Аждар Куртов: “Ўзбекистоннинг исломийлашуви муқаррардир”

Аждар Куртов: “Ўзбекистоннинг исломийлашуви муқаррардир”

Azhdar Kurtov, a Central Asia expert at the Russian Institute for Strategic Studies. (Photo: A. Kurtov)
Azhdar Kurtov, a Central Asia expert at the Russian Institute for Strategic Studies. (Photo: A. Kurtov)
Monday, 12 September, 2011

Август ойида чиқарилган “Ўзбек тилли жиҳодчилик қарашлари” («Взгляды узбекоязычного джихадизма») дея номланган тадқиқот кам ўрганилган мавзулардан бири бўлмиш ўзбек жиҳодчилиги мафкураси мавзусига тўхталади.

Ҳисобот муаллифи, Францияда истиқомат қилувчи ўзбек сиёсатшуноси Камолиддин Раббимов Марказий Осиё минтақаси ва Афғонистондаги ҳозирги вазият ушбу ҳодиса позициясининг кучайишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлайди. Сиёсатшунос буни Ўзбекистонда ҳокимият ўзгарган тақдирда янги режим йиғилиб қолган муаммоларни ечишга қодир бўлмай қолиши, хусусан, сиёсий ислоҳотлар воситасида диний омил атрофидаги катта тарангликни юмшата олмаслиги билан асослайди.

NBCA Марказий Осиё минтақасидаги ҳодисалар таҳлили бўйича мутахассис бўлган Россиядаги стратегик тадқиқотлар институтининг етакчи эксперти Аждар Куртовдан Ўзбекистонда ислом ғояларининг тарқалиши юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришни сўради.

NBCA: Аждар Аширович, ўзбек тилли жиходчилик аслида бор нарсами? Бу қандай ҳодиса?

Аждар Куртов: Терминология - сўз бирикмасининг ўзи юзасидан мен ажабланарли ҳеч нарса кўраётганим йўқ. Биринчидан, ўзбек этноси нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Тожикистонда ҳам истиқомат қилади. Сиёсий мавқега даъвогарлик қилиши мумкин бўлган ўзбеклар сони жуда кўп. Баъзан бу асосда турли шаклдаги зиддиятлар юзага келади.

Фуқаролар уруши бўлиб ўтганидан кейин Афғонистонда унинг фаол иштирокчилардан бири миллати ўзбек бўлган генерал Дўстум эди... Гарчи ўзбеклар сон жиҳатидан Афғонистонда ҳукмронликка даъво қилолмаган бўлсалар-да, улар Шимолий альянсда муҳим роль ўйнаганлар.

Ёки ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида Ўшда бўлиб ўтган тўқнашув натижасида Қирғизистонда ўтган йили содир бўлган хунрезлик воқеаларини олсак. Қирғизистон жанубида содир бўлган тартибсизликларнинг келиб чиқиш сабабларидан бири гўё ўзбекларнинг мухториятга эришиш истаги бўлгани айтилаяпти.

Яъни ўзбеклар муҳим ўрин тутган миллатдир. Марказий Осиёда ўзбеклар, биринчидан, энг кўп сонли этнос, иккинчидан эса, улар асосан ўтроқдирлар. Уларда қўшниларига нисбатан давлатчилик анъаналари кўпроқ ва уларнинг минтақада лидерлик қилиш даъволари каттароқ. Бу уларда табиий бойликлар Қозоғистондагига қараганда камроқ бўлгани учунгина амалга ошмади ва бунинг асосида ҳам муайян зиддиятлар мавжуд. Шунингдек, ўзбеклар мусулмон доктринаси нуқтаи назаридан ҳам, масалан, туркманлар, қозоқлар, қирғизларга нисбатан кўпроқ кўпроқ нарсага эгалар.

NBCA: Бугунги кунда Ўзбекистон исломий ҳаракати (ЎИҲ) каби ташкилотлар Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми учун қўрқитиш қуроли бўлиб қолди. Ахир бу гуруҳга алоқадорлиги учун қамоқларда жуда кўп фуқаролар жазо муддатини ўтаяпти.

Куртов: Мутлақо тўғри. Мустақиликка эришилгач, Ўзбекистондаги ҳозирги ҳокимият учун айнан радикализмнинг намоён бўлиши асосий таҳдидлардан бири бўлиб ҳисобланади. Анъанавий исломий жамиятда ислом – бу ҳукмрон режимга қарши курашиш байроғи сифатида кўтарилиши мумкин бўлган диндир. Президент (Ислом) Каримов ва унинг ён атрофидагилар буни жуда яхши биладилар, шунинг учун ҳам давлат белгилаб берган меъёрлар доирасида назорат қилиш мумкин бўлмаган бу таълимотга ҳатто мойилликка оид ҳар қандай имкониятни полиция усулларини қўллаган ҳолда бостирадилар.

