқислиги синдроми) профилактикаси билан шуғулланувчи руҳшуноснинг (психолог) Ўзбекистонда турмага қамаб қўйилгани ҳақидаги хабар шарҳловчиларни ғазаблантириб юборди. Улар бу қарорни мутлақо мантиққа зид деб атадилар.
Оммавий ахборот воситалари 24 февраль куни тарқатган хабарда 28 ёшли тошкентлик руҳшунос Максим Попов етти йилга озодликдан маҳрум этилгани ва айни пайтда жазони Навоий шаҳрида умумий тартибдаги колонияда ўтаётгани ҳақида айтилган.
RFE/RL ўзбек тили хизмати Озодлик радиосининг тарқатган хабарига мувофиқ, Попов “Изис” нодавлат ташкилотига раҳбарлик қилган. У бошқарган ташкилот гиёҳванд бангилар ва фоҳишалар орасида ОИТВ/ОИТС дардига қарши кураш ишлари билан шуғулланган ҳамда наркотикларга мойил одамлар учун игна алмашуви дастурини амалга оширган.
Ferghana.ru веб-ресурсининг хабар беришича, Максим Попов ЮНИСЕФ кўмаги остида ёшлар учун рангли китобча чоп этган. Унда жинсий йўл билан юқтириладиган касалликлардан қандай қилиб сақланишнинг эҳтиёт чоралари, презервативлардан ҳамда банг моддалари истеъмол қилаётганда бир маротабалик шприцлардан фойдаланиш зарурати ҳақида сўз юритилган. Ушбу оддийга ўхшаб кўринган чоралар касаллик юқтириш хавфини анча камайтириши мумкин.
Бироқ жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Поповнинг китобчасини қонунга хилоф, ёшларни наркотиклар ва психотроп моддаларини истеъмол қилишга ундовчи дея тан олди ҳамда муаллиф чоп этгган ўнта нусхадаги китобларини мусодара қилиб ўзини етти йил озодликдан маҳрум этишга ҳукм чиқарди.
Шарҳловчиларнинг айтишига қараганда, жамиятнинг ижтимоий жиҳатдан заиф бўлган табақаларини саводхонлигини оширишга ҳаракат қилган одамни жиноий жавобгарликка тортишни ҳеч қандай мантиқ билан изоҳлаб бўлмайди.
“21 аср бўлса, ҳамма ёқда СПИД эпидемияси кенг тарқалаётган бўлса, бунақада бизнинг “ўзбекона менталитет” билан қаерга борамиз”, - дея ғазабланади тошкентлик киши. У Поповнинг турмага қамалишини таниқли фотосураткаш ва ҳужжатли кино тасвирчиси Умида Аҳмедованинг судида қўилган бемаъни айбловлар билан тенглаштирмоқда (Ўқинг: Фотосуратчи Умида Аҳмедова ўзбек халқига “туҳмат қилишда” айбдор деб топилди).
NBCA суҳбатдошининг айтишича, расмийлар “ўзбек халқи менталитети билан мос келмаслик” иборасини ишлатишни яхши кўрадилар ва бу ибора ёрдамида уларнинг назарида прогрессив ғояларни тарғиб қилувчи истаган одамларини қаматиб юборишлари мумкин.
“Максим Попов устидан чиқарилган ҳукм Ўзбекистон адолат тизимининг нақадар ботқоққа ботиб қолганини ёрқин равишда намоён қилади”, - деди у.
Тошкентдаги нодавлат ташкилоти вакилининг айтишича, маҳкум руҳшунос ОИТВ/ОИТСга қарши кураш бўйича ташкил этишга уринган ахборот кампаниялари Ўзбекистон билан қўшни мамлакатлар – Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам кенг қўлланиб келинади. Бу мамлакатларда ҳам ўзларининг турмуш тарзлари, урф-одат ва анъаналари билан ўзбек халқига жуда ўхшайдиган халқлар яшайди. Бироқ бу мамлакатларда “максимпоповлар” таъқиб этилаётгани йўқ.
“Замонавий жамиятда иммун танқислиги вирусига нисбатан хавфсизлик чоралари ҳақида билимларга эга бўлмай туриб хотиржам ҳаёт кечириб бўлмаслигини қўшни мамлакатларда яхши тушунадилар”, - дейди нодавлат ташкилоти ходими.
Давлат клиникасида ишлаётган ва номи ошкор бўлишини истамаган врач-сексапаталог прфилактика мазмунидаги китоб муаллифини озодликдан маҳрум этишнинг расмийларга нима кераги борлигидан таажубда қолди. Шифокор бундай рисолани “жуда тўғри” деб ҳисоблаяпти, чунки китобда кўплаб яхши маслаҳатлар берилган.
“Одамларга ёрдам беришни истаган одамни озодликдан маҳрум этиш тутуриқсизлик эмасми? – дея аччиқланади шифокор. – Ҳозир Ўзбекистон ёшлари орасида ОИТС жуда кенг тарқалган, ёшларда гигиена маданияти йўқ, кўпчилик бу касаллик ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслар, мактабларда бу муаммони муҳокама қилиш мумкин бўлган очиқ дарслар ўтказилмайди”.
Тошкентдаги адлия идораларида рўйхатга олинмаган Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари Альянсининг вакили Елена Урлаева фуқаролик жамияти фаолининг озодликдан маҳрум этилишини инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ўта қўпол бузилиши деб атаяпти.
Биринчидан, бу нарса маҳфий равишда, ёпиқ суд томонидан амалга оширилди. Ҳукм ўтган йили кузда чиқарилгани билан бу ҳақда энди маълум бўлди. Иккинчидан, судланувчини ушбу ҳукм устидан шикоят бериш имкониятидан маҳрум этдилар.
“Бу одам муаммо ҳақида гапирган, унга қарши курашган, аммо Ўзбекистон расмийлари бунақаларни жуда ёмон кўради ва ҳаммани индамай туришга мажбур қилади”, - дея қайд этади Урлаева.
Ушбу мақола News Briefing Central Asia (Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси) лойиҳаси доирасида тайёрланган.