Елена Бондарь: ўзбек судларини айбсизлик презумпцияси қизиқтирмайди
Елена Бондарь: ўзбек судларини айбсизлик презумпцияси қизиқтирмайди
2012 йилнинг 6 апрель куни Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича суди мустақил журналист Елена Бондарни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик кодексининг 184-моддаси 3-банди – “Миллий, ирқий, этник ва диний адоват қўзғовчи материалларни тайёрлаганлик, сақлаганлик ёки тарқатганлик” бўйича айбдор деб топиб, унга тақрибан 7 миллион сўм (3700 АҚШ доллари) миқдорида жарима тўлашни кўзда тутувчи ҳукм чиқарди.
Судга даъво аризаси келиб тушишига эса Еленанинг 2011 йил сентябрида расмийларнинг Россиядаги Тюмень Давлат университетининг Тошкентдаги бўлимини ёпмоқчи бўлгани тўғрисида материал учун маълумот йиққани ва мақола учун интервью олишга ҳаракат қилгани сабаб бўлган. Орадан бироз вақт ўтгач, ўзбек расмийлари Россия фуқаросининг аризасига биноан журналистни “Ўзбекистон халқига туҳмат қилиш” руҳида интервью тайёрлаганликда айблашди. Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари суд маҳкамаси қўйилмади, Елена Бондарнинг адвокати эса судда журналистнинг айбдорлиги бўйича ҳеч қандай далил келтирилмаганини маълум қилди.
Суддан сўнг News Briefing Central Asia Еленадан Ўзбекистонда журналистлар билан нималар содир бўлаётгани ва сўнгги пайтларда уларга босим кучайиши нималар билан боғлиқлиги ҳақида сўради.
NBCA: Сенинг ишинг, адвокат ва журналистлар айтаётганларидек, айблов далилланмаган биринчи иш эмас. Март ойида Виктор Кримзалов ёзмаган мақоласи учун маъмурий жаримага тортилганди (Бу ҳақда “Ўзбекистон: журналистларни таъқиб қилиш ҳолатлари камаяётгани йўқ” дея номланган мақолада ўқинг). Ўтган йилнинг кузида “ноқонуний тренинглар ўтказгани учун” Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот котиби Леонид Кудрявцев жаримага тортилганди (Бу ҳақда “Ўзбекистон: ҳуқуқ фаоллари расмийларнинг жиддий кузатувида” дея номланган мақолада ўқинг).
Елена Бондарь: Санаб ўтилган ҳолатларда суд ишни адолатли текшириш учун восита эмас, балки журналистлар ва уларни қўллаб-қувватлаётганларни жазолаш учун бир баҳона, холос. Айб ва айблов бармоқлардан сўриб олинган.
Расмийлар нима қилиб бўлса ҳам авторитар тузумни сақлаб қолишни истаяптилар, шунинг учун ҳам ўзгача фикрлилик ва сўз эркинлигига қарши фаол кураш олиб бормоқдалар.
NBCA: Ўзбек расмийлари томонидан айбланаётган журналист ўз айбсизлигини исботлаш учун қандай чоралар кўриши керак?
Бондарь: Бу судларда сенинг айбсизлигинг ҳеч кимни қизиқтирмайди. Сени назорат остидаги судлов институти қўли билан жазолашга уринадилар, барча инстанциялар бўйлаб судраб юрадилар (ҳуқуқ-тартибот идораларида ҳозир бўлиш, давомли терговлар тушунтириш хатлари олиш каби) ва қўйилаётган айбловлар ўз исботини топмаганига қарамай, пировардида кескин ҳукм чиқарадилар.
NBCA: Уйдирилган айбловларга қарши курашиш учун маҳаллий журналистларда қандай воситалар қолди?
Бондарь: Фақат ошкоралик. Булар ҳақда хорижий нашрларга интервьюлар бериш, ёзиш, иш тафсилотларини очиқлаш керак. Бизда бошқа ҳеч қандай механизм йўқ.
NBCA: Март ойида журналистларни депортация қилиш ва уларга босим кўрсатишга оид бир неча воқеа содир бўлди (Бу ҳақда “Ўзбекистон: журналистларни таъқиб қилиш ҳолатлари камаяётгани йўқ” дея номланган мақолада ўқинг). Бу нима билан боғлиқ?
Бондарь: Расмийларда Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеаларни холис ёритувчи барча журналистларнинг номлари киритилган қора рўйхат бор. Вақти-вақти билан турли йўллар воситасида бу журналистларнинг овозини ўчириб турадилар. Мен март ойидаги воқеаларни журналистлар сафларини тозалаш бўйича ўтказилган навбатдаги кампания, деб ўйлайман.
NBCA: Журналистларга қарши даъво аризаларига уларнинг муаммолари билан шуғулланиши ва уларга қўллов кўрсатиши керак бўлган медиа-ташкилотлар қандай муносабат билдирмоқдалар?
Бондарь: Ўзбекистонда журналистлик касбини чинакам моҳиятини тушунган ҳолда, журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қиладиган бирор қўмита, ҳамжамият йўқ. Гарчи [оммавий ахборот воситаларини цензура қилиш билан шуғулланувчи - изоҳ] Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қошида Ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари бўлса-да, улар сўзсиз ҳукмрон режимни қўллаб-қувватлайдилар.
Журналистларнинг таъқиб этилиши, уларга қарши жиноий ва маъмурий ишлар қўзғатилишига биринчи бўлиб асосан мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ўз муносабатларини билдирадилар. Улар баёнотлар тарқатадилар, содир бўлган воқеанинг очиқланишида кўмак кўрсатадилар, бу эса бизга ўз муаммоимиз билан яккама-якка қолмаслигимизда ёрдам беради.
NBCA: Бу даъводан кейин қандай ишламоқчисан? Бундан буён эҳтиёткорроқ бўласанми?
Бондарь: Мен жуда кучли стрессни бошдан кечирдим, бироқ бу суд даъвоси мен учун сабоқ бўлди, ахир расмийлар журналистни оғзини юмиш учун кейинги сафар унинг қайси манбасидан фойдаланиши мумкинлигини олдиндан билиб бўлмайди-ку. Шахсан менда, Ўзбекистонда ишлай туриб, одам ўзини бундай хатти-ҳаракатлардан қандай сақлаши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввур йўқ.
Бизнинг мамлакатда журналист учун эҳтиёткор бўлиш, менимча, расмийларнинг ёки шу расмийлар ҳомийлиги остида бўлган алоҳида шахсларнинг манфаатига дахл қилмайдиган материалларни ёзишда акс этади. Эҳтиёткор бўлиш - мамлакатимизда бўлган адолатсизлик ва халқ норозилиги ҳақида ёзмаслик демакдир. Яъни эҳтиёткор бўлсанг, журналист бўлолмай қоласан. Аммо бу менга тўғри келмайди.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.