Ўзбекистон: болалар пахта далаларида ишлашдан пул тўлаш орқали қутилиб қолиши мумкин
Ўзбекистон: болалар пахта далаларида ишлашдан пул тўлаш орқали қутилиб қолиши мумкин
Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқ фаоллари вояга етмаган болаларнинг пахта далаларидаги ишларга оммавий равишда жалб қилиниши ва уларнинг қишлоқ хўжалик ишлари кампаниясида иштирок этишдан пул тўлаш орқали қутилиб қолиши бўйича фактлар тўғрисида маълум қилмоқдалар. Июнь ойи бошида ҳуқуқни муҳофаза қилиш гуруҳлари мамлакатнинг вилоят марказларидаги минглаб ўсмирлар далаларда ўтоқ ва чеканка қилиш ишларига жалб қилингани ҳақида хабар қилдилар.
Аввалда бўлганидек, далалардаги ишлар милиция нарядларининг назорати остида амалга оширилмоқда.
“Ҳамма болаларни ўтоққа ҳайдашди”, - дейди исми ошкор қилинмаслигини сўраган Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи ҳуқуқ фаоли. У келтирган маълумотларга кўра, бу тумандаги бир нечта мактаб ва коллеж ўқувчиларини ҳар куни эски автобусда далага олиб чиқмоқдалар, у ерда эса ўқувчилар кун бўйи саратон қуёши тиғи остида ишламоқда.
Бугунги кунда шунга ўхшаш вазият Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда. “Қашқадарё вилоятида болаларни пахтазорларга ҳайдаб чиқишди, улардан эрталабки соат еттидан то кечгача ишлашни талаб қилишмоқда”, - дейди мамлакатнинг ғарбий ҳудудида истиқомат қилувчи киши.
Қорақалпоғистон мухтор республикасининг Нукус вилоятидаги иккита коллеж ўқувчилари маҳаллий ҳокимнинг буйруғига биноан 1 июлга қадар пахта далаларига жўнатилган.
Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари жорий йилда қишлоқ хўжалик ишлари кампанияси баъзи ота-оналарнинг ўз болаларини далада ишлашдан пул тўлаб олиб қолиш каби ҳолатлар билан кечаётганини таъкидлашмоқда.
“Далага чиқмаслик учун пора беришга қодир бўлганлар пулини бериб қутилаяптилар, чунки соғлом фикрли ота-оналар ўз фарзандларини офтоб тиғи остида ишлашга юборишни исташмайди”, - дейди болалар меҳнати мониторинги билан шуғулланиб келаётган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева. Ҳозир вилоятларда пора миқдори 60-80 АҚШ долларига тенг, Тошкентда эса пора миқдори вилоятлардагидан кўра 20 фоизга кўпроқ.
“Транспорт коллежи талабасининг ота-онаси кўз ўнгимда пул қидиришди, кечқурун эса ўша пулларни ўқув муассасаси кураторига бериб, шу билан ўғилларини далага чиқишдан озод қилишди”, - дея ҳикоя қилади ҳуқуқ фаоли.
Пора беришга қурби етмайдиганлар эса жаҳд билан пахтани ўтоқ қилишга мажбурлар.
Қишлоқ хўжалик ишлари кампаниясидан мактаб ва коллежлар маъмуриятлари манфаатдорлар. Норасмий йиғимлардан ташқари, ўқув муассасалари ўқувчиларни ўз ерларида ишлатаётган фермерлардан ўтоқ қилинган бир гектар ер учун 15 АҚШ доллари миқдорида пул оладилар, дейишмоқда ҳуқуқшунослар, ишлаётган болаларга эса бу пуллардан ҳеч нарса тегмайди.
Аммо расмийлар пора бериш ва болаларни мажбурий ишлатиш фактларини инкор қилмоқдалар ҳамда буни ҳуқуқ фаолларининг уйдирмалари, дея атамоқдалар.
Ўзбекистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги матбуот хизматининг вакили болалар меҳнати эксплуатацияси ўтмишда қолгани ва бу фақат “ихтиёрий ривишда” бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
“Вазирлик пахта териш ишларида болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича давлат назоратини ўз зиммасига олади, жамоатчилик кузатуви эса бунда Ўзбекистондаги фермерлар ассоциацияси ва касаба уюшмалари зиммасига юклатилади”, - дея таъкидлайди расмий. У Касаба уюшмалари федерациясининг кенгаши, фермер хўжаликлари ассоциацияси ҳамда меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигининг “Қишлоқ хўжалиги ишларини юритишда болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисида” яқинда чиқарган баёнотини далил сифатида келтириб ўтди.
Бу чоралар вояга етмаганларни эксплуатация қилганлик учун жазони кучайтиришни кўзда тутиб, 2009 йилда қабул қилинган қонунчилик ҳамда 2008 йилда “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги ва “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини таъқиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги конвенциялар ратификация қилинганидан сўнг Ўзбекистон зиммасига олган халқаро мажбуриятларнинг мантиқий давоми бўлиб ҳисобланади.
Фарғона вилоятидаги шарҳловчи расмийларга унча ишонмайди. “Улар ўтган йили ҳам болалар меҳнатини таъқиқлаганларини эълон билдиргандилар, аммо ҳаммаси эски ҳаммом, эски тослигича қолди”, - дея қайд этади у. (Бу ҳақда “Ўзбекистон: пахта далалари болаларни кутмоқда” (Узбекистан: хлопковые плантации ждут детей) дея номланган мақолада ўқинг.)
Узбекистан: хлопковые плантации ждут детей
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.