Британия ширкати активлари юзасидан баҳслар Ўзбекистон обрўсини оширмаса керак

Мамлакат ҳукумати ва хорижий тоғ-кон қазиш ширкати ўзаро муносабатларни суд орқали ойдинлаштирмоқда.

Британия ширкати активлари юзасидан баҳслар Ўзбекистон обрўсини оширмаса керак

Мамлакат ҳукумати ва хорижий тоғ-кон қазиш ширкати ўзаро муносабатларни суд орқали ойдинлаштирмоқда.

Ўзбекистондаги олтин қазиб чиқарувчи ширкат активлари учун давом этаётган судлашиш натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, таҳлилчиларга кўра, суд можароси мамлакатнинг амалий ҳамкор сифатидаги обрў-эътиборида шубҳасиз акс этади.

Судда мамлакат ҳукумати ва таркибига Ўзбекистоннинг яна икки давлат корхонаси кирмиш Amantaytau Goldfields (AGF) Британия-Ўзбекистон қўшма корхонасининг 50 фоиз акциясига эга бўлган Oxus Gold ширкати рўбарў бўлди.

2011 йил бошида Ўзбекистон Молия вазирлиги AGF қўшма корхонаси аудитини бошлади, шундан сўнг уни тугатиш ҳақида қарор қабул қилинди, бу эса, Oxus фикрича, активларнинг ярмини бозор нархидан анча паст баҳода тўсиқсиз ўзлаштириш учун амалга оширилган. Oxus AGF ҳамкори бўлган ўз шўъбаси бундан буён шартнома мажбуриятларини баража олмаслигини билдириб, ўзининг AGFдаги улушини адолатли нархда сотиш масаласини тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилди.

Май ойида Ўзбекистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирининг муовини Шавкат Тўлаганов Oxusни мазкур ширкат мамлакатда ишлаган даврида солиқ тўламаганликда айблаб чиқди.

Oxus адвокати Роберт Амстердам бу айбловлар “нотўғри ва хато” эканини, бу “Ўзбекистон олтин қазиб олиш саноатидаги сўнгги хорижий активларни ўмариш учун асос ўйлаб топиш бўйича кампания”нинг бир қисми эканини билдирди.

Шунингдек, у Тўлагановнинг Oxus масалани тинч йўл билан ҳал қилишдан бош тортгани ҳақидаги даъволарини рад этди.

Эндиликда иш халқаро арбитраж судига юборилади.

Ўзбекистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ҳам AGFнинг 40 фоиз акциясига эгалик қилувчи Ўзбекистон геология ва маъданли заҳиралар давлат қўмитаси каби мазкур масала бўйича изоҳ беришдан бош тортди.

Бироқ исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган Ўзбекистон геология ва маъданли заҳиралар давлат қўмитасининг юқори лавозимли ходими жаҳонда олтин нархи ошиб кетгани учун Ўзбекистон қимматбаҳо металлар бозорини тўлалигича монополиялаштириб олишни истаётганини қайд этди. Бошқа томондан эса мамлакат бозорда мустақил ўйинчига айланиб олиш учун хорижий активлардан қутулишни истайди.

Маҳаллий таҳлилчи AGF тугатилишини бошқа бир сабабини – унинг Швейцарияда рўйхатга олинган Zeromax Gmbx ширкатига алоқадорлигини айтади.

2006 йилда солиқлар бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан ихтилоф юзага келганидан кейин Oxus акцияларининг 16 фоизлик пакетини ўзбекистонлик тадбиркорлар эгалик қилган Zeromax ширкатига ўтказиб берганди. Бу ширкат мамлакатнинг энергетика жабҳаси ва ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларида фаолият юритишга қизиқарди.

Ўтган йили Ўзбекистон ҳукуматига яқинлиги туфайли дахлсиз ҳисобланган Zeromax ўзининг барча активларидан мосуво бўлганди, бу активлар яшириш полиция маълумотларига асосан хатлаб қўйилган. Таҳлилчилар ширкат фаолиятига чек қўйилишини ўзбек элитасининг бир гуруҳи бошқа бир гуруҳининг манфаатлар доирасига суқилиб кириши натижаси, деган фикрдалар. (Бу ҳақда Ўзбекистон: Zeromax ширкатининг ёпилиши сирлар билан чулғанган (Узбекистан: Закрытие компании Zeromax окутано тайной) мақоласини ўқинг.)

Таҳлилчи фикрича, Oxus режим бир пайтлар AFG таркибида кўришдан мамнун бўлган ширкатнинг эндиликда хуш кўрмай қолишида акс этмиш ҳокимият учун ички курашнинг тасодифий қурбони бўлган бўлиши мумкин.

“Афтидан... бу соядаги ширкатнинг барча ҳамкорларини мамлакатдан ҳайдаб чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган шекилли”, - деди у.

Йўналишларнинг бу қадар кескин ўзгариши Ўзбекистонга таваккалчилик билан сармоя ётқизиши мумкин бўлган хорижий ширкатларни кутаётган кўплаб нохуш “совға”лардан бири, холос.

“Улар мамлакатга таклиф қилинмоқдалар, ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун улкан маблағлар ётқизмоқдалар. Пировардида расмиятчиликка оид баҳоналар билан улар мамлакатдан қувилмоқдалар, ажнабийларнинг ширкатлардаги улушлари эса Ўзбекистон томонига ўтмоқда, кейин эса уларни давлат ҳисобига ўтказиб юбормоқдалар”, - дейди таҳлилчи.

Бир неча йил муқаддам АҚШнинг Newmont тоғ-кон ширкати бошига ҳам ана шундай кўргилик тушганди. Бир неча йил муқаддам АҚШнинг Newmont тоғ-кон ширкати бошига ҳам ана шундай кўргилик тушганди. Унинг шўъба ширкати бўлган Zarafshan-Newmont Oxus билан деярли бир вақтда, 2006 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланган, унинг активлари эса хатланганди.

“Расмийлар хатти-ҳаракати инвестиция муҳити яхшиланишига ёрдам бераётгани йўқ ва эҳтимолий сармоядорларни ҳуркитаяпти... бироқ улар айрим амалдорларнинг бойишига хизмат қилаяпти”, - деди тошкентлик иқтисодий таҳлилчи.

(Сўров ўтказилганларнинг исмлари уларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан тушириб қолдирилди.)

Бахтиёр Расулов – Ўзбекистондаги журналистнинг тахаллуси.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

 

Uzbekistan
Economy
Frontline Updates
Support local journalists