Ўзбекистон расмийлари интернетдан фойдаланиш ошгани боис тинчини йўқотдилар

Ўзбекистон расмийлари интернетдан фойдаланиш ошгани боис тинчини йўқотдилар

Thursday, 1 September, 2011


Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш имкониятига эга ёшлар сонининг кескин ошгани расмийларни ташвишга солиб, уларни шунга мувофиқ равишда чоралар кўришга мажбур қилди.

Август ойи ўрталарида CA-News веб-сайтида келтирилган маълумотлар Ўзбекистонда Facebook тармоғидан фойдаланувчилар сони 82 000 ошганини кўрсатади. Ўтган ярим йил ичида ўсиш кўрсаткичи 33 фоизни ташкил қилди. Шу тариқа, Марказий Осиёда Ўзбекистон Facebook тармоғидан фойдаланувчилар сони бўйича Қозоғистондан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Жаҳон стандартларига нисбатан олиб қаралганда, раҳбарлари аҳолини хориждан келаётган маълумотдан узиб қўйишга ҳаракат қилаётган мамлакатда интернетдан фойдаланиш имконияти ҳали-ҳамон пастлигича қолмоқда.

IWPRнинг Ўзбекистондаги манбалари Facebook, Twitter, Skype ва ICQ, шунингдек, odnoklassniki.ru ва vkontakte.ru каби машҳур русзабон сайтларга бўлган қизиқиш бирданига ошиб кетганини тасдиқламоқдалар.

“Дўстларимнинг кўпчилиги бу йил турли сайтлар бўйлаб сайр қила бошладилар, бу эса бизда тобора оммалашиб бораётган ижтимоий тармоқларнинг асосий мақсади бўлиб ҳисобланади, - дейди Тошкентдаги университетларнинг бирида таҳсил олаётган ва исми ошкор этилмаслигини сўраган талабалардан бири. – Уяли телефони бўлган ҳамма ёшларнинг қарийб барчаси Интернетдан фойдаланади. Ўз фикрларини ифодалашга уринаётган ёшлар учун Facebookда ўз саҳифасига эга бўлиш одатий ҳол ҳисобланади”.

Бошқа мамлакатларда бўлгани каби бу ерда ҳам фойдаланувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилади. Баъзилар интернетдан Ўзбекистон ва халқаро воқеалар ҳақида кучли цензура остида бўлган маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали олишнинг имкони бўлмаган янгиликларни қидирадилар. Расмийлар 2005 йили Андижонда содир бўлган воқеалардан сўнг блокировка қилинган ВВС ва Deutsche Welle каби хорижий сайтларни доимий равишда тўсиб туришга ҳаракат қиладилар. (Бу ҳақда “Ўзбекистондаги кибер цензура” дея номланган мақолада ўқинг.) 

Интернет кучидан аниқ асабийлашган Ўзбекистон ҳукумати блокировка қилинган сайтларнинг яширин рўйхатига New York Times, The Financial Times ва Россиянинг бир қатор газета манбаларини қўшиш орқали янада қаттиқ чекловлар ўрнатди. Қизиғи шундаки, 9 август куни UzReport.com ва UzDaily.uz каби ҳукуматпараст сайтлар ҳам блокировка қилинган.

Август ойи бошида ҳукумат оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет устидан янада қаттиқ мониторинг ўрнатиш бўйича директива чиқарди. Йўриқнома мамлакатнинг миллий манфаати ёки Ўзбекистон тарихи ва анъаналарига зид келувчи дея ҳисобланган маълумотни блокировка қилиш усулларини топиш учун махсус ваколатлар беради. Афтидан, расмийларга ёқмайдиган барча мақолалар шунинг ичига киради.

