Туркманистон ва Ўзбекистон Матбуот эркинлиги кунини “нишонладилар”
Туркманистон ва Ўзбекистон Матбуот эркинлиги кунини “нишонладилар”
БМТ Бош Ассамблеяси мазкур сана тўғрисида қарор қабул қилиб, жаҳон давлатлари ҳукуматларини матбуот эркинлигини ва унинг демократик характерини таъминлашга чақирганидан кейин Жаҳон матбуот эркинлиги куни дунёнинг аксарият мамлакатларида 1993 йилдан бери 3 май куни нишонлаб келинмоқда.
Ҳар йили мустақил халқаро институтлар ушбу санага бағишлаб матбуот эркинлигининг мониторингини ўтказиб баҳо бериб келадилар.
Американинг Freedom House ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти 30 апрель куни 2008 йилда матбуот эркинлиги бўйича ўзининг ҳисоботини элон қилди. Ҳисоботда қайд этилишича, Бирма, Эритрея, Ливия ва Шимолий Корея каби мамлакатлар билан бир қаторда Туркманистон дунёнинг “энг ёмон” олтилигига кирган. Ўзбекистон эса “ОАВ нисбатан энг репрессив” бўлган давлатлар ўнлигидан ўрин олган.
“Чегара билмас репортёрлар” халқаро журналистик ташкилотининг ҳар йили чоп этиладиган 2007 йил учун эркинлик даражаси бўйича рейтингида Туркманистон 169 та мамлакат ичида 167-чи, Ўзбекистон эса 160-чи ўринни эгаллаган.
Жаҳон Матбуот куни Туркманистон ва Ўзбекистонда кенг нишонланмаса-да, шу куни журналистлар расмийларнинг эътиборидан четида қолмадилар.
Ўзбекистонда Матбуот эркинлиги куни журналистлар учун навбатдаги “Олтин қалам” танловининг якунланиши билан нишонланди. Танловда “Ўзбекистон” телеканали ва “Ахборот” янгиликлар дастурининг раҳбарлари ҳамда бир қатор ҳукуматга қарашли газеталарда ишлайдиган журналистлар ғолиб бўлдилар.
Мустақил журналистлар мукофот номинантлари қаторига киритилмади.
“Матбуот эркинлиги кунига бағишланган бўлса-да, мазкур танловни уюштиришга ёндошиш анъанавий тарзда кечди. Танловда авваламбор журналистларнинг давлат ҳокимияти ва президент Ислом Каримов сиёсатига садоқати даражаси баҳоланди”, - дейди тошкентлик медиа-шарҳловчиларидан бири.
Ашхободдаги кузатувчининг айтишича, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Матбуот эркинлиги куни ҳақида бирорта ҳам гап бўлмаган. Аммо “Бетараф Туркманистон” газетаси 3 май куни мамлакат Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлис ҳақидаги ахборотни чоп этган. Хабарда айтилишича, президент Қурбанқули Бердимухаммедов Туркманистон медиа раҳбарларини кескин танқид остига олиб, уларни мамлакатда давлат томонидан юритилаётган сиёсатни “ишончли ва объектив тарзда” тушунтириб беришга яроқсизликда айблаган.
Матбуот эркинлигига бағишлаб бошқа ҳеч қандай тадбирлар ўтказилмади.
Туркманистондаги жамоат ташкилотларидан бирининг юристи маҳаллий журналистлар ўзларининг ҳуқуқлари учун курашда турли баҳоналардан, мисол учун жаҳонда кенг маълум бўлган саналардан фаолроқ фойдалансалар бўларди, деб айтмоқда.
“Журналистлар “давлат буюртмалари”нинг ҳеч бўлмаса бир қисмини бекор қилинишини талаб қилсалар бўларди. Ўшанда ўзларини бошловчи демократлар дея кўрсатишга уринаётган расмийлар уларга енгиллик яратиш учун қадам қўйган бўлармидилар”, - дея тахмин қилади юрист.
Аммо ашхободлик медиа-экспертга кўра, “бундай бўлиши мумкин эмас, негаки барча маҳаллий журналистлар давлат оммавий ахборот воситаларининг бирида ишлайдилар ва ҳатто ўз раҳбарларининг топшириғига биноан ва буюртмага асосан материал тайёрлашдан қониқиш изҳор этадалар”.
Тошкентлик медиа-таҳлилчи ҳам унинг бу фикрига қўшилмоқда. Унга кўра, фуқаролар ҳуқуқларини ёппасига менсимаслик шароитида ҳамда турмуш даражасининг пастлиги ва ижтимоий қашшоқлик қабатида журналистларнинг аксарияти расмийлар билан яқиндан ҳамкор бўлишга ва “мафкура ходимлари” имтиёзларидан фойдаланишга интиладилар ва ўзларининг маиший муаммоларини мулозим-мирзалар билан яқин алоқада бўлган ҳолда ҳал қилишни афзал кўрадилар.
Бундан ташқари, кўпчилик журналистлар мамлакат ҳақиқатдан ҳам душманлар қуршовида қолиб Ғарбнинг “ахборот хуружлари” учун нишон бўлиб қолаётганига чинакамига ишонадилар.
“Бу одамлар европача тушуниладиган матбуот ва сўз эркинлиги Ўзбекистон ва Туркманистоннинг мустақиллигига ва барқарорлигига таҳдид солади деб ҳисоблайдилар ва шунинг учун ҳам бошқача ишлашга тайёр эмаслар”.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).