Ўзбекистон: силласи қуриган ҳуқуқ фаоли қамоқдан озод қилинди
Ўзбекистон: силласи қуриган ҳуқуқ фаоли қамоқдан озод қилинди
12 апрель куни расмийлар белгиланган тўққиз йиллик жазодан олти йилини қамоқда ўтказган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлим раҳбари, 45 ёшли Алишер Кароматовни озод қилганлари маълум бўлди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Кароматовнинг озод қилинишига унинг соғлиғи кескин ёмонлашиб бораётгани сабаб бўлганига шубҳа қилмайдилар.
Қамоққа тушишидан аввал Кароматов фермерлар ва ногиронлар ҳимояси билан шуғулланиб келган, 2006 йилнинг июнь ойида унга маҳаллий ҳокимиятлардаги коррупция масаласи бўйича мурожаат қилган фермерлар иши билан шуғулланаётган пайтда у сиёсий сабабларга эга бўлган айбловлар асосида қўлга олинганди.
Кароматовнинг хотини 2011 йил апрель ойида эрини қамоқда бориб кўрганидан сўнг касал ҳуқуқ ҳимоячисининг “жиддий аҳволи” сабабли уни озод қилишда ёрдам беришни сўраб Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил идорасига мурожаат қилганди. Аёлнинг сўзларига кўра, Кароматов ўта озиб кетган, фақат “эт билан суяги” қолган, бутун баданига яра тошиб кетган, ҳуқуқ ҳимоячиси оғзида қон доғлари билан уйғонади.
Хьюман райтс вотч ташкилоти ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, Кароматов суддан олдин тутиб турилган тергов ҳибсхонасида ва қамоқда товонга уриш, беҳуш ҳолга келтириш учун газниқоб билан бўғиш ва қаттиқ совуқда узоқ вақт яланг оёқ туриш каби шафқатсиз муносабат ва қийноқлардан азият чеккан. Колонияда Кароматов сил юқтириб олган ва ундаги бу касаллик тез авж олиб кетган.
2008 йилнинг октябрь ойида Кароматов қамоқ шифохонасига ўтказилиб, у ерда унга иккала ўпкасида ҳам силнинг ривожланган шакли борлигига оид ташхис қўйилган. 2011 йил январь ойидан эса у қайтадан мамлакат жанубидаги Қарши шаҳрида жойлашган УЯ 64/49 колониясига жойлаштирилган.
Хьюман райтс вотчнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов расмийлар Кароматовнинг амнистияга тушиш ҳуқуқини ёки муддатдан аввал озод қилиниш муҳлатини кечиктириш учун уни бир неча бор ички тартибни бузганликда айблашганини билдирди. Масалан, 2008 йил қишида қамоқхона нозирлари Кароматовни кийимсиз аёзга олиб чиқиб, уни ўша ерда 4 соат ушлаб турганларидан сўнг, унга режимни бузганлик тўғрисидаги ҳужжатга қўл қўйдириб олганлари бўйича далиллар мавжуд.
Ўзбекистон виждон тутқунлари ассоциациясининг раҳбари Баҳодир Намозов чалажон ҳуқуқ фаолининг озод қилинишини расмийларнинг маҳбусларга нисбатан давом этаётган ҳадсизлик ва пенитенциар тизимдаги қийноқларга эътибор қаратиш талабига нисбатан ён бериш сифатида баҳолаш керак эмаслигини айтади.
“Агар расмийлар сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва қийноқларни тўхтатиш бўйича кўплаб мурожаатларимиз ва халқаро ҳамжамиятнинг талабларига эътибор берганларида эди, виждон тутқунларининг кўпчилиги озод бўлган бўларди, - дейди Намозов, - расмийлар эса қийноқлар туфайли абгор бўлган ва режимга ҳеч қандай хавф сололмайдиганларнигина озод қилаяпти”.
Намозовнинг маълумотларига кўра, айни пайтда 30 дан зиёд ҳуқуқ фаоли ва журналист қамоқда сақланиб, шафқатсиз қийноқларга дучор қилинаяпти. Улар орасида Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов ва бошқалар бор.
2011 йил ноябрида расмийлар беш йил давомида руҳий хасталиклар шифохонасининг қамоқхона бўлимида сақланган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Жамшид Каримовни озод қилганди, у мазкур жойдан соғлиги ёмонлашиб чиққанди. (Бу ҳақда “Ўзбекистон: руҳий касалликлар шифохонасида сақланган тутқин озод бўлди” [Узбекистан: психиатрический узник на свободе] дея номланган мақолада ўқинг). Ундан бир ой аввал эса қандли диабети авж олиб кетгани сабабли ҳамма тишларидан айрилган ва бўғимларида қаттиқ оғриқлар бошланган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд бўлими раиси Норбой Холжигитов муддатидан аввал қамоқдан озод қилинганди. (Бу ҳақда “Ўзбекистон: ҳуқуқ фаолининг муддатидан аввал қамоқхонадан бўшатилиши” дея номланган мақолада ўқинг).
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.