Ўзбекистон қамоқхоналаридаги таҳқирлашлар маҳбусларнинг асаб касаллигига йўлиқишига сабаб бўлмоқда
Ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналаридан қийноқлар одатдаги кўринишлигича қолмоқда.
Ўзбекистон қамоқхоналаридаги таҳқирлашлар маҳбусларнинг асаб касаллигига йўлиқишига сабаб бўлмоқда
Ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналаридан қийноқлар одатдаги кўринишлигича қолмоқда.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларига кўра, қийноқ ва жисмоний зўравонликнинг бошқа шакллари мамлакат пенитенциар тизимида одатдаги кўринишлигича қолмоқда, бу эса маҳбуслар орасида асаб касалликлари кучайишига олиб келмоқда.
Қароргоҳи Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси маълумотларига кўра, “Ўзбекистондаги қамоқхоналарда асаб касаллигига чалинган шахслар сони борган сари кўпайиб бормоқда. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти, улар ҳақидаги маълумотлар эса имкон қадар сир тутилаяпти”.
Маҳбусларнинг қариндошлари кўпинча ўз яқинларининг ҳаёти учун қўрққанларидан бу ҳақда гапирмасликни маъқул кўрадилар.
Кўпроқ диний экстремизмда гумонланганларга нисбатан қўлланиладиган “конституциявий тузумга тажовуз қилишга уринганлик” моддаси бўйича 18 йилга озодликдан маҳрум қилинмиш маҳбуснинг опаси қамоқхонадаги шароит ўз укасини қай даражада ўзгартириб юборганини шундай тасвирлайди:
Аёлнинг укаси Навоийдаги қамоқхонадан шароити ўта ёмонлиги билан номи чиққан Жаслиқ ёпиқ зонасига кўчирилганидан кейин у қамоқхона нозирлари томонидан калтакланади, натижада унинг иккала қўли синади.
Унга бир неча ой мобайнида ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмайди, кейин эса уни оғриқни қолдирадиган ҳеч қандай дори қўлламай операция қиладилар. Афтидан, айнан шу ҳолат унинг руҳий ҳолати кескин ёмонлашувига сабаб бўлади.
“У жуда тажовузкор бўлиб қолибди ва мутлақо ақлдан озибди, - дейди маҳбуснинг опаси. – У касали хуруж қилганда камерадошларини ухлатмагани учун уни тепкилаб тинчлантирар эканлар, уни нозирлар ҳам дўппосларканлар”.
Талончилик учун жазо муддатини ўтаётган аёлнинг акаси синглисининг ўзи содир этмаган жинояти учун қамалганини қайд этаркан, у қамоқда бўлган чоғида соғлиғига жиддий зарар етганини айтади.
“Қамоқда ўтказган бир йил мобайнида у ёш аёлдан кампирга айланиб қолди. Унинг ҳуши жойида эмас, у мени доим ҳам таний олмаяпти, - дейди маҳкуманинг акаси. – Учрашишга камдан-кам ҳолларда рухсат беришаяпти, [баъзан рухсат бериб қолинган пайтда эса] мен кўпинча унинг калтакланганини кўраяпман”.
Маҳкуманинг акаси, агар бу борада текширув ўтказилишини талаб қиладиган бўлса, “уни (синглисини) бошқа тирик кўролмаслиги”га амин эканини айтади.
Қароргоҳи Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси президенти Надежда Отаева 1995 йилдан буён қамоқ жазосини ўтаётган собиқ парламент депутати Мурод Жўраев ҳозир жуда ёмон аҳволдалигини айтди.
Жўраев давлат тўнтаришини амалга ошириш мақсадида ёшларни Туркияда ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ишини уюштирганликда айбланган мухолифатдаги “Эрк” партиясининг судланган аъзоларидан бири бўлиб ҳисобланади.
“Қамоқхонадаги қийноқлар туфайли ақлдан озаёзган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг хотини мендан: “Нима деб ўйлайсан, агар мен унинг ўрнига жазо муддатини ўтайман десам, рози бўлишармикан?”, - дейди Отаева. – Бу аёл унинг эрини қандай аҳволга солаётганларини кўришга тоқати қолмаган”.
Ўзбекистон тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида қийноқ қўлланиши кўп йиллар мобайнида далиллар билан исботланиб келган.
Ўзбекистон ҳукумати ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиққан БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси шу йил март ойида мамлакатдаги инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини билан боғлиқ вазиятни қораловчи ўз хулосаларини ёйинлади.
