Ўзбекистон: туркиялик тадбиркор расмийларни қийноқ қўллаганликда айбламоқда

Ўзбекистон: туркиялик тадбиркор расмийларни қийноқ қўллаганликда айбламоқда

25 апрель куни Туркия фуқароси ва Тошкентдаги йирик “Туркуаз” савдо марказининг собиқ раҳбари Воҳид Гунеш NBCA-га ўзига нисбатан қўлланилган қийноқ ҳамда мусодара қилинган мулкини қайтариш бўйича ўзбек расмийларига қарши судга даъво аризаси билан мурожаат қилганини маълум қилди.

“Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистондаги ҳибсда сақлаш жойларида амалга оширилаётган шафқатсизликлар ҳақида билиши керак”, - дейди Гунеш.

46 ёшли тадбиркор Ўзбекистонда етти йил давомида иш юритган, тўққиз ярим ой давомида Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар Юнусобод туман ҳибсхонасида сақланганидан сўнг ўтган йилнинг декабрь ойида мамлакатдан депортация қилинганди.

Суд уни ва яна етти нафар тадбиркорни солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва “яширин иқтисод ривожланишига кўмаклашганлик”да айбдор деб топганди.

Тадбиркорлар судланган, аммо дарҳол амнистия қилиниб, мамлакатдан бадарға қилинган, уларнинг мол-мулки эса мусодара қилинганди. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган шахс ҳужжатига эга яна бир туркиялик тадбиркор уч йилга озодликдан маҳрум қилингани ва унга қарийб 15000 доллар жарима солингани ҳақида ҳам ёзмоқдалар.

Гунеш расмийларнинг асл нияти унинг 60 миллион АҚШ долларига баҳоланаётган муваффақиятли бизнесини тортиб олиш бўлган, шунинг учун қийноқлар остида улардан барча кўрсатмалар олинган, дея ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, судланган тадбиркорлар ҳимояланиш ва адвокат танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар. Уларга “расмийлар томонидан тайинланган” юристлар хизматидан фойдаланиш амр қилинган.

“Бизни электрошок билан қаттиқ қийноққа солдилар, - дейди NBCentralAsia билан суҳбатда Туркиядаги шифохоналарнинг бирида даволаниб чиққан Гунеш. – Биз қийноқлар остида ўлдирилган одамларни кўрдик, баъзиларнинг бошлари, қўллари, таналари мажақланганди”.

Судланган ва мамлакатдан депортация қилинган 23 ёшли бошқа бир туркиялик тадбиркор Хайретдин Ўнер, Гунешнинг сўзларига кўра, ҳамон шифохонада қолмоқда. “Унинг ички аъзолари [қийноқлардан] шикастланган, руҳий аҳволи ҳам оғирлигича қолмоқда”, - дея қўшимча қилди суҳбатдош.

Ўзбекистон қийноқлар мунтазам равишда қўлланиладиган мамлакат бўлиб қолмоқда. Хьюман райтс вотч халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 2011 йил декабрида ёйинлаган “Гувоҳлар қолгани йўқ” («Свидетелей не осталось») дея номланмиш ҳисоботида буни тасдиқловчи 100 дан зиёд гувоҳликлар келтирган.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Human rights
Frontline Updates
Support local journalists