Ўзбекистон сармоядорларни ҳимоялаш ғамини еяпти

Ўзбекистон сармоядорларни ҳимоялаш ғамини еяпти

Thursday, 5 July, 2007
, деб ҳисоблайдилар NBCA шарҳловчилари.



Июнь ойи охирида Олий Мажлиснинг Сенат Кенгаши мамлакатда инвестицион иқлимни янада яхшилаш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқиш мақсадида мажлис ўтказган.



Гарчи мажлис чоғида мамлакатдаги инвестицион иқлим қулай экани ҳақида хулоса қилинган бўлса-да, Кенгаш аъзолари чет эллик сармоядорларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кафолатларини муҳокама қилганлар ва чет эл сармоялари тўғрисидаги қонунчиликни унификация қилиш зарурлигини таъкидлаганлар.



Мамлакатнинг минтақа марказида жойлашгани, бу ердаги аграр имкониятларнинг катталиги, нисбатан ривожланган транспорт йўллари ва энергетик инфратузилманинг мавжудлиги ҳамда минтақадаги энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган давлат экани Ўзбекистонни ташқи сармоялар учун жозиб мамлакатга айлантиради.



Бироқ тошкентлик мустақил иқтисодчи Динара Дийқанова “кенг кўламда қулоч ёйган коррупция ва сиёсий истиқрорсизлик туфайли” Ўзбекистон инвестицион иқлими постсовет ҳудудида энг ғайрижозиб инвестицион иқлимлардан бири бўлиб қолмоқда, деб ҳисоблайди.



Эксперт 2006 йил охиридаги энг шов-шувли ишлар ҳақида эслатади, ўшанда ўзбекистонлик расмийлар икки йирик сармоядорни - олтин қазиб олиш билан шуғулланувчи Британиянинг Oxus Gold Mining ва Американинг Newmont Mining Corporation ширкатларини солиқлар тўлашдан бўйин товлаганликда айблагандилар.



“Гарчи Oxus Gold Mining билан боғлиқ ишда суд ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўйилмагани ҳақида қарор чиқарган бўлса-да, бу иш ширкатнинг ўзбекистонлик дасти дароз тадбиркорларга ўз акцияларининг бир қисмини сотишга мажбур бўлганидан кейин содир бўлганди. Zarafshоn-Newmont эса [Американинг Newmont Mining Corporation ширкати иштирокида тузилган ширкат] мутлақо сиёсий сабабларга кўра “банкрот” дея эълон қилинганди”, - дейди у.



Қонун чиқарувчиларнинг сармоялар учун шароитни яхшилаш юзасидан шу кундаги ғамхўрлиги Ғарбдан четлашиб қолган Ўзбекистоннинг бугунги кундаги асосий ҳамкорлари – Россия, Жанубий Корея ва Хитой томонидан қўйилаётган талаблардан келиб чиққандир, дея қўшимча қилади Дийқанова.



Тошкент Давлат молия институтининг ўз номи ошкор этилмаслиги шарти билан NBCAга интервью берган ходими бу борада бошқачароқ нуқтаи назарни илгари суради.



Экспертнинг таъкидлашича, ўзбекистонлик расмийлар чет эллик сармоядорларни, шу жумладан, ғарблик сармоядорларни жалб қилиш учун сезиларли даражада ён беришга тайёрлар.



Ўтган 2006 йил, экспертнинг билдиришича, мамлакатга бевосита чет эл сармоялари келиши кўрсаткичлари бўйича энг ёмон йил бўлиб, бу, энг аввало, чет эллик тадбиркорларнинг “инвестицион ишончи” пасайгани туфайли содир бўлган.



Унга кўра, қонунчиликни жўнлаштириш мавжуд вазиятни ўзгартириш йўлларидан биридир. Шунингдек, бу халқаро молиявий институтлар ва чет эллик сармоядорларнинг асосий талабларидан ҳам бири бўлиб ҳисобланади.



“Чет эллик тадбиркорлар бу найрангга лаққа тушадиларми-йўқми, мамлакат ҳақида пайдо бўлган тасаввурни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистонга яна бир марта сармоя ётқизиш юзасидан таваккал қиладиларми-йўқми – бу энди бошқа масала”, - дейди эксперт.



(NBCA бутун минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists