Ўзбекистон: наркологларга метадон ҳақида гапириш маън қилинган

Ўзбекистон: наркологларга метадон ҳақида гапириш маън қилинган

Ўзбекистондаги тиббиётчилар, улар фикрича, самарали бўлган метадон билан даволашнинг қайта йўлга қўйилиши учун ҳаракат қилаяптилар, бироқ расмийлар “ўзбек зеҳнияти” учун ёт бўлган усулни таъқиқламоқдалар.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг январь ойи бошларида пайдо бўлган махфий циркуляри гиёҳвандларни даволаш билан шуғулланувчи шифокорларни ташвишга солиб қўйди. Бу фармойишда “ўзбек халқи миллий манфаатлари ва зеҳниятига зид” деб эътироф этилган метадонни даволашнинг эҳтимолий усули сифатида “тилга олмаслик” буюрилган.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, фармойиш наркологларга соғлом турмуш тарзи ва “Ғарб томондан” келмаган даволаш усулларини тарғиб қилишни тавсия қилади.

Гарчи гиёҳвандларни даволаш учун метадондан фойдаланиш дастурларини тугатиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистонда 2009 йилдаёқ қабул қилинган бўлса-да, кўп нарколог шифокорлар гиёҳвандлар орасида бундай терапияни қўллашни давом эттириш зарурлиги ҳақида бир неча бор сўзлагандилар. Улар буни метадондан фойдаланиш дастурларининг тўхтатилиши гиёҳвандлар сонининг ошишига сабаб бўлгани, чунки уларнинг кўпчилиги яна героин истеъмол қила бошлаганларини айтиб асослагандилар.

Уч йил давомида ўзбекистонлик наркологлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига гиёҳванд модда ўрнини босувчи терапияни таъқиқлаш тўғрисидаги масалани қайта кўриб чиқиш таклифи билан бир неча маротаба мактуб йўлладилар, аммо вазирликдан жавоб бўлмади. Бироқ шифокорларнинг тавсиялари уларнинг ўзлари учун қимматга тушди.

Исми ошкор этилишини истамаган тошкентлик нарколог Ўзбекистонда беморларни даволаш натижаларига асосланган ҳолда метадон қўллаш дастурларини давом эттириш таклифи битилган мактуби учун ўзига нисбатан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари томонидан босим ўтказилганини қайд этди.

“Менга метадон даволашнинг муқобил усули эканини гапиришни бас қилмасам, оқибати ёмон бўлишини айтиб таҳдид қилишди”, - деди у NBCAга.

Метадон ва бупренорфин гиёҳвандларни даволашда наркотик ўрнини босувчи терапия тизимида ишлатиладиган икки асосий препарат бўлиб, улар кучли наркотикларга бўлган майлни бирмунча вақт сусайтиради ва банг моддасига қарамликнинг секин-аста камайишига хизмат қилади. Ҳар иккала препарат енгил наркотик деб ҳисобланса-да, улар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таснифига кўра, ҳаёт учун муҳим бўлган препаратлар рўйхатига киритилган.

Бундай терапия лойиҳаси Ўзбекистонда 2005 йили бошланган бўлиб, у дастлаб Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги 600 га яқин гиёҳвандни қамраб олганди. Лойиҳа ёпилган 2009 йил бошларида эса бу усул бўйича уч мингдан зиёд киши даволаниб чиққанди.

Мазкур лойиҳанинг 2006 йилдаги иштирокчиларидан бири бўлган тошкентлик Ханифа метадонни йогуртга қориштириб истеъмол қилгани, натижада гиёҳвандларга хос бўлган “синиш”ни (ломка) ҳис қилмаганини айтиб берди. Дастур тугатилганидан сўнг аёл яна героин истеъмол қила бошлаганини айтади.

Ўн олти нафар иштирокчи орасида бўлган самарқандлик Карим метадон лойиҳаси тўхтатилганидан сўнг гиёҳвандлар дуч келган “даҳшатли” оқибатлар ҳақида сўзлаб берди.

“Кўпчилик дозани ошириб юборишдан (передозировкадан) ўлди, чунки улар яна оғир наркотиклар истеъмол қила бошлагандилар”, - деди Карим.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиласи Дилором Набиева гиёҳвандликка мойилликни метадон ёрдамида даволашни номақбул усул, деб ҳисоблайди ҳамда ўрнини босувчи терапияга қўйилган таъқиқни тўғри, деб билади.

“Касалликни даволашнинг бу усули Ислом қадриятларига ҳамда умуминсоний тушунчаларга тўғри келмайди, - дейди Набиева норози оҳангда. – Бемор одамлар лаззат ҳис қилишлари учун уларга наркотик беришни даволаш деб бўлмайди”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
  

Health
Frontline Updates
Support local journalists