Ўзбекистонлик мусулмонлар байрам кунлари итоаткор бўлишлари лозим

Ўзбекистонлик мусулмонлар байрам кунлари итоаткор бўлишлари лозим

Tuesday, 1 September, 2009
1 сентябрь куни уйларидан чиқмаслиги лозимлиги ҳақида огоҳлантирдилар.



Август ойининг охирида республиканинг расмий оммавий ахборот воситалари республика мустақиллигининг ўн саккиз йиллиги арафасида кўплаб жиноятларни фош этиш мақсадида “Тозалаш-Антитеррор” махсус тезкор-профилактик тадбир ўтказилаётгани ҳақида хабар бердилар.



Аммо мустақил манбаларнинг маълум қилишича, “Тозалаш-Антитеррор” махсус операциясини ўтказиш баҳонаси билан мамлакатдаги диндор фуқароларга босим ўтказиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.



Uznews.net веб-ресурси 28 август куни терроризмга қарши кураш доирасида мамлакатда ҳижоб кийиб юришга “норасмий тақиқ” киритилгани ҳақида ёзган эди. Нашрнинг таъкидлашича, “жамият хавфсизлигини таъминлаш мақсадида” муслималарга 3 сентябргача ҳижобларини ечиб қўйиш тавсия этилган.



Олдинроқ, 20 август куни Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ёйинлаган хабарномада мустақиллик байрами арафасида “диндорларни таъқиб этиш кучайгани” ҳақида айтилмоқда.



“Шунингдек, расмийлар байрам бошланишидан ўн кун илгари [шундай айбловлар бўйича] қамалган маҳкумларнинг қариндошларига турмаларда ўтирган яқинлари билан учрашувлар ўтказишга рухсат беришни, судлар эса маҳкама жараёнларини кўришни тўхтатиб қўйдилар”, - дея қайд этади Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи етакчиси Сурат Икрамов.



Икрамовнинг айтишига қараганда, Ўзбекистон махсус хизматлари сўнгги йилларда диний ва сиёсий сабаблар бўйича озодликдан маҳрум этилган маҳбусларнинг қариндошларини, яқинлари ва дўстларини байрамлар арафасида қаттиқ назорат остига олиш амалиётини қўллаб келмоқда.



Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, 20 август куни терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйча бўлим ходимлари Тошкент шаҳарда истиқомат қилувчи Мушарраф Худойбердиеванинг уйига профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида бостириб кирганлар. Худойбердиеванинг эри диний эътиқоди важидан озодликдан маҳрум этилган ва турмада ҳалок бўлган.



“Улар қўполлик билан менга ва болаларимга байрам кунлари кўчага чиқишимни тақиқлаб қўйдилар. Акс ҳолда улар 27 ёшли ўғлимни турмага қамаб қўямиз дея таҳдид қилдилар. Биз доимий қўрқув остида яшаяпмиз”.



30 ёшли бошқа, Маҳфуза исмли муслиманинг эри ҳам диний эътиқоди учун қамоқ жазосини ўтамоқда. Уни ҳам байрам арафасида Тошкент шаҳар Собир Раҳимов туман ички ишлар бўлимига сўроққа чақирдилар.



“Улар мени чақиртириб экстремизмга ҳеч қандай алоқам йўқлиги ҳақида ариза ёзиб беришимни сўрадилар, - дейди ҳаяжонланиб Маҳфуза. – Шундан кейин менга байрам кунлари уйимни тарк этмаслигим лозимлиги ҳақида айтдилар”.



Маҳфуза айнан муқаддас Рамазон ойида мусулмонларга нисбатан шавқатсиз чоралар кўрилаётганидан ташвишда. Ўзбекистонда рўза ойи 21 агуст куни бошланган бўлиб, мусулмонлар ҳар куни рўза тутадилар ва тонг саҳардан то кун ботгунча ўзларини овқат ейиш ва сув ичишдан тиядилар ва кечқурун ифторлик қиладилар.



“Маҳалла фуқаролари йиғини раиси диндорларни чақиртириб, кечқурунлари ифторлик қилиш учун гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўпланмасликлари ҳақида огоҳлантирмоқда”, - дея қайд этади аёл.



Ўзбекистонлик кучишлатар тузилмалари ходимлари мусулмонларга босим ўтказилаётганини инкор этмоқдалар.



“Антитеррор-Тозалаш” операциясининг уларга алоқаси йўқ. Қонунга кўра, бизнинг республикамизда виждон эркинлиги мавжуд, - дейди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг бошлиғи Зоҳид Каримов. – [Операция] мамлакатда нолегал равишда яшаётган ҳамда рўйхатдан ўтказилмаган қурол-аслаҳани топиб аниқлаш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда”.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)





Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists