Путин Ўзбекистонга йўл олмоқда
Путин Ўзбекистонга йўл олмоқда
4 июнь куни Россия раҳбари Владимир Путин Тошкентга расмий ташриф буюради. Ўзбекистон Путин шу баҳор Россия президенти лавозимига сайлангач, у йўл оладиган Марказий Осиёдаги биринчи мамлакатдир. Путиннинг бу ташрифи унинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашиш учун Хитойга бўладиган давлат сафари олдидан бўлаяпти.
Таҳлилчиларнинг айтишича, ташрифлар жадвали Россия ташқи сиёсатидаги янги йўналишга мувофиқ келади, унда постсовет мамлакатларига алоҳида аҳамият берилмоқда, Марказий Осиё эса бунда муҳим геосиёсий ўрин эгаллайди. Тошкентга бўлиб ўтадиган аҳамиятли ташриф Кремлнинг Марказий Осиё минтақасидаги вазиятни “юмшатиш” истагида эканини кўрсатмоқда.
АҚШда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Россия президенти ўзининг илк ташрифини айнан Тошкентдан бошлашига мажбур қилаётган асосий омилларни санайди. Биринчидан, бу яқин келажакда НАТО қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш билан боғлиқ минтақага оид янги хатарларга алоқадордир – бунда қўшинлар олиб чиқиладиган йўллар Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтади.
“Путиннинг вазифаси Каримов юклар транспортировкасига қаршилик кўрсатмаслиги учун унинг ҳовурини пасайтиришдан иборат, - дейди сиёсатшунос. – Ўзбекистон шимолий йўналиш орқали [юклар транзити учун] тарифларни ошириб юборди ва борган сари бунинг учун кўпроқ пул талаб қилаяпти, ғарблик ҳамкорлар [президент Ислом] Каримов билан бу борада ҳечам келиша олмаяптилар”.
Иккинчидан, бу Россия манфаатлари доирасида бўлган мураккаб ўзбек-тожик алоқаларига дахлдордир. Тошкентнинг Ўзбекистон ва сўнг Тожикистон ҳудуди орқали ўтадиган темир йўллари транзитини доимий равишда блокада қилиши сабабли Душанбе ўз эҳтиёжлари учун Россиядан келадиган ускуналарни ололмаяпти. Путин Каримовни юмшатишга уриниб кўради.
“Инжиқ Каримов минтақадаги кескинликни ошираётган нуқтадир, Путин Тошкентга унинг нечоғли муҳим шахс эканини яна бир бор таъкидлаб, иззат-нафсини қондириш учун кетаяпти”.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.