Жорий йилда давлат ўрнатган интернет чекловлари тўлқинсимон шаклда бўлди. Биринчи тўлқин араб дунёсида февраль ойида содир бўлган ғалаёнларга тўғри келди. (Бу ҳақда “Ўзбекистон: ижтимоий тармоқлар махсус хизматлар нишонида” дея номланган мақолада ўқинг.) Facebook каби ижтимоий тармоқлар тўлалигича блокировка қилингани йўқ, аммо ўзбек фойдаланувчиларининг Миср, Тунис, Баҳрайн ва Ливиядан бўлган янгиликлар ва шарҳларини ўқишнинг имкони бўлмай қолди. Мустабид режимларга қарши кўтарилаётган инқилобий ҳаракатларни муҳокама қилиш жудаям муҳмал бўлиб қолди.

Расмийлар Ўзбекистон ичида фуқаровий бўйсунмаслик ҳаракатини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилаётган хориждаги янги мухолиф куч тўғрисида мақолалар чоп қилинган май ойида янада қаттиқроқ хавотирга тушиб қолдилар. (Бу ҳақда “Ўзбекистон: хориждаги мухолифатнинг таъсис қурултойи” дея номланган мақолада ўқинг.) 

Июнь ойида президент Ислом Каримов интернетда “бузғунчи кучлар” борлигидан огоҳлантирди, июль ойида эса парламентнинг ахборот ва алоқа технологиялари бўйича қўмитасига раҳбарлик қилаётган Абдурашид Жўрабоев Ўзбекистонга қарши олиб борилаётган “фаол ахборот уруши”га аниқлик киритди.

“Интернет бизнинг давлат, ҳукумат ва ҳатто президентга қарши қаратилган провокацион маълумотлар билан тўлиб кетган, - деди Жўрабоев. – Булар бизнинг ютуқларимизни қоралаётган деструктив кучлар, провокаторлардир. Уларга қарши режа асосида кураш олиб борилиши керак”. (Бу ҳақда “Ўзбекистон: Интернет “бузғунчи куч” ўлароқ эътироф этилди” дея номланган мақолада ўқинг). 

Май ойида расмийлар мактаб ўқувчиларининг соат 8.30 ва кечки соат етти оралиғида Тошкентдаги интернет-кафеларга киришларини маън қилиш орқали ёшларнинг интернетдан фойдаланиш имкониятларини чеклашга ҳаракат қилдилар. Онлайн-ўйинлар мактаб ўқувчиларининг дарсларни ўзлаштиришини пасайтириб юбораётгани бунга расмий сабаб ўлароқ кўрсатилди.

Бироқ бу чоралар ташқи дунё билан алоқада қолишни истовчиларга тўсиқ бўлиш учун етарли эмас. Интернетдан фойдаланувчиларнинг кўпчилиги чекловларга чап бериш учун ишлаб чиқилган аноним прокси-серверлар ва бошқа дастурларни қўллашни билади.

Эҳтимол, айрим амалдорлар интернетни чеклаб бўлмаслигини англаётгандир.

“Улар бундан хавотирланаяптилар ва асабийлашаяптилар, - дейди Тошкентда қолган бир неча мустақил журналистлардан бири. – Бу асабийлик бир нечагина сайтларни блокировка қилиш ва “бизнинг душманларга қарши онлайн-урушлар”га олиб келади. Аммо бу урунишларнинг бирортаси ҳам иш бермаяпти”.

Мухбир қуйидагиларни ҳам қўшимча қилди: “Интернетдан, айниқса мобил интернетдан фойдаланишни маън қилиш моҳиятан сизнинг ўз ёш авлодингиз билан уруш олиб бораётганингизни англатади. Интернетдан фойдаланувчиларнинг кўпчилиги жуда ақлли, шунинг учун ҳам ҳукуматнинг режалари унинг ўзига қарши ишлай бошлаши мумкин. Баъзи расмийлар эса ҳозир ёш авлоднинг қўлловини бой бериш каби таваккалчиликка бора олмасликларини ўйламоқдалар”.

Фарангиз Файз муҳаррир сифатида IWPRнинг Лондондаги қароргоҳида амалиёт ўтаган.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

 

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists