Ўзбекистон: Қурбон ҳайити олдидан диндорларни кўпроқ ҳибсга ола бошладилар
Ўзбекистон: Қурбон ҳайити олдидан диндорларни кўпроқ ҳибсга ола бошладилар
16 ноябрь куни Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) мамлакат жанубидаги Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида кам деганда ўттизта муслима аёллар ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди.
Кузатувчиларнинг қайд этишича, ҳибсга олишлар шу йилнинг 27 ноябрь куни нишонланадиган мусулмонларнинг Қурбонлик ҳайитидан бир оз олдин амалга оширилган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумот беришига қараганда, барча ҳибсга олинган аёлларга нисбатан руҳий босим ва таҳдидлар ўтказилаяпти, Миллий хавфсизлик хизмати терговчилари улардан олдинроқ ҳибсга олинган Меҳринисо Ҳамдамовага қарши кўрсатма беришларини талаб қилаяпти.
Меҳринисо Ҳамдамовани 2009 йил 5 ноябрь куни “ёшларни жамоатларга жалб қилишда [маҳаллий жамоалар, бу ерда диний жамоалар назарда тутилган], уларнинг сафларини кўпайтириш мақсадида жамоаларга бирлаштиришда” гумонланиб Қарши шаҳар тергов ҳибсхонасига олиб кириб қўйишган.
Маълумоти бўйича исломшунос бўлган Меҳринисо Ҳамдамова ҳибсга олингунига қадар Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимовнинг тавсиясига мувофиқ Қарши шаҳридаги “Кўк гумбаз” масжидида ишлаб келган. Бу ерда у 2007 йилдан бошлаб аёлларга ислом асосларидан дарс берган ва шу сабабдан масжид қавми орасида ҳурмат қозонган.
“Терговчи менга айтдики, ойимнинг одамлар ўртасида обрўси кўтарилиб кетган экан, - дейди ҳибсга олинган аёлнинг қизи Латофат Орзиқулова. – У менга Қаршида бизга ўхшаган мусулмонларнинг кўпайишига йўл қўймайман, деди”.
Муҳожирликка чиқиб кетган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, исломшунос аёлнинг борган сари ўсиб бораётган обрўси ҳақиқатдан ҳам расмийларни чўчитиб қўйган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам улар “профилатик тозалов” ўтказишни ният қилиб қўйганга ўхшайдилар.
“Мамлакатдаги оғир ижтимоий аҳвол, миллий мафкуранинг йўқлиги ва тўхтамай ўтказилаётган репрессиялар важидан одамлар диндан юпанч излаяптилар, - дея ўз фикри билан ўртоқлашади сиёсатшунос. – улар руҳий нарсаларни ташвиқот қилаётган турли исломий фаолларга меҳр қўйиб шу нарсалардан руҳий таскинлик топаяптилар”.
Воқеа шоҳидларининг айтишларича, Қаршида ҳибсга олинган аёлларнинг ҳаммаси ҳижоб кийиб юришда, болаларни номозга ўргатишда ва шариатга амал қилишда, ифтор, исломий тўй ва мусулмонлар байрамларида диний маросимлар уюштиришда айбланишмоқда.
Кейинчалик озод этилган маҳбусаларнинг айтишларича, ҳибсга олинган аёлларнинг ҳаммасини тергов ҳибсхонасининг битта хонасига қамаганлар. Бу ерда улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг таҳқирига дуч келдилар. Муслима аёлларнинг ҳижоблари олиб ташланди, милиционерлар уларнинг баданларини ушлаб ҳақорат қилдилар.
“Биздан ким исломдан дарс бергани, номоз ўқишга ким ўргатганини айтиб беришимизни талаб қилдилар, - дейди қўлга олинган аёллардан бири. Бу аёлни милиционерлар тергов ҳибсхонасидан уйига олти ойлик боласини эмизгани олиб келиб турдилар. – Баъзи аёлларни сўроқ қилаётган пайтда доим устиларидан совуқ сув қуйдилар”.
ЎМҲҲТГ раҳбари Сурат Икрамов мамлакатда муслима аёлларни ҳибсга олиш тенденцияси шаклланганини айтмоқда.
Ўтган йили кузда Тошкенда йигирма еттита муслима аёл Ўзбекистонда тақиқанган “Ҳизбут-Таҳрир” Ислом уйғониш партиясига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди.
Ўша йили олдинроқ Тошкент вилояти Янгийўл ва Чиноз туманларида аёлларни оммавий ҳибсга олишлар амалга оширилди.
Икрамов тақдим этган маълумотга кўра, айни пайтда Ўзбекистон турмаларида турли айбловлар билан уч юз элликка яқин муслима аёллар сақланмоқда.
“Судларда уларнинг айблари исботланмай қоляпти, - дейди ҳуқуқ ҳимоячи. – Сўнгги йилларда диндор аёлларнинг сони ўсиб бораяпти, бу эса расмийларни даҳшатга соляпти. Уларнинг кўпчилигини диндан қайтариш учун кучишлатар тузилмаларига диндор аёлларни ҳибсга олиб турмаларга қамаш топшириғи берилган”, - дейди Сурат Икрамов.
Мусулмонларни таъқиб қилиш амалиёти Ўзбекистонда 1992 йилда бошланган. Ўшанда расмийлар исломий гуруҳлар аъзоларини ҳибсга олиш баҳонасида диндорларга босимни кучайтириб юбордилар. Исломий экстремистларга қарши курашни шиор қилиб олган ҳукумат қўшинлари 2005 йилда Андижондаги халқ қўзғолонини бостирдилар ва пировардида, юзлаб қуролсиз намойиш иштирокчилари ҳалок бўлдилар.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда)