Ўзбекистон: Сайловолди кураши бўлади дея кутиш жоизми?
Ўзбекистон: Сайловолди кураши бўлади дея кутиш жоизми?
Ўзбекистондаги сиёсий партиялар жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб 2009 йил 27 декабрь куни ўтказилиши режаланган Олий Мажлис Қонунчилик [қуйи] палатасига сайловларда ўз иштирокларини қўллашга қаратилган имзо йиғиш кампаниясини бошлаб юбордилар.
Маҳаллий сайлов қонунчиликка мувофиқ, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган сиёсий партия бутун мамлакат бўйлаб сайловчиларнинг қирқ минг имзосини тўплаши лозим.
Имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига 2009 йил 18 октябрдан кеч бўлмаган муддатда тақдим этилиши лозим.
Қонунчилик идорасига беш йил муддатга бир юз эллик нафар депутат сайланади. Улардан бир юз ўттиз бештаси сиёсий партияларнинг вакиллари бўлсалар, ўн бештасини Ўзбекистон Экология ҳаракати томонидан кўрсатилади.
Ўзбекистон Экология ҳаракати 2008 йил август ойида “атроф муҳитни асрашда ва экологик вазиятни соғломлаштиришда” жамоатчиликнинг иштирокини фаоллаштириш мақсадида тузилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган тўртта сиёсий партия фаолият юритмоқда. Собиқ Ўзбекистон Коммунистик Партияси ўтган асрнинг 90-чи йиллари бошида ўз номини ўзгартириб Ўзбекистон Халқ-Демократик партиясига (ХДП) айланган, қолган учтаси эса президент Ислом Каримовнинг шахсий ташаббуси билан тузилган.
Булар – “Адолат” Социал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” Миллий-демократик партияси, Ўзбекистон Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Либерал-Демократик партиялари.
Айни пайтда барча сиёсий партиялар ваколат муддати тугамаган Олий Мажлисда ўзларининг вакилларини тақдим этганлар.
Ҳукмдор режимга мухолифатда бўлган “Эрк”, “Бирлик” партиялари ва “Бирдамлик” ҳаракати қувғинга учраб чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлганлар, уларнинг фаолияти Ўзбекистонда тақиқалаб қўйилган, уларнинг ғояларига тарафдор бўлган фуқаролар таъқиб этилмоқдалар.
Мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича раҳбари Дилором Исҳақованинг айтишича, бу аҳволда сайловолди кампанияси давомида сиёсий партиялар ўртасида рақобат бўлиши ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлаверади.
“Бу сайлов эмас, балки, Ислом Каримовга маъқул келадиган одамларнинг танлови бўлиб қолди, - дейди у. – Унинг столи устига ҳар бир номзоднинг шахсий ишини қўядилар ва фақат у кўриб чиқиб маъқуллаганидан кейин номзодни кўрсатиш мумкин бўлади”.
Экспертлар ўзбекистонлик сайловчилар амалда адолатли танлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолаётганидан ташвишдалар. Негаки, асли моҳияти бўйича ҳукуматга тарафдор бўлган мазкур сиёсий партиялар бири-бирига ўхшаш платформаларга асосланган бўлиб, уларнинг ўртасида ҳақиқий рақобат ва чинакам кураш йўқ. Демак, уларнинг сайловчиларга таклиф этадиган ҳеч вақолари ҳам йўқ.
“Сёсий партияларнинг ҳаммаси “чўнтак” партиялари бўлганлари учун, парламентда кўпроқ ўрин эгаллаш учун адолатли кураш олиб бора олмайдилар, - дея суҳбатга қўшилади муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. – Дунёдаги барча мамлакатларда партиялар жамиятнинг қандайдир ижтимоий табақаларига таянадилар, бизнинг партияларда эса бундай таянч нуқталари йўқ. Партиялар ўзларига нима буюрилса, ўшани бажаришга мажбурлар”.
Тошкентдаги NBCAнинг чет эллик шарҳловчиси ҳам 2008 йилда кучга кирган “Сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида” қонуни назарий жиҳатдан сиёсий плюрализм учун база яратган бўлса ҳам, ҳаётда ҳеч нарса ўзгариб қолгани йўқлигини таъкидламоқда. Мамлакатда илгаригидек ҳукуматга тарафдор партиялар устунлик қилаяптилар, сиёсий блокларнинг тузилиши эса кўпинча юқоридан туширилган ташаббус ортидан амалга оширилади.
“Бундай вазиятда улар [партиялар] рақобатга бардош бера олмайдилар”, - деди у.
Бироқ Тошкент Иқтисодий тадқиқотлар марказининг ходими, сиёсатшунос Бахтиёр Эргашев партиявий ўхшашликни мавжуд сиёсий ва ижтимоий вазиятнинг “хусусиятлари” билан изоҳламоқда. Унга кўра, бу аҳвол жуда ҳам қўрқинчли эмас.
“Партиялар ўртасидаги юмшоқ ва ҳар доим ҳам сезиларли бўлмаган кураш турли ижтимоий гуруҳларнинг бир ҳил қадриятлар тизимига таянишини акс эттиради, - дея таъкидлайди таҳлилчи. – Партиялар ички ва ташқи таҳдидлар ва чақириқлар мавжуд бўлган жамиятда фаолият юритмоқдалар”.
Сиёсатшуносга кўра, мамлакатда фаолият юритаётган партиялар бошқа сиёсий институтлар билан ўзаро “конструктив” ҳамкорлик қилмоқдалар ва шунинг учун ҳам уларга қўғирчоқ партиялари деб ном беришлик “объектив” баҳо бўлмас эди.
“Бизнинг партияларимиз кучли, уларнинг ўз дастурлари ва ўзларининг оригинал ва осон танилувчи юзлари бор. Демак, биз олдингига қараганда самаралироқ ва яхши маънода босим қила оладиган парламентга эга бўламиз”, - дея ҳисоблайди Эргашев.
Мамлакатнинг ғарбий қисмида жойлашган Бухоро шаҳар Гуманитар ҳуқуқий марказининг раҳбари Шуҳрат Ғаниев ҳам парламент сайловолди кампанияси бу сафар партиялардан янги ва кутилмаган номзодларни аниқлаб юзага чиқаради дея тахмин қилмоқда.
Кўринишидан, булар қирқ ёши атрофидаги номзодлар бўладилар. Уларнинг шахсияти мамлакатда чинакам мухолифат йўқ бўлган даврда шаклланган, шунинг учун ҳам улар сохта ватанпарварлик руҳида тарбияланган эдилар.
“Жамият бу сафар анча юқорироқ савиядаги, қора ва оқ пиар технологиясини аниқ тушунувчи, сайлов кампанияларини мукаммал даражада ташкил эта оладиган ва эҳтимолки, халқдан янада узоқлашган ва беҳаёликда олдингиларни ҳам ортда қолдирувчи сиёсий истеблишментга рўбаро бўладиганга ўхшайди”, - дея таҳлил қилади Ғаниев.
NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)