Жаҳон банки Ўзбекистонга кредитлар ажратмоқда
Жаҳон банки Ўзбекистонга кредитлар ажратмоқда
Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси март ойининг бошида Марказий Осиёнинг захираларга бой, аммо қашшоқлашган давлатга ёрдам беришга маълум бир чоралар белгилаб, 2008-2011 йилларга Ўзбекистонга Кўмаклашув стратегиясини тақдим этди.
Кредит пуллари қишлоқ хўжалиги секторида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, бизнес-муҳит, ижтимоий таъминот тизими, соғлиқни сақлаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган икки ёки учта лойиҳага аталган.
Баъзи бир маҳаллий тадбиркорлар ва таҳлилчилар агар банклар бу пуллардан фойдаланиш бўйича қатъий шартлар қўймаса, кредитга аталган пуллар коррупция ботқоғига ботиб қолган мулозимларнинг ҳамёнини бойитишга кетиб қолишидан хавотирдалар.
Ўзбекистондаги банк активларининг 70 фоизини назорат қилувчи давлат банклари халқаро молиявий ташкилотларидан олинадиган займларни бошқариш ва тақсимлашнинг эксклюзив ҳуқуқига эгадирлар.
Андижон вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаётган тадбиркор Сардор Аҳмедовнинг айтишича, Жаҳон банки ажратган кредитлар бутун хусусий секторга фойда келтиришига шубҳа қилмоқда. Унинг тахминича, пуллар қудратли мулозимларнинг ҳомийлиги остида фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллашга кетиб қолади.
“Жаҳон банки томонидан берилаётган кредитларни монополиялаштирган давлат банклари сиз тақдим эта олмайдиан ҳужжатларни ва сиз олдиндан бажара олмайдиган шартларни талаб қиладилар”, - дейди у.
“Ҳар доимгидек, ҳукумат бу кредитларни танланган шикатлар ўртасида тақсимлайдди. Бу захираларни мулозимлар ўзаро тақсимлаб оладилар”, - дея қўшиб қўйди у.
Мамлакат 1991 йили мустақилликка эришганидан бери, Жаҳон банки Ўзбекистонга 630 миллион долларга яқин кредит ажратганди. Икки йил аввал, 2006 йил март ойида банк расмий Тошкентга янги кредитлар беришни тўхтатиши ҳақида эълон қилди. Ўшанда “Рейтерс” агентлигининг репортажида банк ушбу собиқ Совет Иттифоқи республикасида коррупция даражасининг юқорилиги ва ривожланишнинг сезиларли натижалари кўринмаётгани учун шундай қарорга келгани тўғрисида айтилганди.
Бошқа халқаро кредитор – Европа ислоҳот ва тараққиёт банки 2004 йилдаёқ ҳудди шундай сабабларга кўра Ўзбекистонга кредит беришни тўхтатиб қўйганди.
Ўшандан бери яхши томонга ўзгариш кузатилмаган. Коррупцияга қарши курашувчи Transparency International нодавлат ташкилоти ўтган йили Ўзбекистон дунёдаги энг коррупциялашган мамлакатлар қаторидан ўрин олганини ва бу мамлакатда ўтган йилларга нисбатан вазият анча ёмонлашганини қайд этганди.
“Сезиларли ислоҳотлар ўтказишга умуман хоҳиш билдирмаётган Ўзбекистон ҳукумати каби коррупция ботқоғига ботган ҳукуматга бунчалик катта миқдорда кредит беришда жуда катта таваккалчилик бор”, - дея билдирди тошкентлик таҳлилчи Азизбек Расулов.
Расуловга кўра, Жаҳон банки ажратган пулларнинг мулозимлар чўнтагига кетмаганига ишонч ҳосил қилишнинг ягон йўли – Ўзбекистон ҳукумати бу пулларни қандай тақсимлаётганини қатъий мониторингини ўтказишдир.
“Жаҳон банки агар кредитларни тақсимлашда қалбакилик ёки ислоҳотларнинг секинлашуви борасида қандайдир далиллар намоён бўладиган бўлса, молиявий ёрдам бериш тўхтатилади, дея [президент Ислом Каримовнинг] ҳукуматини очиқдан-очиқ огоҳлантириши лозим”, - деди у.
Каримов узоқ йиллар давомида иқтисодиёт устидан ҳукумат назоратини ўрнатиб келиб, бозор ислоҳотларини ўтказишга қаршилик қилиб келган.
Иқтисодчилар расмийларни иқтисодий сиёсатни ўйламай амалга ошираётгани ва натижада Ўзбекистон собиқ Совет Иттифоқининг энг қашшоқ республикалари орасидан жой олгани учун анчадан бери айблаб келмоқдалар.
Жаҳон банкининг 2006 йил бўйича маълумотига кўра, мамлакат аҳолисининг 46 фоизи кунига 2,15 доллар маблағ эвазига кун кечиради.