Ўзбекистон исломий ҳаракати эса ўзини кўрсатиб келди, ахир Тошкентнинг марказий майдонларида террорчилик хуружлари, ҳаракат аъзоларининг Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудлари орқали Ўзбекистонга кириш урунишлари бўлмадими ахир? Бу фактларни рад қилиб бўлмайди.

Бошқа тарафдан эса, ушбу ҳаракат билан боғлиқ вазият унчалик тушунарли эмас, уларнинг сон жиҳатидан қанчалиги, ким уларга бошчилик қилаётгани, уларнинг чиндан ҳам Ал-Қоида билан алоқаси бор-йўқлиги, бу алоқалар қандайлиги ва уларда Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида халифаликка ўхшаш бир нарса тузиш бўйича кучли ниятлари бор-йўқлиги каби. Аслида ҳам шундайми ёки Ўзбекистон махфий хизматлари уларни атайлаб бунда айблаяптими - буни ҳеч ким аниқ билмайди. Ўзбек адлияси жуда ўзига хос бўлиб, давлат ҳам очиқ эмас, сўз эркинлигига йўл бермайди ва буларнинг барчаси қайта текширилишга муҳтожлиги яққол аёндир.

NBCA: Аксилтеррор коалицияси қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишидан сўнг Ўзбекистон учун хавф-хатар қанчалик сезиларли бўлади?

Куртов: Америкаликларнинг кетиши Ўзбекистонга жуда салбий таъсир қилади... Бу хавфсизлик учун жиддий таҳдиддир. Америкаликлар ва уларнинг НАТО бўйича иттифоқдошларининг кучи толибларга етмаганини ҳисобга олсак, у ердаги (Кобулдаги) янги ҳукуматнинг аҳволи нима кечишини билиб бўлмайди, у шунчаки супириб ташланиши мумкин ва шунда Афғонистоннинг бутун ҳудудини яна радикаллар эгаллаб олади. Улар ўзларини қандай тутишларини ҳеч ким айтолмайди.

Шунга мувофиқ равишда, Ислом Абдуғаниевич (Каримов) учун ҳам таҳдид ошади. У буни тушунади ва Афғонистон бўйича турли халқаро ташаббусларда иштирок этишга ҳаракат қилади ҳамда на АҚШ, на-да Россия билан бутунлай уришиб қолмайди, чунки кейин ёрдам сўраб ҳеч кимга мурожаат қила олмаслигини тушунади.

NBCA: Сизнингча, Россия ва АҚШ билан дўстлигига қарамай, Ўзбекистон ўзининг азалий анъаналари, шу жумладан, охирги ўринда бўлмаган исломга нечоғлик содиқ қолмоқда?

Куртов: Бугун Ўзбекистонда... совет ўтмиши остракизмга (мазах қилиниш маъносида – тарж.) учрамоқда, тарих қайта ёзиб чиқилмоқда, йўналишлар ўзгармоқда. Менинг назаримда, бу уларнинг сиёсий хатоларидир, чунки фақат ўзбекчилик асосида, ҳаттоки Амир Темур билан боғлиқ ўзбек халқи ўтмишининг алоҳида даврларини улуғлаш асосида ҳам янги мафкурани барпо қилиш унчалик осон иш эмас.

Умуман олганда, мен Ўзбекистон учун исломийлашув муқаррар, деб ҳисоблайман, чунки нима бўлганда ҳам бу ислом дунёсининг бир қисмидир. Боз устига, радикал кайфиятлар тўлиб тошган Афғонистон, Эрон каби муаммоли давлатлар унинг ёнгинасида жойлашган ва табиийки, буларнинг барчаси қўшни мамлакатларга қўчиб туради.

Каримов маҳалла институти, яъни фуқаролар йиғини устуворлигини эълон қилиш орқали чап беришга ҳаракат қилди, аммо дунёвийлик жуда тез эврилиши мумкин. Ҳозирча гўё буларнинг барчаси диний ташкилотларнинг фаолияти каби назорат остида тургандек, аммо, биринчидан, гарчи Каримовнинг ўрнини ким эгаллаши номаълум бўлса-да, жуда яқин келажакда Ўзбекистонда ҳокимият алмашиши шубҳасиздир, иккинчидан эса, ўша бошқа одам афтидан ёшроқ ва бошқа қадриятлар тизимида тарбияланган одам бўлади, шу важдан Ўзбекистон учун исломийлашув муқаррар бўлади.

Интервьюни IWPRнинг Бишкекдаги муҳаррири Юлия Горяйнова олди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
   

Frontline Updates
Support local journalists