БМТ қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматига қийноқ ва муносабатнинг бошқа аёвсиз шаклларини қўллашга чек қўйиш учун таъсирли чораларни ишга солиш; мазкур нохуш ҳодисалар бўйича мониторинг ва текширувлар ўтказиш; зарурат туғилганда маҳбусларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлган барча кишиларни таъқиб қилиш ва жазолаш; “қийноқ қўлланган ҳар бир ҳолатда текширув мустақил орган томонидан ўтказилаётганига амин бўлиш”; шунингдек, қийноқ қурбонларига товон пули тўлаш масаласини кўриб чиқиш талаби билан мурожаат қилди.
Бундан ташқари, БМТ қўмитаси “қийноқ қўлланилаётгани ва аёвсиз муносабат бўлинаётгани ҳақида тўхтовсиз хабарлар келиб турганини; бундай ҳаракатлар учун масъул бўлган шахсларни айблаш ҳолати жуда камлигини; қийноқ қўллаганларга нисбатан етарлича жазо, шу жумладан, интизомий жазо берилмаётганини, шунингдек, бундай ҳаракатлар учун масъул бўлган шахслар амнистия қилиб юборилаётганини; шу билан бирга қийноқлар ва аёвсиз муносабат юзасидан берилган аризалар бўйича текширувлар етарлича ўтказилмаётганини ташвиш билан қайд этади. Шунингдек, қўмита босим остида олинган иқрорнома ва далиллар судлар томонидан фойдаланилаётгани ҳақидаги хабарлардан ҳам ташвишда”.
Март тингловларида Ўзбекистон ҳукумати позициясини баён қила туриб, ўзбек расмийлари икки тактикани танладилар: мамлакатда инсон ҳуқуқларига нақадар астойдиллик билан риоя қилинаётгани ҳақида фараҳбахш манзара тақдим қилинди ва халқаро ташкилотлар томонидан бўлаётган танқидларга нисбатан норозиликлар ифода этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қийноқлар қўлланилиши ҳақидаги саволга жавоб бера туриб: “Биз Осиё давлатимиз, биз мусулмон давлатимиз. Биз ҳеч қачон Европа мамлакати бўлолмаймиз”, дея билдирди.
Саидов сўзларига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоботларига эҳтиёткорлик билан ёндошиш зарур, чунки улар сиёсий тарафкашлик йўлини тутиб, фақат алоҳида олинган фактларга ёпишиб олиб, буни умумий вазият ўлароқ тақдим қилишга уринмоқдалар.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари Абдукарим Шодиев мамлакат пенитенциар тизими шаффоф эканини, у ерда “мустақил мониторинг амалга оширилаётгани ва парламент назорати ўрнатилгани”ни қайд этди.
Олий суд раис ўринбосари Шерали Раҳмонов қийноқлар натижасида олинган далил ва иқрорномалардан фойдаланишни таъқиқловчи 2004 йилда қабул қилинган қонундан иқтибос келтириб, мазкур қонунга мувофиқ судларга қийноқлар қўлланилгани ҳақида ариза тушган тақдирда улар бу борада текширув ўтказишлари шартлигини қайд қилиб ўтди.
Ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатда қийноқлар фақат истисноли ҳолатларда қўлланилиши ҳамда қийноқ қурбонлари адолат қарор топишига умид қилиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотларни кескин рад этадилар.
Эҳтимолий қатағонлардан қўрққанидан исми ошкор қилинмаслигини сўраган тошкентлик юрист сўзларига кўра, “сиёсий” деб таснифланган ёки ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши айбловни ўз ичига олган ишларнинг 90 фоизида иқрорнома олиш учун қийноқлар қўлланилади.
Пенитенциар тизим шаффофлигини таъминлаш ўрнига расмийлар бунақа қонунбузарликлар ҳақида маълумот ташқарига чиқиб кетмаслиги учун, бунинг олдини олиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилиб ётибдилар, дейди “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раисаси Васила Иноятова.
Унинг ташкилоти асаб хасталиги бор маҳбусларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун улар олдига шифокорлар келишига рухсатнома олишга уринган пайтда бу уринишлар ҳеч қанақа фойда бермаган, чунки расмийлар ҳар сафар “маҳбус соғлом” дея жавоб берганлар.
(Мақоладаги айрим исмлар сўралганларнинг хавфсизлигини ўйлаб тушириб қолдирилди.)
Мазкур мақола IWPRнинг икки лойиҳаси – Европа Комиссияси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиёда оммавий ахборот воситалари орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ҳуқуқ ҳимояси таълими” ҳамда Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштирилувчи “Ҳуқуқ муҳофазаси масалалари, зиддиятларни ёритиш ва ишончни мустаҳкамлаш бўйича информацион дастур” каби лойиҳалар доирасида тайёрланди.
IWPR Европа Иттифоқи мамлакатлари ёки Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги нуқтаи назарини мутлақо акс эттирмаган мазкур мақола мазмуни учун жавобгарликни тўлалигича ўз зиммасига олади.