Россия “Иваново ўзбеклари”га сиёсий бошпана беришни рад этди
Россия “Иваново ўзбеклари”га сиёсий бошпана беришни рад этди
Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2007 йилнинг 31 май куни Иваново шаҳрида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик 13 фуқарога Россия ҳудудида вақтинча бошпана беришни рад этиш юзасидан огоҳлантириш хати топширилгани тўғрисида хабар тарқатган.
“Иваново ўзбеклари” 2005 йилнинг июнь ойида Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олингандилар.
2005 йилнинг 13 май куни ҳукумат қўшинлари Андижондаги намойишчиларга қарата ўт очгандилар. Расмийлар норозилик билдирувчиларнинг аксарияти террорчилик гуруҳларига алоқадор бўлганлигини, уларнинг конституцион тузум яхлитлигига тажовуз қилганлигини таъкидламоқдалар. Бошқа маълумотларга кўра, Андижон аҳли маҳаллий тадбиркорларнинг бир нечтасига нисбатан адолатли судлов бўлишини талаб қилганлар, норозилик намойишининг аёвсиз бостирилиши эса юзлаб бегуноҳ кишиларнинг қурбон бўлишига олиб келган.
Март ойи бошида Иваново шаҳрида бўлиб ўтган суд белгиланган муддат тугаганлиги важидан ўн икки ўзбекистонликни ҳибсдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилганди. 2006 йил ёзида БМТ томонидан бу маҳбусларга қочоқ мақоми берилганига қарамасдан, уларни Ўзбекистонга топшириб юбормоқчи бўлганлар. Бироқ “Иваново ўзбеклари” иши Европа инсон ҳуқуқлари судида кўриб чиқилаётгани сабабли экстрадиция тўхтатилган.
NBCA шарҳловчилари Россиянинг муваққат бошпана беришни рад этишини унинг Ўзбекистондаги ўз сиёсий ва иқтисодий манфаатлари борасида таваккалчилик қилишни истамаётганидан далолат беради, деб ҳисоблайдилар.
“Агар Россия бошқа давлатнинг бир неча фуқаросини чиқариб юбориш эвазига кўпроқ нарсага, масалан, газ конлари, ҳарбий базаларга эга бўлса, бу иш у учун чўт эмас”, - дея таъкидлайди Юнус Собиров.
NBCA кузатувчиси Алишер Афзал ҳам Ўзбекистон учун сиёсий жиҳатдан муҳим бўлган “Иваново ўзбеклари” ишида, ҳуқуқ ҳимоячиларининг далил-дастакларига қарамай, Россия давлатчилик позициясини эгаллашини тахмин қилса бўлади, деб ҳисоблайди.
“Россия учун геосиёсий хавфсизлик муҳим, ҳар жиҳатдан қизиқарли бўлган минтақанинг ҳар доим унга нисбатан хайрихоҳ бўлиши муҳимдир. Бунинг учун эса Россия ҳам ўз қўшнисига нисбатан шунга яраша [хайрихоҳлик билан] жавоб бериши керак”, - дея таъкидлайди Алишер Афзал.
Ҳуқуқшунос эксперт Рустам Набиев Россия “Иваново ўзбеклари”га муваққат бошпана беришдан бош тортаркан, “одамлар ҳаётини жиддий хавф остига қўяётганини тўла англайди” ва [бу мамлакат] инсон ҳақлари бузилган тақдирда учинчи мамлакатларнинг аралашишига ҳуқуқ берувчи, 1999 йилда имзоланган Истанбул шартномаси шартларини бузаяпти.
“Истанбулда инсон ҳақлари алоҳида олинган давлатнинг ички иши бўлиб ҳисобланмаслиги ҳамда учинчи давлат бунга аралашишга ҳақли экани тўғрисида шартнома имзоланган. Ўзбекистон билан Россия ҳам бу шартномада иштирок этган, шу важдан ҳам жаҳон ҳамжамиятида бу ишга аралашиб, бу одамларни [экстрадиция қилинишдан] сақлаб қолиш имконияти бор”, деб ҳисоблайди Набиев.
(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади)